platina.uz
Таҳлил

Тожикистонда 10 марта зилзила бўлди. Унинг Ўзбекистонга таъсири қандай?

Тожикистонда 10 марта зилзила бўлди. Унинг Ўзбекистонга таъсири қандай?
Феврал ойи бошида Туркия ва Сурияда кузатилган ер силкинишидан кейин Афғонистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ҳудудида ҳам зилзила содир бўлмоқда. Ўзбекистон ҳам бундан мустасно эмас. Айниқса Тожикистон ҳудудларида бугуннинг ўзида такрор ва такрор кузатилаётган ер силкиниши кўпчиликни бироз хавотирга сола бошлаган бўлиши шубҳасиз. Негаки Сейсмопрогностик мониторинг Республика маркази хабарига кўра бугун тонгдан бошлаб шу соатга қадар Тожикистонда 10 бор ер силкиниши қайд этилган. Бугун тонгда Тошкент вақти билан 5:37 да Тожикистонда содир бўлган  5,8 магнитудали зилзила эса Ўзбекистоннинг деярли барча ҳудудларида сезилган. Шунингдек, Тожикистонда Тошкент вақти билан соат 16.24 да кузатилган бугунги куннинг шу вақтга қадар ҳисоби бўйича 10-зилзиланинг магнитудаси 5  ни ташкил этди. Шу боис бу борада мутахассислар фикрига қизиқдик.
Воҳидхон ИСМОИЛОВ, Сейсмология институти профессори:Марказий Осиёда ҳам, Ўзбекистонда ҳам доимо бу сингари кучсиз зилзилалар содир бўлиб туради. Қирғизистонда бўлган 4.5 магнитудали зилзила ҳам кучсиз ҳисобланади. Бунақа ер силкинишлари Ўзбекистон ҳудудида ҳафтасига 4-5 маротаба бўлиб туради. Яъни 5 магнитудагача бўлган зилзилалар кучсиз ҳисобланади. 5 магнитудан юқориси кучли зилзила ҳисобланади. Кучли зилзилаларни олдиндан прогноз қилиб бўлмайди”.
Мутахассис берган маълумотларга кўра, кўпчилик магнитуда ва бал ўлчовини бир хил, деб билишади. Аслида бу икки хил ўлчов параметрлари ҳисобланиб, одатда магнитуда ўлчови бал ўлчов бирлигидан пастроқ рақамларда ифодаланади. Мутахассиснинг тушунтиришича, 5 магнитудали ер силкиниши тахминан 7 балли зилзила деганидир. Ушбу маълумотларга таянадиган бўлсак, бугун Тошкент вақти билан тонгги соат 5.37 да Тожикистонда қайд этилган 5,8 магнитудали зилзила 7 бални ташкил этган. Шу боис Тошкентдан эпицентри 435 км жануби шарқда кузатилган 7 балли зилзила Ўзбекистон ҳудудларида кучли сезилган. Мутахассис Воҳидхон ИСМОИЛОВнинг қайд этишича, Ўзбекистон кучли зилзила бўлиш хавфи муқаррар ҳудуд саналади. Хусусан, Тошкентда 8 балли зилзила бўлиши муқаррар. Гринвичи ҳисобига кўра бу кўрсаткичдаги зилзила 9 бал даражасида таъсир кўрсатади. Аммо қачон бўлишини олдиндан айтиб бўлмайди. Бундай имкониятга ҳали дунё илми ҳам эга эмас. Шу ўринда platina.uz сайти “Тожикистонда кузатилган 5,8 магнитудали зилзила бу Туркия ва Суриядаги ер силкинишининг таъсири эмасми?” деган саволга ҳам ойдинлик киритишга уринди.
Қаҳрамон ҚЎЧҚОРОВ, Сеймопрогностик мониторинг республика маркази бошлиғи:Туркия ва Суриядаги зилзила тепада Евроосиё, пастда – шимоли-шарқда Африка ҳамда араб плиталари туташ жойда ҳосил бўлган ер силкинишидир. Бизда кузатилган ер силкинишлари эса Ҳиндистон ва Евроосиё плитаси пастки ҳудудида кузатилади. Ер силкинишларининг Ўзбекистонга таъсирини олдиндан ҳеч ким айтолмайди, агар олимлар бирор бир боғлиқликларни топмаган бўлса. Чунки бу борада боғликлар йўқ ва бу Ерда бўладиган геодинамик жараён. Айни пайтда кузатувларга кўра, бирор бир майдонларда юртимизда кучли зилзила бўлишидан олдин кузатиладиган аномал ўзгаришлар йўқ. – 5 магнитудагача кузатилган зилзилалар қанчалик хавфсиз? Масалан, Тожикистонда бугун қайд этилган зилзилалар орасида 5,8 магнитудалиси ҳам бор... – Бу зилзиланинг чуқурлигига боғлиқ. Агар чуқурлиги юзароқда бўлса, ер юзасига 5 магнитудали ер силкиниши ҳам анчагина таъсирини кўрсатади. Агар чуқурликда кузатилса, ер юзасига чиққунича 5 магнитудали зилзиланинг жадаллиги анча сўнади. Яъни ер силкинишининг ер юзасига таъсири чуқурлигига боғлиқ. Тожикистондаги 5,8 магнитуда ер силкинишиниг ўчоғидаги неча юз метр чуқурликдаги кўрсаткич, у чуқурликдан ташқарига чиққунча атрофга таъсири анча сўнади. Айнан Тожикистондаги зилзиланинг, дейлик, бизнинг ҳудудимиз, тўғрироғи водий вилоятларида сезилган таъсири 3-4 балл атрофида бўлди.

Аббос ИМОМОВ

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid