platina.uz
Жамият

Пойтахтнинг янги ҳокимига жамоатчилик муҳим 3 талабни қўймоқда

Пойтахтнинг янги ҳокимига жамоатчилик муҳим 3 талабни қўймоқда
Жорий йилнинг январь ойида Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев лавозимидан озод қилинди. Собиқ ҳоким ишдан олингандан сўнг, «Юксалиш» ҳаракати пойтахт ҳокими, биринчи галда, қайси муммоларни ҳал қилиши зарурлиги ҳақида фуқаролик жамияти, бизнес, журналистлар ва экспертлар фикрини билиш мақсадида сўровнома ўтказди. Сўровда 107 нафар жамоатчилик фаоллари, сиёсатчилар, журналистлар, блогерлар, ННТ, бизнес ва академик доира вакиллари иштирок этди. Улар орасида сиёсатчилар — Фарҳод Толипов, Юрий Саруханян, Азамат Сеитов, Нозима Муратова, Рустам Комилов, Баҳром Ражабов, инсон ҳуқуқлари бўйича юрист Дилфуза Қуролова, фуқаролик жамияти фаоллари, журналист ва блогерлар — Беруний Алимов, Никита Макаренко, Муҳрим Аъзамхўжаев, Қобил Хидиров, Ақида Хонум, Барногул Санақулова, Жаҳонгир Азимов ва бошқалар бор. Саволларга жавоб бериш жараёнида уларнинг ҳар бири бир неча жавоб вариантларини танлаш ҳамда бошқа, ўз вариантини ёзиш имконига эга бўлишди. Энг кўп танланган жавоб вариантлар учлиги қуйидагича:
  • Шаҳар Бош режаси тасдиқлангунига қадар шаҳарда қурилиш амалга оширишга мораторий эълон қилиш — бу жавобни 76 нафар респондент танлаган;
  • Уй-жой коммунал хизматлар инфратузилмсини, шу жумладан мавзелар ичидаги электр узатиш линияларини модернизация қилиш — 73 нафар респондент;
  • Жамоат транспортини яхшилаш — 72 нафар респондент.
Сўнгги беш йилда Ўзбекистонда 300 мингдан ортиқ турар-жой бинолари (таққослаш учун, 2000—2014 йилларда 86 мингта) қурилган, уларнинг деярли тўртдан бир қисми Тошкент шаҳрида жойлашган. Қурилиш кўплиги, бир томондан, минглаб аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондиришга, қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни ривожлантиришга, иш ўринларини яратишга хизмат қилса, иккинчи томондан, мавжуд коммуникациялар ва ижтимоий объектлар юкини сезиларли даражада оширади. Қурилишларда янги инфратузилмани яратмасдан, мавжуд инфратузилмага уланилса, вазият янада оғирлашади. Бундай ёндашув ён-атрофодаги уйларда яшовчи аҳолининг норозилигига ҳам сабаб бўлади, чунки кўп ҳолларда мавзелар ичида янги бино қурилиши бошланиши билан атрофи тўсилади, болалар ва спорт майдончалари, сайр қилиш йўлаклари ва бошқа яшил ҳудудлар қисқаради ёки йўқ бўлиб кетади. Ўтган йиллар давомида тошкентликлар бир неча марта ўз манфаатларини ҳимоя қилиш, инфратузилмани сақлаб қолиш, дарахтлар кесилмаслиги учун курашишга мажбур бўлди. Ривожланган мамлакатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, сифатли қурилишлар маҳаллий ҳокимликларнинг шаҳарсозлик сиёсатига боғлиқ. Ердан фойдаланиш ва қурилиш қоидалари, тармоқларга уланиш шартлари бор. Масалан, Францияда қурувчилар шаҳарлар кенгайишига олиб келадиган қурилиш лойиҳалари учун билвосита харажатларни тўлайди. Буларга инфратузилма солиғи, ҳудуд табиатини сақлаш ва ривожлантириш харажатларини қоплаш учун ягона қайта қуриш солиғи, жамоат транспортини молиялаштириш ҳамда бинолар зичлиги учун олинадиган солиқлар киради. Жорий йилнинг январь ойида юзага келган энергетика инқирози билан боғлиқ вазият пойтахтнинг ярим асрдан ошган коммунал инфратузилмасини модернизация қилиш зарурлигини кўрсатди. Жумладан, 2018 йил Адлия вазирлиги томонидан Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги (ҳозир Қурилиш ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги бўлиб қайта ташкил қилинган) фаолиятининг таҳлили шуни кўрсатдики, коммунал ускуналар ва сув муҳандислик коммуникацияси сезиларли даражада эскирган. Сув қувурлари, канализация тармоқлари ва коллекторларнинг учдан бир қисмидан кўпроғи таъмирга муҳтож, 760 га яқин қозонхона ва 5 минг километр иссиқлик тармоқларининг ҳолати иссиқлик энергиясининг ортиқча йўқотилишига олиб келмоқда. Бундай шароитда Тошкентни ихчамлаштириш сиёсатини қайта кўриб чиқиш, ҳудудда комплекс қурилиш ишларини Бош режа асосида қилиш муҳим аҳамият касб этади. Шаҳар транспорт тармоғини бежизга «шаҳарнинг қон айланиш тизими»га ўхшатишмайди. Бунда қон томирлари бўйлаб одамларнинг узлуксиз ҳаракатланиши таъминланади. Лекин Тошкентнинг жамоат транспорти тизими ривожланмаган ва бу билан мақтана олмайди. Шаҳарнинг 3 миллион аҳолисига 1000 та автобус ва метро тўғри келади. Жамоат транспортларида ҳаракат жадвалига риоя қилинмаслик, тирбандликлар, транспорти воситаларининг сифати ва ҳолати фуқароларнинг шахсий автомобиль ёки таксида ҳаракатланишни афзал кўришларига олиб келмоқда. Натижада тирбандликлар нафақат куннинг тиғиз вақтларида, балки ҳар доим кузатилади, ҳаво ифлосланиши ҳам ортади. Кейинги йилларда дунёнинг ривожланган давлатларида жамоат транспортини жонлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Масалан, Пекин, Мадрид ва Москва янги метро ва темир йўл линияларига катта сармоя киритди, велосипед ва пиёдалар йўлаклари сонини кўпайтирди. Сеул, Шенчжен ва Цингапур жамоат транспорти арзонлиги рейтингида етакчилик қилмоқда. Ушбу шаҳарларда мутасаддилар шахсий транспорт воситаларига эгалик қилишни мураккаблаштириш, қийматини оширишнинг фаол чораларини кўрмоқда. Мақсад – экологияга етказилган зарарни қоплаш ва ижтимоий харажатларни тежаш. Шанхайдан ташқарида рўйхатдан ўтган транспорт воситаларининг айрим шаҳарларга кириши тақиқланади. "Экспертлар Тошкент шаҳар ҳокимлиги жамоат транспорти сиёсатини қайта кўриб чиқиши керак", деган фикрда. Сўровнома иштирокчилари (63 киши), шунингдек, шаҳар экологиясини яхшилаш бўйича тезкор чораларни кўриш зарур, деб ҳисоблайди. Дарахтлар кесилиши, автомобиллар сони, қурилишлар ортиши ва бошқа факторлар, масалан, ҳаво сифатига таъсир кўрсатмоқда. Респондентлар (62 нафар) хавфсиз йўлларни лойиҳалаштириш заруратини ҳам қайд этишди. Чунки жамоатчиликни тез-тез содир бўлаётган ЙТҲлар, йўл инфратузилмаси пиёдалар учун эмас, ҳайдовчилар эҳтиёжларига йўналтирилаётганлиги ташвишга солмоқда. Респондентларнинг (56 нафар) деярли учдан бир қисми яшил ҳудудлар ва жамоат жойларни кенгайтиришни, бошқа қисми (50 нафар) ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай муҳит яратишни таъкидлаган. Экспертлар ҳокимлик жамоаси таркибига профессионал, жумладан хорижлик урбанистларни ҳам жалб этишга, мавзелар ичидаги кўп қаватли уйлар аҳолиси билан янги қурилиш лойиҳаларини муҳокама қилиш ва келишиш механизмини жорий қилишга чақирган. Шунингдек, фуқаролар билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, қабул қилинаётган қарорларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, Тошкент шаҳрида ҳокимни сайлаш амалиётини тажриба тариқасида жорий этиш кераклигини қайд этишган.
Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid