platina.uz
Жамият

Иқтисодчи, сайёҳ ва эколог... Абдуҳакимов табиатни асрашдаги пуллар “ювилиши”га чек қўя оладими?

Иқтисодчи, сайёҳ ва эколог...  Абдуҳакимов табиатни асрашдаги пуллар “ювилиши”га чек қўя оладими?
2023 йилдан амалга киритилган маъмурий ислоҳотлар фонида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ўрнида янги ташкил этилган Табиат ресурслари вазирлигининг ҳозирча фақат номи ўзгарди холос. Шу пайтгача Экология қўмитаси нима иш қилган бўлса, янгиси ҳам шуни бажаряпти. Бу мантиқан ҳам тўғри, ахир негизида қайта тузилди. Айни пайтда вазирликни Азиз Абдуҳакимов бошқаряпти.

https://www.youtube.com/watch?v=cYZaqiwGCWo Мутахассислиги иқтисодчи бўлган Абдуҳакимов ишини банклардан бошлаган. 2014 йилгача турли лавозимларда ўз йўналишида фаолият юритган. 2014 йилдан эса Меҳнат вазири лавозимига тайинланган. 3 йилдан кейин туризм қўмитаси раҳбари бўлган ва бир йил ишлар-ишламас, бош вазирнинг туризм бўйича ўринбосари лавозимига кўтарилган. 48 ёшли иқтисодчи айнан туризмни ривожлантиришда салмоқли ҳисса қўшди, дейиш мумкин. Ўзбекистонга сайёҳларни жалб қилиш кўрсаткичи сезиларли ошди. Шунинг учун ҳам сўнгги лавозимда 4 йилдан зиёд ишлади. Маъмурий ислоҳотлар фонида лавозимлар қайта тақсимланаётган пайтда ҳукумат мулозимлари қисқартиришга учради. Жумладан, бош вазирга 4 та ўринбосар лавозими қолди, бошқалари эса қисқартирилди. Бу орада Абдуҳакимов ҳам бир муддат ишсиз юрди ва кўп ўтмай, унинг учун Табиат ресурслари вазирлигини тузишди ва уни раҳбар этиб тайинлашди. Туризм ва экология йўналиши нисбатан табиий жараёнларга боғлиқ бўлиб, уни исталган одам бошқариши мумкин. Айтайлик, трансформация, инновация каби нюанслар шарт эмас. Озгина меҳр ва фидойилик, жасорат лозим. Буни Абдуҳакимов туризм соҳасида исботлай олди. Аммо барибир табиий ресурсларни ҳимоя қилиш бироз мушкулроқ. Чунки соҳада коррупция талайгина, ўзлаштириш кўп. Биргина дарахткушлик ортидан миллиардлаб пуллар "ювилишини" ўтган йиллар давомида кўрдик. Президент мораторий эълон қилганига қарамай, дарахт кесиш тўхтамаяпти, ҳатто бурни тагидаги Тошкентда ҳам. Яна бир хавфли йўналиш бор: заҳарли кимёвий ва радиоактив моддалардан экологик хавфсиз фойдаланишни таъминлаш. Масалан, бу орқали ғирт ядровий зарарли бўлган АЭС қурилишига қарши нимадир қила олиш. Аммо Абдуҳакимовнинг ақалли қарши фикр айта олиши ҳам ҳозирча гумон остида. Бундан ташқари, деярли қуриб битган Орол денгизи, канализация, чиқиндилар, тозалик маданияти, ўрмонлаштириш, Қизил китобга киритилган ҳайвонларни ҳимоялаш каби йўналишлар ҳам унинг бўйнида. Айтганимиздек, Абдуҳакимовга туризмдаги каби осон бўлмаслиги аниқ. Энди бир масала очиқ турибди: хорижий давлатларда ҳам худди шундай вазирлик борми? Албатта, ҳатто кўп. Бизга энг яқинлари Россия, Озарбайжон, Туркия, Украина, Хитой бўлса, ривожланган давлатлар орасида Аргентина, Бразилия, Канада, Саудия Арабистони, Франция, Финландия, Германия, Япония, Жанубий Корея, Малайзия, Сингапур, Испания, Швейцария, Британия ва АҚШда ҳам бор. Нима ҳам дердик, янги йилда Азиз Абдуҳакимов ўзини ҳар томонлама кўрсатиб, табиат кушандаларига қарши аёвсиз кураш олиб боришига умид қиламиз. Ҳар ҳолда вазирликни айнан у ишсиз қолиб кетмаслиги учун тузишмаганини ҳам исботлаши керак-ку!

ЗАҲИРИДДИН
Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid