platina.uz
Таҳлил

Нега ҳали ҳам ”заправка”ларда турнақатор навбатлар бўляпти?

Нега ҳали ҳам ”заправка”ларда турнақатор навбатлар бўляпти?
Пойтахтимиздаги бир нечта газ “заправка”ларда бўлиб вазиятни ўргандик.  Бизга ойдинлашган ҳақиқатлар эса сизга ҳам таниш бўлиши мумкин.

https://youtu.be/AJbsfRXUn0w Барчамизга маълумки, жорий йилда кузатилган аномал совуқ кунларида табиий газни биринчи навбатда аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларига етказиб бериш учун автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари (АГТКШ) фаолияти вақтинча тўхтатилган эди. Энергетика вазирлиги берган маълумотларига кўра, 2 февралдан бошлаб барча ҳудудлардаги АГТКШлар фаолияти босқичма-босқич тикланиши керак эди. Хўш, бу жараён амалда қандай? Айни кунларда “заправка”лар фаолияти ҳайдовчиларни қониқтиряптими?
Пойтахтимиздаги бир нечта АГТКШларда олиб борган суриштирувимизда маълум бўлдики, вазият талаб даражасида эмас. Вазирлик маълум қилгани каби газ “заправка”ларнинг босқичма-босқич фаолияти қайта тикланиб, ҳайдовчиларга хизмат кўрсатаётганини кўрмадик. Орадан 2 ҳафта ўтиб ҳам энг талаб юқори бўлган газ “заправка”лар ҳали ҳам ёпиқ. Бу ўринда ҳайдовчиларда фақатгина битта танлов – бензиндан фойдаланиш бор. Бу вазиятда эса АЁҚШларида юзага келаётган турнақатор навбатлар ҳар қандай ҳайдовчини ташвишга солмай қолмайди. АИ80 маркали бензин 5 700 сўм миқдорида қилиб белгиланган. Аммо баъзи бир АЁҚШларда бу кўрсаткич 6 000 сўмни ташкил этмоқда. Ҳайдовчилар эса газ “заправка”лар ҳали ҳам фаолиятини талаб даражасида ва ёки умуман тикламаганидан ташқари бензин қуйиш учун АЁҚШлардаги навбатларни, куннинг ярмини ёқилғи қуйишни кутиб ўтказаётганларини таъкидлашди. Аслида биз фаолияти босқичма-босқич тикланиши айтилган газ “заправка”лардаги вазиятни билишни мақсад қилгандик. Аммо афсуски бир неча манзилда бўлганимизда газ “заправка”лар босқичма-босқич фаолияти йўлга қўйилиши борасидаги ваъдалар амалда исботини топмади. Шу ўринда Энергетика вазирлигининг яна бир неча муҳим маълумотларига эътибор қаратишни лозим топдик.
Яъни қайд этилишича, қувурларда газ босимини бир меъёрга келтириш ва ушбу меъёрни сақлаб туриш учун АГТКШлари қисқа вақт оралиғида режа-график асосида фаолият юритиб боради. Уларнинг фаолият юритиш вақти ҳудудлар шароитидан келиб чиққан ҳолда маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган тарзда амалга оширилади. Наҳотки бу чора-тадбирларни амалга ошириш учун шунча узоқ вақт талаб қилинса? Ёки маҳаллий ҳокимликлар билан келишиш шунча қийинми?
Энг муҳим маълумотлардан яна бири эса бу вазирлик томонидан бир ҳафта ичида метан “заправка”ларга кунлик берилаётган газ миқдори 1 млн. куб метрдан 5 млн.га оширилиши билдирилган. Жорий ҳафта охирида эса водий вилоятларидаги АГТКШларнинг босқичма-босқич фаолиятини тиклаш чоралари кўрилмоқда. Аммо юқорида келтирилган воқеалар занжири – “заправка”лардаги ҳолат ва ҳайдовчиларнинг фикрлари бу чора-тадбирларнинг ҳам амалий натижасини яна қанча кутарканмиз, деган саволга сабаб бўлиши шубҳасиз. Биз вазиятни холис кўрсатишга ҳаракат қилдик. Қиссадан ҳисса бўлиб туғилган савол эса шундай: ҳайдовчилар газ “заправка”лар талабга мос фаолиятини тиклашини яна қанча кутишга мажбур бўлишади?

Аббосжон ИМОМОВ

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid