platina.uz
Жамият

Газеталарнинг ўз ёғига ўзи қовурилиб, ёлғизланиб қолишига ким ёки нима сабаб?

Газеталарнинг ўз ёғига ўзи қовурилиб, ёлғизланиб қолишига ким ёки нима сабаб?
Одамларнинг ҳаётига хавф туғдириши мумкин бўлган ҳар қандай вазиятдан инсонларни хабардор қилиш бугун ОАВ ходимларининг асосий вазифасига айланаяпти. Лекин бу функцияни газета ва журналлар қанчалик тўлиқ бажараяпти, деган савол ўртага ташланади. MY5 телеканали тайёрлаган лавҳада ана шу саволга жавоб изланган. Тўғри, асосан обуна ҳақида гап кетганда, экспертлар “Мажбурий обунани йўқ қилиш керак эмас эди” деган хулосани беришган. Ундан ташқари “Бугун матбуотда айрим ОАВда эълон қилинмайдиган, яхшигина журъатни талаб қиладиган материаллар берилаяпти” дегувчилар ҳам бор. Ҳатто баъзи ижодкорлар эса ҳомий муассасалардан хафалигини маълум қилишган. Шу ўринда яна бир ҳақли савол: нима учун матбуот ёлғизланиб қолаяпти? Бугунги кунда 1 500 номдаги газета ва журналлар чоп этилади. Уларнинг ўртача йиллик обуна нархи 300 минг сўмдан 1,5 миллион сўмгача. Лекин шунда ҳам одамлар деярли газета ушламай қўйишди. Ижтимоий тармоқларнинг тараққий этиши ҳам матбуотга бўлган эътиборнинг сусайишига олиб келди. Аммо ижтимоий тармоқ матбуотчалик кишиларнинг саводини чиқара оладими? “Матбуот нашрлари керак. Ҳам савод учун, ҳам дунёқараш учун керак”,  дейди ЎзДЖУ Халқаро журналистика факультети декани Амрулла КАРИМОВ. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Олим ТОШБОЕВнинг сўзларига кўра, гўёки айрим раҳбарлар ўзларини янгича фикрлаётган каби кўрсатиб газета керак эмас, деган фикрни билдираётган бўлса, улар жамиятнинг, халқнинг душмани. “Шундай қилинса Тамомила бир саводсиз авлод пайдо бўлади” дейди Олим ТОШБОЕВ. Ўтган асрнинг  90-йилларида ва жорий аср бошида миллионлаб нусхаларда чоп этилган газета ва журналлар бугун 2,3 ёки 10 минг нусхада чоп этилмоқда. Мавзулар зерикарли дейдиганлар топилади. Аслида-чи? “ХХI аср”, “Ишонч”, “Маърифат”, “Ёшлар овози”, “Оила ва табиат”, “Миллий тикланиш” сингари газеталарда телерадиоканалларимизда берилмаётган мавзулар кўтарилган. Шунинг учун матбуотга баҳо беришда жуда эҳтиёт бўлишимиз керак” дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Олим ТОШБОЕВ. Журналист Абубакр ЎРАЗОВнинг фикрича, газета, журнал ўқувчилари газетадан тезкор хабарларни қидирмайди. Таҳлилий, танқидий материалларнинг ўқишга қизиқишади. Шунингдек, босма нашрлар бўйича мажбурий обунага қараш салбий. Ижодкорлар 1,5 миллион сўмдан 7 миллион сўмгача маош олаётган бир пайтда нашрлар харажатларни қандай қоплаяпти? Устига-устак, давлат нашрларида муассислар билан муносабатларда муаммолар кўпаймоқда. Бизда “Мажбурий обуна” деган тушунчани йўқ қилиш керак эмас эди. Мобил версияга эга бўлган матбуот, электрон матбуот версияга эга бўлган давлатларда ҳам босма нашрлар, газеталар, журналлар мунтазам чоп қилинаяпти. Бир неча юз минг нусхаларда кунига икки маротаба нашр қилинадиган газеталари бор давлатлар жуда кўп. Лекин негадир бу ҳақида гапиришмайди. Матбуот бугун ўзининг ёғига ўзи қовурилиб қолди” демоқда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Олим ТОШБОЕВ. “Қишлоқ ҳаёти” газетаси бош муҳаррири Чори ЛАТИПОВ сўзларига кўра, обуна мавсуми бошланиб қолса, обунани ташкил этиш, унинг ҳисоботини олиб бориш жамиятга қарши ҳаракат, деб баҳоланадиган бўлиб қолди. “Муассислардан кўп ҳам биз эътибор кўрмаяпмиз. Газетада чиққан мақолаларга нисбатан муносабат  бўлса, кўтарилаётган муаммоларни ўрганишса, ўринли бўларди. Бу ўз ўрнида журналистиканинг кучини ҳам белгилайди. Масалан, биз берилган муаммоларни  хат қилиб чиқарардик. Баъзиларига жавоб олмаганмиз” дейди “Маърифат” газетаси ходими Зилола МАДАТОВА. “Биз ўша обуна деган нарсадан чўчиб қолганмиз. Ҳеч бўлмаса электрон вариантини яратиш ҳақидаги Президентимизнинг қарорини кўрсатиб, қайд этиб бир эмас, ҳатто 10 лаб муассасаларга мурожаат қилдик. Бизга энг алам қиладигани ўша муассасалардан “Биз ҳомийлик қила олмаймиз” деган жавоб келгани. Матбуот чин маънода жамиятга кўзгу тутадиган эркин сўз, эркин фикр учун минбарга айланиши керак. Бунда бироз қадди букилган ва эътиборсиз қолаётган газета ва журналлар ҳақида ким бош қотиради? Дилобар АСЛИДДИН қизи
Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid