Беш йил ичида Ўзбекистонга келаётган туристлар сони икки баробарга ошди

Маълумот учун: Дунёдаги 91 та мамлакат фуқаролари Ўзбекистонга келиш учун визасиз тартибдан фойдаланиши мумкин. Таққослайдиган бўлсак, Қозоғистонга 26 та, Туркияга 41 та, Грузияга эса 56 та мамлакат фуқаролари визасиз кела олади.
2022-йилда Ўзбекистонга келган сайёҳлар сони 2021-йилдагига нисбатан 3,4 миллион кишига кўп бўлди ва ўсиш 2,8 баробардан ҳам ортиқни ташкил этди. Бунинг натижасида туризм хизматлари экспорти сезиларли даражада ошди. 2017-йилда туризм хизматлари экспорти 546,9 миллион АҚШ долларини ташкил этган бўлса, 2022-йилда бу кўрсаткич 2,9 баробар ошиб, 1610,5 миллион долларни ташкил этди.
2017-2022 йилларда хизматлар экспортининг умумий ҳажмида туризм хизматлари экспортининг улуши 1,8 баробар ошди. Агар 2017-йилда бу кўрсаткич 22,1% ни ташкил этган бўлса, 2022-йилда 40,7% га етди.
Туризм соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар самараси соҳанинг салоҳияти катта эканлигидан далолат беради. Ўзбекистоннинг жаҳон миқёсида туристик жозибадорлигини ошириш учун туризмнинг этник ва экологик туризм каби янги йўналишларини ривожлантириш, шунингдек, мамлакатимизнинг турли ҳудудларида тематик фестивалларни ташкил қилиш таклиф этилмоқда.