Халқим, халқим деб ҳалқумига ураётганлар
Бухорода 7 қаватли бинонинг 8-қаватидан уй сотган қурувчи аниқланди. Маълум бўлишича, “Н.А.” МЧЖга шаҳар ҳудудидан кўп хонадонли 7 қаватли турар жой биносини қуришга рухсат берилган бўлса-да, корхона раҳбари Ў.Қ. ҳеч қандай ҳужжатларсиз турар жой биносига қўшимча 8-қаватни қуриб, фуқароларга сотган. У ушбу хонадонларни мижозлар номига расмийлаштириб бўлмаслигини билиб туриб, 6 нафар фуқаронинг 838,6 млн сўм ва 14 400 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганлиги аниқланган.
Бу каби хабарлардан ажабланмай қўйдик очиғи. Мендан кетгунча, эгасига етгунча қилиб қурилган уйларни санасак, саноғи тугамайди.
Оддий бир мисол, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Қурилиш соҳасида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази томонидан соҳавий қурилиш-пудрат ташкилотлари рейтинги ўлчовлари тузилди. Унда Ўзбекистонда атиги 1 та қурилиш компанияси ишончли деб топилган.
Ишончлилик даражасига кўра, рейтинг “А дан Д” гача тўрт тоифага, шунингдек, ҳар бир тоифа ҳам ўз ўрнида 3 даражага бўлинган. Рўйхатдан жами 17 647 та қурилиш корхонаси ўрин олган. Рейтингга кўра, энг ишончли компания сифатида фақат биттаси “А” тоифанинг 3-даражасидан ўрин олган. Бироқ тоифанинг энг юқори – 1- ва 2-даражаларига ҳеч бир компания лойиқ кўрилмаган. “Б” тоифадан 259 та, “С” тоифадан 2 719 та, энг қуйи даража – “Д” тоифадан эса 14 668 та компания ўрин олган.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги берган маълумотларга кўра, Шаҳарсозлик кодексининг 5-боб 26-моддасида қурилишни назорат қилишда функционал мажбуриятлар белгилаб қўйилган. Бунда шаҳарсозлик фаолияти субектлари томонидан қурилишга тайёргарлик кўриш ва шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳамда қурилиш-монтаж, ишга тушириш, созлаш ишларини бажариш қатъий назорат қилинади. Объектларни қуриш чоғида қурилиш устидан давлат назорати, буюртмачининг техник назорати, ишлаб чиқувчининг муаллифлик назорати ва пудратчининг ички назорати бўлиши талаб этилади.
Қонунларда ёзилишича, янги бино қурилиши тўрт томонлама қатъий назорат қилинар экан. Лекин сал шамол бўлса, томи учиб кетадиган, дераза токчалари тушиб кетадиган, деворларда ёриқлар, ёмғир ёғса, чакки ўтадиган, шифтлари кўчиб кетадиган уйлар қаердан келиб қоляпти? Бухорода бўлиб ўтган табиий офатда неча асрлар олдин, челакда арқон билан лой ташиб қурилган тарихий бинолар қолиб, “кеча“ қурилган “намунавий“ уйлар аҳволини эсланг. Жиззахда қулаб тушган кўп қаватли бино-чи? Қурилишига икки йил ҳам бўлмаган кўп қаватли уйларнинг ертўласи нима сабабдан канализация сувига тўлиб қоляпти? Кимдир зиён кўрмаса бўлди, бу каби хабарларни ўқийвериб, таъсирланмайдиган бўлиб кетганмиз. Барибир фойдаси йўқ, халқим, халқим деб ҳалқумига ураётганларга ҳеч қачон инсоф бермайди.
Қонунчилигимизда қурилиш ишларида сифатга кафолат бериш ҳамда улар лозим даражада бажарилмаган тақдирда пудратчининг жавобгарлиги ҳам белгилаб қўйилган. Лекин тинч замонларда ҳам тўкилиб тушаётган уйлар учун бирорта пудратчининг жазоланганини, уйлар сифати яхшиланганини эшитмадик. Аксинча, соҳадаги коррупция, тендерларда непотизм ҳолатлари йилдан-йилга ортиб бормоқда.
2018-2019 йилларда қурилиш соҳасида 142 миллиард сўм талон-торож қилинган, қурилишга оид масалаларни ҳал этиш эвазига 1,6 миллиард сўм ва қарийб 1 миллион доллар пора олинган. 2020-2021 йилларда 1 минг 233 нафар шахс қурилишда коррупцияга йўл қўйиб, жавобгарликка тортилган. 2022 йилда 6102 та ноқонуний қурилишлар аниқланган. Қурилиш-монтаж ишлари тугалланган бино ва иншоотлардан фойдаланишга рухсат бериш бўйича 16 576 та мурожаатдан 11 162 та объектнинг қурилиш ишлари белгиланган нормаларга тўғри келмаслиги боис рад этилган.
Демак, янги қурилган биноларнинг 80 фоизга яқини талабларга жавоб бермаган. Отнинг калласидай нархга, неча йиллаб йиққан пулига шу уйларни олаётган одамлар эса кимга мурожаат қилишни билмайди. Шунча ўрганишлару танқидлардан кейин ҳам аҳвол яхшиланмаяпти, гўёки буларнинг ортида қандайдир кўринмас куч бордай.
Минг афсуски, агар биргина 2022 йил натижаларига кўра хулоса қилинадиган бўлса, шунча огоҳлантиришларга қарамай, инсон ҳаёти учун хавфли бўлган қурилишлар, қўшиб ёзишлар, ўғирликлар давом этмоқда. Объектларда малакали қурувчилар эмас, арзон ишчи кучи бўлган ёлланма мардикорлар ишламоқда. Уларни эса ҳеч ким малакасини оширишни етти ухлаб тушида ҳам кўрмайди. Яна ачинарлиси, тизимда коррупция шунчаки ижтимоий норма эмас, балки одамлар ҳаётига зомин бўлаётган “махлуқ”қа айланиб бормоқда.
Таклиф ўрнида айтиш мумкинки, рейтингнинг ўзи кифоя эмас, балки белгиланган нормаларга зид қурилишга йўл қўйган қурувчи ташкилот раҳбарларининг танобини тортиб қўйиш керак. Қурилиш соҳасидаги бундай ноқононуний ёндашув ҳам халққа, ҳам сиёсатга хиёнат даражасига тенглаштирилиб, жазога тортилмас экан, кўп йиллар бунинг азобида қовурилиб яшашимизга тўғри келади.
Эслатиб ўтамиз: Тошкент вилоятидаги мактабнинг пойдевори чўкиб, деворлари ёрилиб кетгани маълум бўлганди.
Пойтахтда қурилган «новостройка»лардан бирининг сифатсизлиги исботини топган.
Шаҳруза САЪДУЛЛО қизи