platina.uz
Таҳлил

Табиат ҳодисалари олдида инсон ожизми?

Табиат ҳодисалари олдида инсон ожизми?
Урбанизация (шаҳарлашиш), яъни одамларнинг шаҳарларга интилиши табиий жараён бўлиб, айни пайтда бу бутун дунё бўйлаб тез суръатларда ўсиб боряпти. Шундай экан, кўп қаватли биноларга талаб ҳам ўз-ўзидан ортади, уларнинг сони кўпаяди. Табиат ҳодисалари олдида инсоннинг ожиз қолиши кўп бор исботланган ва исботланяпти. Бугун ҳалокатли зилзилалар ва улардан қандай омон қолиш ҳақида гаплашамиз. Шаҳарларни ёмон лойиҳалаштириш қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигини бугун Туркия ва Сурия мисолида кўриб турибмиз. 30 сония ичида миллионлаб одам ўлиб кетиши ҳеч гап эмас. Бунга қарши чора борми ўзи? Ишониш жуда мушкул бўлса-да, бундай ҳалокатдан омон қолишнинг ягона йўли шаҳарлаштиришни тўғри йўлга қўйишдир. Бу борада яна японлардан ўрнак олса, арзийди. Энг сейсмик ҳудудда жойлашган Японияда ҳалокатли зилзилалар кўп кузатилган. Энг охиргиси 2011 йилда бўлиб, унда бинолар, кўприкларга деярли зиён етмаганини кўриш мумкин. Масалан, 2010 йилда Гаитида юз берган ер силкинишлари оқибатида қарийб 100 мингта бино вайрон бўлган: мактаблар, шифохоналар, ҳукумат бинолари, қамоқхоналар, меҳмонхоналар, черковлар, бутун бошли мавзелар... Қурбонлар жудаям кам бўлган зилзилалар ҳам бор. Масалан, Калифорниядаги кучли зилзилада жами 63 киши ҳалок бўлган. Чунки Сан-Францискодаги бинолар одамларни сақлаб қолган. Шаҳар инфратузилмаси жуда яхши ва мустаҳкам тузилган. 1995 йилда Кобе (Япония) зилзиласида 200 минг бино вайронага айланган. Шундан сўнг олимлар зарурий чораларни кўришга қарор қилишган, уларнинг ҳаёти ўз қўлларида эканини тушуниб етишган. Улар бинолар ва кўприкларни маҳкамроқ қуришга тушишган. Масалан, кўприк остига резина блоклар қўйишган, биноларни домино услубида қуришган. Биноларга қўшимча тиргаклар, ҳимояловчи изоляцияланган прокладкалар гидравлик амортизаторлар жойлаштиришган. Зилзила рўй беришидан 1 дақиқа олдин сейсмологлар огоҳлантиришган, Япония халқига СМС хабарномалар юборилган. Бино лифтлари энг яқин қаватга туширилган ва эшиклари очиб қўйилган. Жарроҳлик амалиётлари тўхтатилган. Токидаги зилзила видеоларини кўрсангиз, осмонўпар бинолар жўхори поялардек тебранишига гувоҳ бўласиз, аммо бирортаси қуламаган. Худди шундай шаҳарсозлик лойиҳаси билан Янги Зеландия ҳам мақтана олади. Крайсчерч шаҳридаги кучли зилзилада бинолар деярли қуламаган, талафот жуда кам бўлган. Демак, зилзиладан имкон қадар омон қолиш ва кам сонли қурбонлар билан қутулиш имкони бор. Бунинг энг биринчи ва муҳим омили қурилишлар сифати. Хўш, Ўзбекистонда аҳвол қандай? Аввало шуни айтиш керакки, Ўзбекистонда шаҳарсозлик бўйича ҳали бирорта бош режа тасдиқланмаган, уй қурилишлари кимўзарга айланиб кетган, ерлар сотиб юборилган. Бу гаплар президент Шавкат Мирзиёев томонидан айтилган. Айнан шунинг учун ҳам Тошкентнинг собиқ ҳокими ишдан олинганди. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг айтишича, Ўзбекистонда қурилаётган бинолар 9 баллгача зилзилага бардош бериши керак. Шундагина унга рухсат этилади. Вазирлик мулозими бинолар шундай қурилган, деб бемалол айта олмагани ҳам хавотирга солади. Қолаверса, сейсмик ҳалокатларни Фанлар академияси аниқлайди ва баҳолайди. Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил октябрдаги қарори билан объектларнинг зилзилага бардошлилиги бўйича хулосани айнан академия беради. Сейсмик фаол ҳудудларда қурилиши режалаштирилаётган хавфлилик омили IV тоифага мансуб бино ва иншоотларга зилзилабардошлик бўйича илмий хулосалар бериш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, лойиҳа-смета ҳужжатлари илмий хулосалар олиш ҳамда экспертизадан ўтказиш учун буюртмачи ташкилотлар томонидан Қурилиш вазирлигига тақдим этилади. Ҳужжатлар тушган кундан бошлаб 3 кун муддатда Қурилиш вазирлиги илмий хулосалар олиш учун Фанлар академиясига йўналтиради. Бир кун муддатда объектларнинг зилзилабардошлик бўйича илмий тажриба-синовини амалга ошириш учун буюртмачи ташкилотлар Фанлар академиясига қоғоз ёки электрон шаклда буюртманома тақдим этади ва буюртманомага лойиҳалар, ишчи чизмалар ва бошқа зарур ҳужжатларни ҳам илова қилади. Фанлар академияси 10 иш куни давомида буюртмачи ташкилотлар билан лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида шартнома расмийлаштиради ва уларни назарий ва амалий тажриба синовидан ўтказади. Фанлар академияси 1-3 ойгача (иш ҳажмидан келиб чиқиб) муддатда илмий тажриба-синов натижалари асосида илмий хулоса қабул қилади ва 3 иш куни давомида зилзилабардошлик бўйича илмий хулосанинг нусхасини буюртмачига етказади. Шартнома шартлари тўлиқ бажарилганда зилзилабардошлик бўйича илмий хулосанинг асли ва тақдим этилган ҳужжатлар Фанлар академияси томонидан буюртмачига берилади. Кўриб турибсизки, битта бинони қонунга амал қилган ҳолда қуришни бошлаш учун ўртача 3 ой вақт кетади. Ўзбекистонда барча қурилишлар шундай жараёндан ўтади, деб ўйлайсизми?

ЗАҲИРИДДИН

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid