platina.uz
Таҳлил

Болага ғамхўрликни Қозоғистондан ўрганамизми?

Болага ғамхўрликни Қозоғистондан ўрганамизми?
Қозоғистон Молия вазирлиги мамлакатда 2024 йилдан бошлаб ишга туширилиши режалаштирилган Болалар миллий жамғармаси лойиҳаси тафсилотларини тақдим этди. Хабарга кўра, Миллий банк инвестиция даромадининг 50 фоизини Миллий жамғарманинг ўтган йиллардаги ўртача рентабеллигини инобатга олган ҳолда ҳисоблаб чиқади. Инвестицион даромад ставкасини ҳисобот даврига қадар олдинги 18 йил учун ўртача йиллик қиймат даражасида аниқлаш таклиф этилмоқда. Бунда ҳар битта боланинг жамғармасидаги тахминий пул миқдори 3500 АҚШ долларини ташкил қилиши мумкин. Болаларга бундай ғамхўрлик дунёнинг кўплаб мамлакатларида учрайди. Масалан, Норвегия Save the Children рейтингида 1-ўринда турибди. Кўпчилик бу давлатда туғиш осон ва фойдали, деб ҳисоблайди. Бу борада энг ёмон кўрсаткич Африка мамлакатларида.
Бизда-чи? Бизда бола вояга етгунга қадар қандай имтиёзлар ва жамғармалар бор? Қайд этиш керакки, 2023 йилда давлат бюджети даромадлари 232 триллион 600 миллиард сўм миқдорида режалаштирилган. Бюджет харажатлари эса 257 триллион 734 миллиард сўмни ташкил этиши мумкин. Давлат бюджети харажатларнинг 50 фоизи ёки 130 триллион сўм ижтимоий соҳага йўналтирилиши белгиланган. Ижтимоий ҳимоя ва ижтимоий таъминотга 33 триллион 67 миллиард сўм сўм маблағлар кўзда тутилган. Жумладан, 2023 йилда ўртача бир ойда республикамиздаги жами оилаларнинг 20 фоизига ижтимоий нафақа тўлаш учун 10 триллион 530 миллиард сўм ажратилиши қайд этилган. Ишловчи аёлларнинг ҳомиладорлик нафақа пулини бюджет маблағлари ҳисобидан тўлаб бериш учун 966 миллиард сўм, шундан хусусий секторда фаолият юритувчи хотин-қизларни 300 миллиард сўм маблағ тўланиши назарда тутилган.
Шу ўринда қайд этиш керакки, давлат бюджети сарф-харажатларида туғуруқ таътилида иш берувчи пул ажратади, бу бир. Бола пули ҳам бор, дейишади, лекин унга етишиш ҳақиқий муҳтож оилаларга камдан-кам насиб қилади. Бола вояга етгунга қадар ва кўп болали оилаларга яна нафақалар бор, аммо уларни қонуний йўл билан олиш деярли имконсиз. Кўпинча маҳалла фуқаролар йиғинидан ортмайди ёки коррупция ва таниш-билиш билан ҳал қилиш мумкин. Бунда эса ҳақиқий муҳтожлар тағин четда қолиш эҳтимоли юқори. Қизиқтираётган асосий савол эса шундай: давлатимиз бюджетида бу масалада Норвегияни қўя туринг, Қозоғистонники каби алоҳида жамғарма ташкил этилиб, болаларга ғамхўрлик қилиш имконияти йўқми? Давлат бюджети даромадларига эътибор қилинса, бунга йўл топиш мумкин. Аммо қандай қилиб? Буниси энди иқтисодчи ва молиячи экспертларга ҳавола. Ҳар ҳолда мазкур масалада таклиф ишлаб чиқиш учун етарлича манба ва асослар борлигини биздан кўра улар яхшироқ билишига шубҳа йўқ.

ЗАҲИРИДДИН

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid