Туркманистон Ўзбекистонга бепул берган суюлтирилган газ нима мақсадда ишлатилиши маълум қилинди

Маълум қилинишича, Туркманистон томонидан тақдим этилган суюлтирилган газ яқин кунларда эҳтиёжманд оилаларга бепул тарқатилади.Шунингдек, вазирлик ижтимоий тармоқларда “Туркманистон газ конида носозлик сабабли январ ойининг маълум кунларида етказиб берилмаган газ учун Ўзбекистон томони Туркманистондан катта миқдорда компенсация пули талаб қилган” мазмунида тарқалган хабарга ҳам муносабат билдирди. Унда Энергетика вазирлиги ушбу хабарлар ҳеч қандай асосга эга эмаслиги ва мутлақо ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилган. Фуқаролардан бу каби тасдиқланмаган хабарларга ишонмасликни сўраган. Шу ўринда яна бир муҳим маълумот: Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги ҳамда яқин қардошлик ришталаридан келиб чиқиб, ўзаро ҳурмат белгиси сифатида икки мамлакат ўртасида дўстона ёрдам алмашилди. Туркманистондан юртимизга суюлтирилган газ партияси етказган ўлса, Ўзбекистон ҳам қўшни давлатга 20 та замонавий тез ёрдам машиналари жўнатди. Эслатиб ўтамиз: Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳаммедовнинг дўстона ва биродарлик билан қўллаб-қувватлаш мақсадида суюлтирилган газни Ўзбекистонга бепул ўтказиш бўйича имзолаган фармони доирасида ушбу жараён амалга оширилган.
