platina.uz
Жаҳон

Туркия элчиси ташаккурини билдирди, турк аёли эса халқимиздан дуо сўрамоқда

Туркия элчиси ташаккурини билдирди, турк аёли эса халқимиздан дуо сўрамоқда
Туркия президенти Ражап Тойип Эрдўған маълум қилган сўнгги маълумотларга кўра, зилзила оқибатида мамлакатда қарийб 19 мингга яқин инсон ҳалок бўлди, қутқарилганлар сони эса 75 минг кишидан ошди.

https://www.youtube.com/watch?v=Vs-DRoZ307s Мамлакатнинг 10 та вилоятида жуда кўплаб бинолар вайрон бўлди. Фалокат юз берган дастлабки дақиқалардан бошлаб бутун куч қидирув-қутқарув ишларига жалб этилди. Ўзбекистон ҳам бу мусибатга ҳамдардлигини билдирди. Қидирув-қутқарув кучларини сафарбар қилди. Инсонпарварлик ёрдамларини ташкиллаштирди. Ўзбекистондан борган 100 кишилик қидирув-қутқарув гуруҳи Хатай вилоятида кўп инсонларни вайроналар остидан олиб чиқдилар. Талафот катта, қурбонлар ҳам талайгина. Ана шундай қийин вазиятда қардош миллат вакилларига кўмак тариқасида пойтахтимиздаги Савдо-саноат Палатаси ва Ёшлар ижод саройи биноларида зилзиладан жабр кўрганларга ёрдамларни қабул қиладиган пунктлар ташкил этилди.
“Штаб гуманитар ёрдамни тўплаб Туркияга юборишни мақсад қилган. Биз бу ерда асосан 3 турдаги нарсалар, яъни озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа керакли буюмлар, дейлик газ балонлари, гигиена воситалари ҳамда шунга ўхшаш маҳсулотларни қабул қилиб оляпмиз” дейди Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Алишер Акмалжонов. Ўзбекистон-Туркия ишбилармонлари уюшмаси Халқаро нодавлат-нотижорат ташкилот координатори Жадида Балабекова сўзларига кўра: “Бир неча кундан бери жуда кўп инсонпарварлик ёрдами йиғилди. Кўрпа-тўшак, кийим- кечакдан тортиб кундалик эҳтиёжлар учун керак бўладиган маҳсулотлар. Албатта бундан мамнунмиз ва халқимизга қолаверса, президентимизга раҳмат айтаман”.
“Дўст оғир кунда билинади” деганларидек, бугун Туркияда бўлиб ўтган зилзиладан азият чекканларга жуда кўплаб ҳамюртларимиз қўлларидан келган моддий ёрдамларини илинмоқда. Озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа керакли нарсалар келиши ҳали ҳам давом этмоқда.
Бир қанча йилдан буён Ўзбекистонда истиқомат қилувчи Севдо Жандемир миллатдошларига кўрсатилаётган ёрдамдан кўзига ёш олиб, бутун ўзбек халқига алоҳида ташаккур изҳор қилди: “Ўзбекистон давлатидан Худо рози бўлсин, президентингиздан ҳам. Ҳаммангизга раҳмат. Биз қардош халқмиз, бизга қилган бир ёрдамингизни Аллоҳ минг чандон ортиғи билан сизларга қайтарсин. Тўғри, ҳозирда туркияликларга жуда қийин, сабаби, у ерда жуда кўп одамлар бинолар остида қолган, ҳаво ҳам жуда совуқ, -16 даражада, ҳалок бўлганлар сони эса соат сайин ортиб бормоқда. Шу ўринда барча ўзбеклар турк халқи учун дуода бўлишини илтимос қилиб қоламан.
Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида ташкил қилинган матбуот анжуманида Туркия элчиси Олган Бекар нутқ сўзлаб, ушбу оғир вазиятда кўрсатаётган ёрдамлари учун дўст ўзбек халқига чуқур миннатдорчилик билдирди. Ўзбекистондан жами 71 кишидан иборат қидирув-қутқарув гуруҳи ва тиббиёт ходимлари ҳамда навбатдаги гуманитар партияси кеча тонги соат 06:20 да Газиантеп вилоятига етиб борди. Маълумот ўрнида эслатиб ўтиш лозим, ушбу мусибатли бир вақтда қардош турк халқига кўмак бериш истагида бўлган юртдошларимиз қуйида келтириб ўтилган ҳисоб рақамларига пул ўтказмаларини ўтказишлари мумкин: АҚШ долларидаги пул ўтказмалари учун ҳисоб рақами: TR48 0004 6006 5888 8000 1962 66 (Mukhammadali Akhmedov), Турк лирасидаги пул ўтказмалари учун ҳисоб рақами: TR69 0004 6006 5800 1000 1962 67 (Mukhammadali Akhmedov). Келиб тушган маблағлар зилзиладан жабр кўрганларга хавфсиз ва ишончли шаклда зудлик билан етказиб берилиши таъминланади. Шу ўринда “Platina.uz” жамоаси турк халқига чуқур ҳамдардлик билдириб қолади.

Аббос ИМОМОВ

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid