platina.uz
Жамият

Ким бой: халқимизми ёки давлатимиз?

Ким бой: халқимизми ёки давлатимиз?
Бу саволнинг жавобини жуда кўп ўйлаганман. Худди давлат ғазнасида пул кўп ва уни фуқаролардан қизғанишади. Лекин мен ҳеч қачон давлатимиз бой деганда нимани назарда тутишларини билолмаганман. Уни қандай ўлчаш мумкин? Лекин билганим шуки, 5 миллиондан зиёд ўзбекистонлик ойига 500 минг сўм ҳам ишлаб топмайди. Давлат пули биз тўлайдиган солиқлардан шаклланадиган бюджет деб аталмиш “қоп”да йиғилади. 2023 йилда бу кўрсаткич 232,1 трлн. сўмни ташкил этди. Яъни мазкур йилда нимадир қилиш учун бизда шунча пул бор. Аммо Сенат раиси айтганидек, бу 2023 йилдаги харажатлар учун камлик қилади. Масалан, давлат хизматчиларига ойлик бериш лозим, йўлларни таъмирлаш каби ишлар ҳам кутиб турибди. Биз билган ўша бойлик кам, афсуски. Бюджетимизни солиштириш учун 2020 йилги маълумотларга қараш кифоя. Қўшнимиз Қозоғистон бюджети Ўзбекистонникидан салкам 1 млрд. долларга кўп. Олтин захираларимиз ва конларимиз борку, дейишингиз мумкин. Ҳақсиз бор, лекин... Лекин олтин захиралари давлатларнинг шошилинч вазиятларига, масалан, Сардоба фожиаси ёки аномал совуқда “свет”, газ каби масалаларнинг тезкор ечими ва қарз олишдаги "кафолат" учун керак. Яъни олтинларимиз ҳар доим ҳам ишлатиб юбориладиган пуллар таркибида бўлмайди. Ўзбекистон олтин захиралари 2023 йил 1 январ ҳолатига кўра, 35,8 млрд долларни ташкил этиб, давлат бўйнида деярли 30 млрд. доллар қарз бор. Жорий йилда яна қарз олиш режалаштирилган. Яна мамлакатлар ялпи ички маҳсулот ҳажми (ишлаб чиқарилган барча товар ва хизматлар қиймати) жуда муҳим. Негаки давлатларнинг иқтисодий салоҳияти шу билан ўлчанади. Бу кўрсаткич 2022 йилда деярли 900 трлн. сўмни ташкил этди. Қозоғистон бу борада ҳам 3 карра олдинда. Ялпи ички маҳсулот ҳажми аҳоли жон бошига 2255 АҚШ долларига тенг. Бу борадаги дунё рейтингини кўрадиган бўлсак, Ўзбекистон қуйи поғонада жойлашган. Энди сарлаҳадаги саволга жавобни ўзингиз топиб олаверинг. Менимча, эса давлатнинг асосий бойлиги инсонлардир. Шундай экан, энг аввало халқ қорни тўқ, усти бут бўлиши шарт ва зарур. Аммо бу ўринда қўша-қўша машинаю, катта-катта иморатлар эгаси бўлган, хорижларда ҳисоб рақамлари бор ва давлат ишониб берган пулларни ўз нафсига ишлатаётган мансабдорлар, қўполроқ қилиб айтганда “бюджет ўғрилари” мустасно. Бобур ШАВКАТОВ
Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid