platina.uz
Жамият

2023 йилги Давлат дастури лойиҳаси умумхалқ муҳокамаси учун эълон қилинди

2023 йилги Давлат дастури лойиҳаси умумхалқ муҳокамаси учун эълон қилинди
«Тараққиёт стратегияси» маркази 2023 йилги давлат дастурига оид Президент фармони лойиҳасини жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилди. Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан анъанавий тарзда кўрсатиладиган қўшимча 200 та давлат хизматларини давлат хизматлари марказлари ҳамда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатиш йўлга қўйилади. Унга кўра, 2023 йил 1 июлдан бошлаб барча давлат органлари ва ташкилотларида «Аҳоли ва тадбиркорларга сервис сифатини ошириш» чора-тадбирлари белгиланади. Бунинг натижасида электрон шаклда кўрсатиладиган давлат хизматлари сони 73 фоизга етказилади. Маълумот ўрнида, ҳозирда мавжуд 770 дан ортиқ давлат хизматларидан 262 таси давлат хизматлари маркази, 370 таси (50 фоиз) Ягона интерактив давлат хизматлари порталида кўрсатилади.

Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари (ногиронлиги бўлган шахслар, оғир беморлар, кексалар ва бошқалар)га миграция ва фуқароликни расмийлаштириш соҳасидаги давлат хизматларини доимий яшаш ёки вақтинча турган жойига чиқиш орқали, кўрсатилган хизмат учун қўшимча тўлов ундирилмаган ҳолда кўрсатиш йўлга қўйилади.

Фуқароларнинг пенсия таъминотини яхшилаш ва пенсионерларни қўллаб-қувватлаш мақсадида, 2024 йил 1 январдан бошлаб пенсионерга ҳисобланган, лекин ўз вақтида олинмаган пенсияни тўлаш муддати 12 ойдан 24 ойга узайтирилсин. Натижада, 2,4 минг нафардан ортиқ фуқарога 21,7 млрд сўм миқдордаги пенсия тўлаб берилиши имконияти яратилади.

Таълим сифатини ошириш, соҳани илғор хорижий тажриба асосида ислоҳ қилиш мақсадида, 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб ҳар бир туман (шаҳар)нинг биттадан умумий ўрта таълим муассасасида ўқувчиларни иккита хорижий тил ва битта касб-ҳунарга ўргатиш амалиёти босқичма-босқич йўлга қўйилади.

Натижада, 76 та мактабда француз тили, 76 тасида немис, 37 тасида инглиз, 10 тасида корейс, 6 тасида хитой ва 3 тасида япон тиллари иккинчи хорижий тил сифатида ўқитилади. Шунингдек, ўқувчилар 10-синфдан бошлаб 64 та ишчи касблар, 21 та соҳада тадбиркорликка, 10 та IT ва “креатив индустрия” йўналишидаги касбларга ўргатилади. Ушбу жараёнга ёшлар етакчилари ва ҳудуддаги таниқли тадбиркорлар жалб қилинади.

2023/2024 ўқув йилидан бошлаб республиканинг барча вилоятлари ва Тошкент шаҳрида бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлаш йўлга қўйилади. Натижада, жорий йилда бепул овқат бериш тизими билан 2,5 млн нафар ўқувчини қамраб олиш ва ушбу мақсадларга 2,7 трлн сўмга яқин маблағ ажратиш таъминланади. 2022 йилда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятларида ушбу тизим билан 273 минг нафар ўқувчи қамраб олинди.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid