platina.uz
Жамият

Биринчи Президентимиз Ислом Каримовга суиқасд, ўқ еган ўт ўчирувчи, қурбон бўлган бегуноҳлар

Биринчи Президентимиз Ислом Каримовга суиқасд, ўқ еган ўт ўчирувчи, қурбон бўлган бегуноҳлар
Бундан 24 йил олдин Ўзбекистон тарихидаги илк теракт содир бўлган. Бу мудҳиш ҳодиса мамлакатимиз Биринчи Президенти Ислом Каримовга нисбатан суиқасд дея баҳоланган. Тошкент шаҳрининг бир неча жойлари, шулар қаторида Мустақиллик майдони, Ички ишлар вазирлиги ва Миллий банк бинолари ёнида содир бўлган террорчилик хуружлар натижасида, 16 нафар инсон ҳаётдан кўз юмган ҳамда 100 дан ортиқ киши жароҳатланган эди. Қабиҳ режа амалга оширилиши мўлжалланган вақтда  Вазирлар Маҳкамаси биносида мажлис ўтказилиши ва унда Биринчи Президентимиз Ислом Каримов иштирок этиши керак эди. 1998-2000 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот котиби бўлган Азамат ЗИЁ ўша мудҳиш кунни шундай эслайди:Ўша куни тахминан 9:45 ларда автоматдан отилган ўқ овозини эшитиб қолдик. Кейин мен президент соқчиларининг биридан президент келган, келмаганини сўрадим. Соқчи президент деярли келиб бўлганини айтди. Мен пастга қараб югурдим. Шунда 3-қаватларга етганимда жудаям кучли портлаш содир бўлди”. Портлаш содир бўлган ўша дақикаларнинг ўзидаёқ хавфсизликни сақлаш идоралари, ички ишлар ва ўт ўчириш хизмати ходимлари воқеа жойларига етиб боришди ва ўз ишларини тезкор равишда ишга киришдилар. Эркин ЖУМАЕВ, ўт ўчирувчи, воқеа гувоҳи: Портлаш содир бўлганда мен ўз хонамда ўтиргандим. Портлаш содир бўлиши билан дарров диспетчерлар билан уландим ва сабабини сўрадим. Портлаш бўлганини айтишди. Дарров гуруҳга портлаш бўлган жойга ёнғин ўчириш машиналарини юбориш ҳақида буйруқ бердим. Ўзбекистон тарихига ёзилган ўша фожиали кунда бегуноҳ ватандошларимиз ҳалок бўлди. Юзлаб инсонлар яраланди. Яна бир воқеа гувоҳи бўлган ўт ўчирувчи Шуҳрат РАИМОВнинг хотирлашича, одамларни у ёққа-бу ёққа қочишини таъминлаш учун уринаётганда, отишма бўлаётганини билган. “Шунда қорнимдан 2 та ўқ еганман” дея эслайди у мудҳиш воқеани. Азамат Зиё эса ўша вазиятда Президент Ислом Каримовнинг бу мудҳиш воқеага оид қатъий қарорини шундай эслайди: “Президент орқага қайтиб кетди, деганларидан кейин Президент девонига қараб кетдим. Энг қизиғи, президент кабинетидаги хоналар ҳаммаси зирҳланган ойналар эди. Улар тарам-тарам бўлиб кетганди. Ўша аҳволни кўргандан кейин мен Ислом акага бошқа хавфсизроқ жойга ўтасизми, балки, десам, у киши бу гапни бир марта гапирдинг, бошқа гапирмагин, дедилар. Бу нафақат менга қаратилган, балки энг аввало, халқимизга, давлатимизга ва мустақиллигимизга қарши қаратилган хуруждир, деди. У киши ҳар қандай шароитда, нима бўлмасин, ўз ҳаёт принципларидан воз кечмаслигини айтиб, воқеа жойларига кетди”. Воқеа жойига етиб боришни ўз вазифаси деб билган Биринчи Президент Ислом Каримов ҳар қандай хавф-хатарнинг шарпасидан чўчимай, воқеа жойига ишонч ва қатъий билан кириб келди. Азамат Зиёнинг қайд этишича, воқеа жойларини кўзи билан кўрган Биринчи Президент Ислом Каримов интервью беришни лозим топган. Айнан шу интервью вақтида эса орқада яна битта портлаш содир бўлган. Шу воқеалар манзарасида эса Биринчи Президент Ислом Каримов халққа мурожаат қилган: “Халқимизга, аҳолимизга мана шу ердан туриб мурожаат қилмоқчиман, ваҳима бўлмасин. Агар менга ёрдам бермоқчи бўлсангиз, ваҳима бўлмасин. Кучимиз етади. Буларнинг ҳаммасини жой-жойига қўйиш, керак бўлса, бу муттаҳамларни нафақат жойига қўйиш, қўлини кесиб ташлашга ҳам қурбимиз етади, кучимиз етади. Халқимиз шуни билсин”. Азамат Зиё эса воқеани хотирларкан, Биринчи Президент Ислом Каримовнинг ўзига хос шижоати, жасорати ва мардлигига исбот бўла оладиган яна бир фактни очиқлади: “Ўша куни Вазирлар Маҳкамасининг йиллик мажлиси бўлиши керак эди. Шу мажлис барибир бўлди. Соат 13:00 да Олий Мажлис биносида бўлди”. Бугун бундан 24 йил аввал Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳарида содир бўлган мудҳиш воқеа – қўпорувчилик ҳаракати ана шундай оғриқли хотиралар билан ёдимизда қолган ва буни аҳолимизнинг ўрта ёшдан юқори қатлами яхши эслайди.
Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid