Арзимаган, кам аҳамиятли қоидабузарлик учун оғир жазо берилишига йўл қўйилмайди – Янгиланаётган Конституция
“Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш – давлатнинг олий мақсадидир” – айни пайтда депутатлар муҳокама қилаётган Конституция лойиҳасида ана шундай норма белгиланмоқда. Ушбу мақсадга эришиш учун, лойиҳада инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги, давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши керак.
Ушбу норма бўйича берилган изоҳга кўра, энди агар давлат бирон бир харакат учун жарима, ёки бошқа ҳуқуқий таъсир чорасини белгиламоқчи бўлса, мазкур принципга амал қилади, яъни арзимаган, кам аҳамиятли қоидабузарлик учун унинг жамият учун хавфлилик даражасига мутаносиб бўлмаган оғир жазо чорасини белгилай олмайди. Айтиш жоизки, ушбу қоида асосида амалдаги ҳуқуқий таъсир чоралари ҳам қайта кўриб чиқилади.
Бу нимадан далолат? Муҳокамалар жараёнида тушунтирилишича, ушбу норма маъқулланса, инсоннинг давлат органлари билан ўзаро муносабатларда юзага келадиган қонунчиликдаги ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилинади. Бу жуда катта кафолат!
Жаҳонгир ШИРИНОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси:
– Масалан, айтайлик солиқ қонунчилигида бир бирига номувофиқ бўлган нормалар вужудга келди. Бундай номувофиқликни, табиийки, солиқ органи давлат фойдасига, фуқаро эса ўз фойдасига талқин қилишни хоҳлайди. Конституцияга киритилаётган мазкур кафолат эса, бундай баҳсга нуқта қўяди ва номувофиқликлар давлатга эмас, балки инсон фойдасига ҳал этилади, деб қатъий белгилайди.