platina.uz
Жамият

Бугуннинг долзарб саволига аниқ жавоб

Бугуннинг долзарб саволига аниқ жавоб
Туркия ва Сурияда юз берган 7,8 магнитудали зилзила оқибатида 12 000 нафардан ортиқ одам ҳалок бўлгани маълум қилинмоқда. Рўй берган зилзила барча мамлакатлар қатори ўзбекистонликларни ҳам бир қадар саросимага солди. Турли миш-мишлар, “Бизда ҳам шу сингари ер силкинишлари содир бўлиши мумкин” деган ҳадиклар аҳоли орасида кенг тарқалди.

https://youtu.be/cZB51Uz9FRs Ана шу хавотир ва саросималарга жавобан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Идоралараро эксперт комиссиясининг хулосасига кўра Ўзбекистон ва унга чегарадош ҳудудларда магнитудаси М≥5 бўлган зилзилалар даракчилари аниқланмаганини маълум қилди. Шунингдек, кучли зилзилалар содир бўлиш эҳтимоли мавжуд эмаслиги ҳақида хабар берди. Мутахассислар ҳам Ўзбекистонда бундай зилзила ўчоқлари йўқлигини, юртимизда ҳафтасига магнитудаси 2,5-3 бўлган зилзила 6-7 маротаба бўлиб туришини маълум қилишди. Қайд этилишича, бу ўзимизнинг ҳудудга мос бўлган зилзиллалар сирасига киради ва бу унчалик хавф туғдирмайди. Аммо Туркия ва Сурия ҳудудларидаги каби юқори магнитудали ер силкинишлари қайд этилса, Ўзбекистондаги қурилиш объектлари бардош бера оладими? Ўзбекистон фанлар академияси Сейсмология институтининг илмий ишлар бўйича директор ўринбосари, профессор Воҳидхон ИСМОИЛОВнинг маълум қилишича, Туркияда бўлган зилзила олдиндан кутилган жараён ҳисобланади. Қайд этилишича, турк олимлари зилзила содир бўлган ҳудудда ер ёриғини бир неча марта қайд этган ва бир қанча зилзилалар айнан ушбу ҳудудда содир бўлгани ҳақида манбааларда келтириб ўтган. Шуни инобатга олган ҳолда бугунги кундаги қурилиш ишларини сейсмик бардошли тарзда амалга ошириш режа қилинган. Лекин афсуски, бу жараёнлар охирги 30, 40 йил ичида бўлди. У ердаги бино иншоотлар эса 50, 60 ҳатто 100 йил олдин барпо қилинган.
Ўзбекистонда яқин орада бундай кучли ер силкинишлари юзага келиш хавфи мавжуд эмас, – дейди мутахассис.
Мутахассис ҳозирги олинган маълумотларга кўра Ўзбекистон ҳудудида кучли зилзила содир бўлиш хавфи йўқлигини маълум қилди. “Туркияда содир бўлган зилзиланинг Ўзбекистондан узоқлиги 6-7 минг км. бўлиб, у ердан чиқаётган амплитудаси 1,2 бўлган зилзиланинг сўниш нуқтаси 400 -500 км.ни ташкил қилади” деди профессор Воҳидхон ИСМОИЛОВ. Қурилиш ва уй жой коммунал хўжалиги вазири ўринбосари Даврон Одиловнинг тақдим этган маълумотларига кўра, молиялаштириш манбасидан қатъий назар мажбурий ҳисобланган зилзилабардошлик хавфсизлиги бўйича экспертиза хулосаси, давлат назорати бунинг кафолатини 100 % таъминлаб беради. Бунда давлат бинони қуриб, битказиб топширгунига қадар бутун биноларнинг сейсмик хавфсизлиги бўйича мажбуриятни ўз зиммасига олади. Лекин бинолар фойдаланишга топширишда эксплуатация хизматининг ҳам роли катта ҳисобланади. Шундай экан, хусусий тадбиркорлар ҳам хавфсизлик нуқтаи назаридан иншоотни барпо қилишда шу жиҳатларга янада эътиборлироқ бўлиши лозим. Қишлоқ қурилиш бош лойиҳа тадқиқот институти бош муҳандиси Шерзод ОДИЛОВнинг изоҳларига кўра, бино иншоотларнинг хизмат муддатини буюртмачининг ўзи танлайди.
Бунда фойдаланиш турига қараб дейлик, турар жой бинолари хусусан, кўп қаватли уйлар 70-80 йилгача, шифохона ёки шунга ўхшаш бошқа бир ижтимоий соҳа объектлари 150-200 йилгача, махсус АЭСлар эса 500 йилгача хизмат муддати ўтаб бериши белгиланган, – деди бош муҳандис.
Гарчи мутахассислар яқин орада Ўзбекистонда кучли зилзила содир бўлмаслигини таъкидлашса-да, ҳар бир иншоот мустаҳкам қурилиши учун талаблар кучайтирилиши, тартиблар эса қоғозда эмас, амалда ишлаши мақсадга мувофиқ бўлади.

Аббос ИМОМОВ

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid