platina.uz
Таҳлил

“Ибрат фарзандлари”: умидларни, орзуларни амалга ошириш учун катта лойиҳа ишга тушди

“Ибрат фарзандлари”: умидларни, орзуларни амалга ошириш учун катта лойиҳа ишга тушди
Кўпчилик йигит-қизлар чет тилларини ўрганишга қизиқишади. Бунинг учун ўқув марказларига мурожаат қилишади. Юртимиздаги ўқув марказларининг нархи ўртача 300-400 минг сўмни ташкил этади. Хўш, икки ёки уч болани ўқитаётган, молиявий қийинчиликка дуч келаётган ота-оналарда бунинг учун шароит етарлими? Бугунги кунда ана шундай умидларни, орзуларни амалга ошириш учун катта лойиҳа ишга тушди. Бу “Ибрат фарзандлари”. Биз бугун ана шу лойиҳанинг раҳбари  Рустам ҚОРИЕВ билан “Ибрат фарзандлари”нинг фаолияти, истиқболи, режалари ва ўз ўрнида муаммолари ҳақида гаплашамиз.

https://youtu.be/EDQC3LFikbg – Мен 8-9 йил олдинги вазиятни эсладим. Инглиз тилини энди ўрганаётган пайтим эди. Малайзияга кетиб, яна Ўзбекистонга қайтиб келган пайтларимда ҳатто ILETS олиш учун устозимдан ёрдам сўраганман. Баъзилар қатори менда ҳам молиявий имконият жуда яхши бўлмаган. Ҳозир аввалгидек эмас, муҳтарам юртбошимизнинг ёшларга, таълимга берган имкониятлари, умуман хорижий тилларга бўладиган эътиборлари катта. “Биз олдимизга қўйган мақсадларимизга энг камида иккита хорижий тилни мукаммал билмасак эриша олмаймиз” деган фикрлари менга мотивация бўлади. Чекка ҳудудлар миқёсида ҳам у ердаги ёшларнинг ўрнига ўзимни қўйиб айта оламан: чет тилини ўрганиш учун қўшимча курсга боришга ҳамманинг ҳам шароити етарли эмас. Шу сабабли ўқувчилар нафақат инглиз тили, балки бошқа хорижий тиллар бўйича ҳам репетиторга бориб ёки бошқа усулда ўрганадиган дарсларини масофадан туриб бемалол сифатли ўрганишларига имконият, сифатли контент яратишни мақсад қилдик. Иккинчи хоҳишим: бу ҳақида юртбошимиз ҳам алоҳида таъкидлаганлар, ушбу лойиҳада жадидларимиз хусусан, Исҳоқхон Ибрат бобомизни ўрнак қилдик. Чунки улар 5 та тилда бемалол гаплаша олганлар ва бепул таҳсил берганлар. Дарсларни аввал инглиз тилида бошладим. Ҳозирда бундан ташқари, яна 10 дан ортиқ хорижий тилларда 300 га яқин видеоларни “Youtube” платформасига жойладик. – Лойиҳа бошланаётганда унинг имкониятлари, кучли томонлари, унга бўлаётган муносабатлар ва тўсиқлар инобатга олиниши керак. Тўғри, бугун “Ибрат фарзандлари” лойиҳаси анчагина оммалашди. Биринчидан текин, иккинчидан дарслик ҳамманинг қўлида бўлади. Шу ўринда савол туғилади: лойиҳанинг келажаги борми? – Аввало бу бир кишининг эмас, бутун бир жамоанинг иши. Қолаверса, бу лойиҳа Ёшлар ишлари агентлиги томонидан молиялаштирилмоқда. Шахсан Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Садуллаевнинг ўзлари ушбу лойиҳанинг бошида туриб, бирга жуда кўп ёрдам бериб йўл-йўриқ кўрсатмоқдалар. Ҳамма лойиҳада “Start UP” бўлади. Ҳатто кам миқдордаги маблағ билан қисқа фурсатда оммага сифатли маҳсулот етказиб бериш ҳам мумкин. Биз “Қисқа вақт ичида бепул сифатли таълимни қандай қилиб берсак?” дея жуда кўп ўйладик. Ҳатто хатоларни тўғирлашда тингловчилар томонидан келаётган таклифлар устида ҳам ишлаб, ҳаракат қилиб, уни янада мукаммал қилиш лозим. Аввалига жуда кўп қийналдик ҳам. Дастлаб менинг бир ўзим эдим. Кейинчалик оператор, монтажчилардан тортиб ҳатто ўқитувчиларнинг мақсади ҳам бир бўлиши кераклигини инобатга олиб ҳаммани саралаб танлаб олдик. Тажрибали устозлар ҳам анчагина, баъзида камера билан ишлашда бироз ноқулайликларга дуч келадиган ҳолатлар ҳам кузатилди. Шунга қарамай, биз буни уддаладик ва 10 дан ортиқ устозларни бир жойга жамладик. Шунингдек, “Дарсларни оммага қандай қилиб кўрсатиб бериш керак?” деган савол олдимизда кўндаланг турарди. Доскадан фойдаланиш бу эски усул ёки smartbook билан намойиш қилиш ҳам вақтимизни кўп ўғирлади. Шундан сўнг махсус дастур орқали, яъни фотошоп (Adobe Photoshop)нинг бошқача тури билан тақдимотлар қилиш талқинига тўхталдик. Албатта мутахассис ёрдамида биз бу масалага ҳам ечим топдик. Баъзи бир инсонлар “Бепуллиги учун сифатсиз” деган қарашлар билан муносабат ҳам билдиришди. Биз шу ўй-хаёлларга барҳам беришга, яъни бепул дегани сифатсиз эмаслигини исботлашга ҳаракат қиляпмиз. – Ҳозирда нечта тилда дарслар олиб борилмоқда? – 10 дан ортиқ. Ўзбек тилини илк маротаба ўзининг грамматикаси билан русийзабонларга ва хорижликларга ўргатаяпмиз. Икки тилда олиб бораётган бу ишимиз жуда катта натижа бераяпти. Ҳатто шундай усулларни танлаяпмизки, ўзбек тилини ўзимизнинг миллий мусиқалари, мисол учун “Маҳаллада дув-дув гап” фильмидаги қўшиқлар ёрдамида чет элликларга ўргатмоқдамиз. Бу услуб учун ҳатто изоҳларда ҳам раҳмат эшитмоқдамиз. – Сизлар олиб бораётган дарслар қайси дарслик ёки ўқув машғулотлари қайси методика асосида амалга оширилмоқда? – Биз бу борада айнан бир ёки иккита чет эл ўқув қўлланмаларидан олишга ҳаракат қилмаяпмиз. Кўпроқ қўллайдиган дарсликларимиз Кембридж, Оксфорд таълими ва бошқа китоблар. Бизнинг афзал ёндашувимиз бу ҳамма тилни нольдан ўргатишдир. Биз ўзимизнинг умуммиллий дастурни яратишга ҳаракат қилдик. Инглиз тилидан бирор манбани олишимиз мумкин. Аммо уни ўзимизнинг ўзбек тилига ўзлаштиришга ҳаракат қилдик. Дейлик, инглиз тилидаги намуна ўрнига Саид Аҳмаднинг “Келинлар қўзғолони”дан иқтибос келтириш ва шунга ўхшаш мисоллар. Бу орқали нафақат чет тилини, балки ўзимизнинг миллийлигимизни ва ўзбек адибларини яқиндан танишимиз, айниқса, ёшлар учун жуда ҳам аҳамиятли. Қолаверса, япон тили марказимиздаги устозимиз томонидан айнан япон миллатига мансуб бошқа бир ўқитувчини аудиторияга таклиф қилиб, улар билан мулоқот тарзида ташкил этилган машғулотлар тингловчиларнинг ушбу тилни янада мукаммал ўзлаштиришларига амалиёт бўлиб хизмат қилмоқда. Биз ўргатаётган ўқув машғулотларида сўзнинг ўзини, маъносини эмас, балки контекстда келишини ўргатишдир. Яъни машҳур актёр Брюс Лининг ҳам бир гапи борку, “1000 та зарбани билган одамдан эмас, балки битта зарбани минг маротаба тажрибадан ўтказган одамдан қўрқаман”, деган. Шундан келиб чиқиб, айтиш мумкинки, лойиҳа орқали 1000 та сўзни ёдлаб мулоқотга кира олмаслик эмас, балки 500 та сўз билан ҳам ўзининг фикрини баён қилиб, профессионалликка интилиш кўникмаси ўзлаштирилмоқда. – Лойиҳани келажакда давом эттиришда қандай муаммоларга дуч келинаяпти? – Бизни иккилантираётган жиҳат ёшларга нафақат хорижий тилларни ўргатиш, балки уларни тўғри касбга йўналтириш. Бу бўйича ҳам биз мутахассислар билан иш олиб бормоқдамиз. Бу биринчиси. Иккинчиси эса биздаги ҳозирги муаммо шуки, айни пайтда бизни фақат видеодарсларда кузатишмоқда. Келгусида биз тингловчилар билан мулоқотга киришни мақсад қилганмиз. Натижада ўқувчиларнинг қай даражада дарсларни ўзлаштирганини биз назорат қилиб боришимиз мумкин бўлади. Лекин бизни режамизда бор ва бу амалга ошяпти. Яъни яқин ойларда биз ўзимизнинг умуммиллий иловамизни таклиф қилишга ҳаракат қиляпмиз. Ҳар хил дарсларга оид тестлар, ёзма тариқасида эсселар, қўйингки, бошқа маҳорат дарслари ҳам бўлади. Болалар у ердан нафақат видеодарсларни ўрганишади, ҳатто устозлари билан ҳам мулоқот қилишади. Яна битта янгилигимиз бор: Наманган вилояти миқёсида биринчи талқинини тақдим этдик. Тиллар марафонини ўтказдик. Жамоамиздаги 5-6 нафар профессионал устозлар билан келаётган баҳор ойларидан бошлаб ҳудудларга бориб онлайн марафон ўтказамиз.
ЭСЛАТИБ ЎТАМИЗ: “Ибрат фарзандлари” Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб ўзбек тили грамматикасини онлайн ўргатиш тизимизни ҳамда хорижликларга ўзбек тилини ўргатишни йўлга қўйган лойиҳа ҳисобланади.
Суҳбатдан англаш мумкинки, демак лойиҳа орқали хорижий тилларни ўрганишни трендга чиқариш мақсад қилинган. Шу ўринда лойиҳадаги ўқитувчилар фикри билан ҳам қизиқдик. Чунки лойиҳа кузатувчиларини ўқитувчиларнинг вақти, молиявий имконияти ҳам қизиқтирмоқда. Маҳфуза ОРТИҚОВА, “Ибрат фарзандлари” ўқитувчиси: – Ўзбекистонда ҳозирги кунда ёшлар қизиқадиган тиллар бу инглиз, корейс ва турк тилларидир. Лекин дунёда испан тили ҳозирги кунда ривожланиши, қўлланилиши, Бирлашган миллатлар ташкилотининг тили сифатидаги аҳамияти билан инглиз тилидан кейинги иккинчи ўринда туради. Шу мақсадда ҳам “Ибрат фарзандлари” лойиҳасига таклиф қилишганда, ушбу лойиҳада ишлашга қарор қилдим. Асосий мақсадим эса лойиҳа имкониятлари орқали испан тилини гўзал тиллигини кўрсатиш, дунёдаги аҳамиятини ёшларимизга тушунтириш. Шунингдек, ўзбек тилида хорижий тилларни ўргатувчи контент кам. Шу боис бу лойиҳа бир ёки икки ойда тугаб қолмайди. Бунинг жуда катта истиқболи бор. Бу лойиҳага давлат раҳбари томонидан эътибор берилаётганини алоҳида таъкидламоқчиман. Мана яқинда Наманганда бўлиб ўтган ёшлар билан учрашувда давлатимиз раҳбарига “Ибрат фарзандлари” лойиҳаси ҳақида ҳам ахборот беришди. Бундан Президент жуда ҳам хурсанд бўлди. Бу лойиҳанинг нафақат “youtube” орқали, балки дарсликларини яратишни ҳам топшириқ қилиб берганлар. Президент қўллаб-қувватлаган бу лойиҳа ўз ўрнида хайрли ташаббуслардан, десак муболаға эмас. Лойиҳа ҳақида узоқ гапириш ёки тўхталишга ҳожат йўқ. Негаки, аллақачон лойиҳа иштирокчилари ва кузатувчилари изоҳларда қолдираётган мазкур лойиҳа ҳақидаги муносабатларнинг ўзи ҳам хулоса қилишга кифоя қилади. Биз лойиҳа жамоасига ва ташаббускорларига омад тилаймиз.


Муслима ОМОНҚУЛОВА суҳбатлашди

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid