“Кунлик тушум”, автобуслар “кимўзари”га ечим ҳақида

Шунингдек, йўловчилар янги жорий қилинаётган бу тизим яхши, деган фикрда. Яна улар бу билан автобусларни кўп кутиш ҳолатлари бартараф этилишидан умидвор.
Йўловчилар орасида “Автобусларни кўпайтириш керак, баъзида куни билан битта линияда 2 та автобус ҳаракатланади. Бу эса бизни кўп кутишимизга сабаб албатта” деганлар ҳам бўлди. Бир сўз билан айтганда йўловчилар автобуслар учун “кунлик тушум” талаби бекор қилиниши хизмат сифатига ижобий таъсир қилади, деган фикрда.
Автобус ҳайдовчиларининг фикри ҳам деярли йўловчиларникидан фарқ қилмайди. Ҳатто айни пайтда тизимда ҳайдовчиларнинг ойлик маошлари оширилганини улар алоҳида эътироф этишди. Яъни: “Агар шу тизим жорий қилинса, албатта бизга яхши, чунки автобуслар бир-бирини қувиш ҳолатлари бўлмайди. Ҳозир ўзи анча яхшиланди тизим, ойликлар ҳам кўтарилди” дейди биз билан суҳбатда бўлган ҳайдовчилардан бири.
Яна бир ҳайдовчи эса, “Яхши хизмат қилиш учун транспорт ҳам яхши бўлиши керакку, янгилаш керак баъзи автобусларни. Баъзи кунлари ҳатто бузилиб қолган ҳолатлари бўлиб туради. Биласизми "кунлик план"ни топиш учун ҳар куни ўйлаб бўлмайдиган ишлар бўлади. Ҳар куни ҳам белгиланган пулни топа олмайсиз, ойликни олиш учун эса уйдан пул олиб келиб бўлса ҳам "Кунлик тушум"ни ёпишимиз керак бўлади” дея муносабатини билдирди. Фикрлар турли, ҳақиқат эса ана шундай очиқлик, ошкораликда туғилади. Шу ўринда қайд этиш керакки, айни пайтда аҳолига қулай йўл ҳақи тарифларини, яъни йиллик, чораклик, ойлик, кунлик ҳаттоки соатлик йўл ҳақи тўловларини жорий қилиш масаласи кўриб чиқилмоқда. Дарвоқе, Президент ҳузуридаги тизимга оид ўтказилган йиғилишда нафақат Тошкент шаҳрида, балки вилоятлар учун ҳам муҳим топшириқлар берилган. Амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар натижасида келгусида жамоат транспорти соҳасида сезиларни ўзгаришларни кутиб қоламиз.
Аббосжон ИМОМОВ
