platina.uz
Таҳлил

Ислом Каримовнинг "сургун қилиниши" ва бошқа ҳақиқатлар

Ислом Каримовнинг "сургун қилиниши" ва бошқа ҳақиқатлар
Бугун Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов туғилган кун. Келинг, унинг ҳаёт йўли, фаолиятини хотирлаб ўтамиз. Ислом Каримов 1938 йил 30 январда Самарқанд шаҳрида оддий хизматчи оиласида таваллуд топди. Унинг оиласида ҳар кунги оғир меҳнат яшаш учун пул топишнинг ягона усули эди. Унинг болалиги уруш ва урушдан кейинги йилларга тўғри келди. У ва унинг барча яқинлари бир бурда ноннинг ҳақиқий баҳосини билганига қармасдан, қийинчилик ва йўқчиликни бошидан кечирди, улар минглаб ватандошларимиз каби Иккинчи жаҳон уруши вақтида Ўзбекистонга эвакуация қилинган кишилар билан ўз уйи ва туз-нонини баҳам кўрганди. Ислом Каримов 1945 йилда Самарқанддаги А.С.Пушкин номидаги 21-мактабга ўқишга кириб, уни олтин медаль билан тамомлади. Ўқувчилик йиллари мобайнида кўп адабиётларни, айниқса, тарих бўйича адабиётларни ўқиди. У аниқ фанларни ёқтирарди, шахматга, моделлаштириш ва стол теннисига қизиқарди. Меҳнат фаолиятини уста ёрдамчилигидан бошлаган 1955 йилда Ислом Абдуғаниевич Ўрта Осиё политехника институтига ўқишга кирди. 1960 йилда уни тамомлаб ва “муҳандис-механик” мутахассислиги бўйича диплом олиб, “Тошсельмаш” заводида ўз меҳнат фаолиятини бошлади ва қисқа давр ичида уста ёрдамчиси, уста ва технолог каби лавозимларда ишлашга улгурди. Бу завод қишлоқ хўжалиги техникасининг ҳар хил турларини, шу жумладан, пахта териш машиналарини ишлаб чиқарарди. Улар Ўзбекистон ва бошқа республикалар деҳқонларининг меҳнатини енгиллаштирарди, шунингдек, бошқа мамлакатларга экспорт қилинарди. Ўзининг интилувчанлиги, билимдонлиги ва ташкилий фазилатлари туфайли 1961 йилда у собиқ Совет Иттифоқининг ҳарбий-саноат мажмуасининг йирик корхоналаридан бирида – Тошкент авиация заводида муҳандис лавозимига тайинланди. Бу ерда у 1966 йилгача ишлаб, етакчи муҳандис-конструктор лавозимигача кўтарилди. Тақдир унга кулиб боқмаганди. У қатор қийинчиликлар ва тўсиқларни бартараф этиши лозим эди. Бу эса унинг характерини тоблар, уни янада мустаҳкам қиларди. У ҳаёт йўлини, авваламбор, ўз кучи ва билимларига таяниб босиб ўтди. Мактаб йилларида, институтда, ишлаб чиқаришдаги меҳнат фаолиятида ва иқтисодий таълим олаётганида ва диссертациясини ҳимоя қилганида ҳам у ўз кучи ва билимига таянди. У ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда таълим олди. Айнан шу тарзда 1967 йилда у Тошкент халқ хўжалиги институтининг кечки бўлимини тамомлади. 1973 йилда Тошкент халқ хўжалиги институтида “Ўзбекистон ССР саноатининг тармоқ тузилиши ва уни такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари” мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди. Давлат режа қўмитаси раисигача босиб ўтилган йўл 1975 йилда Москвада нуфузли Халқ хўжалиги бошқаруви институтида иқтисодий-математик усуллар ва ҳисоблаш техникасини қўллаган ҳолда ишлаб чиқариш ва режалаштиришни бошқариш, ташкил қилиш замонавий усуллари соҳаси бўйича таҳсил олди. 1994 йилда унга иқтисод фанлари доктори илмий даражаси, “макроиқтисодиёт” ихтисослиги бўйича профессор илмий унвони берилди. У Ўзбекистон Фанлар академиясининг “иқтисодиёт” ихтисослиги бўйича ҳақиқий аъзоси этиб сайланди. 1966 йилдан эътиборан Ислом Каримов Давлат режа қўмитасига ўтиб, фан бўлими бош мутахассиси лавозомидан Давлат режа қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимигача йўлни босиб ўтди, жиддий ва ўзига хос фикрлайдиган истеъдодли иқтисодчи обрўсига эришди. 1983 йилда Молия вазири, 1986 йилда Министрлар Кенгаши раисининг ўринбосари – Давлат режа қўмитаси раиси бўлди. Раҳбариятнинг “номақбул” И. Каримовдан қутулиш истаги Иқтисодчи, назариячи ва амалиётчи Ислом Каримов хўжалик юритишнинг маъмурий-буйруқбозлик тизими бутунлай нотўғрилигини кўриб англаган. Республиканинг молиявий-иқтисодий ривожланиши режаларини шакллантирган Давлат режа қўмитасида ва Молия вазирлигида хизмат пиллапояларидан ўтаётиб, таҳлилий тафаккурга эга бўлган ҳолда ҳеч кимга маълум бўлмаган юзага келган муаммоларни ич-ичидан ҳис қиларди. 1986 йилда ЎзССР Давлат режа қўмитаси раиси бўлган Ислом Абдуғаниевич вазиятни чуқур ўрганганидан кейин республика иқтисодий талофат олдида турганини англади. У вазиятни тушунган ва уни яхши томонга ўзгартишни хоҳлаган ҳолда Ўзбекистон Компартияси Марказий қўмитасига “Ўзбекистон иқтисодиёти ривожланиши муаммолари ва истиқболлари ҳақида”ги маълумотнома тайёрлади. У жиддий ва аниқ чоралар кўрилишига умид қилганди. Лекин вужудга келган вазият раҳбариятнинг шу даражада ғазабига сабаб бўлдики, унинг Тошкентда бундан буён қолишга имкони йўқ эди. “Номақбул” И.А.Каримовдан қутулиш истаги шунчалик кучли эдики, шу туфайли партия томонидан вилоят партия қўмитаси биринчи котиби лавозимига тайинлашнинг белгиланган тартиби бузилди. Шундай қилиб, у Сиёсий бюро йиғилишида Қашқадарё вилояти партия қўмитаси биринчи котиби лавозимига сиртдан тайинланди. Амалда бу унинг марказдан узоқроққа “сургун қилиниши” эди. Ижтимоий-иқтисодий вазият мураккаб бўлган Қашқадарёга “сургун” Ислом Абдуғаниевич жуда мураккаб вилоятга юборилган эди. Бутун Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий вазият осон эмасди, Қашқадарё вилоятида эса вазият анча мураккаблашган эди, чунки аввалги вилоят раҳбарияти халқнинг кўз онгида ўзи обрўсини туширган, у ерда партия раҳбарларига нисбатан ишонч умуман йўқ эди. У Қашқадарёда қарийб уч йил ишлади. Унинг бош мақсади халқнинг ишончини қозониш, ҳокимиятга нисбатан муносабатини ўзгартириш, вилоятда ишларнинг аҳволини яхшилашдан иборат эди. Ва у буни уддалади. Қарийб 300 км йўллар, бозорлар, ижтимоий-маданий объектлар қурилди. Ҳозиргача вилоятда одамлар Ислом Каримов ишлаган кунларини мамнуният билан эслайдилар. Фожиали воқеалар рўй берган паллада Ўзбекистон бошқарувини ўз зиммасига олди Ўша йилларда “Меҳнат Қизил Байроқ” (1981) ва “Халқлар дўстлиги” (1988) орденлари билан тақдирланганди. 1989 йил 23 июнь куни И.А.Каримов Ўзбекистон Компартияси Марказий қўмитаси биринчи котиби этиб сайланди ва ўша вақтда фожиали воқеалар рўй берган паллада Ўзбекистон бошқарувини ўз зиммасига олди. Ислом Каримов Ўзбекистон раҳбари этиб сайланганидан кейинги кунидаёқ, яъни 1989 йил 24 июнда ҳукумат йиғилишида у қатъиян: “Биз бундан буён эскича яшолмаймиз ва бундай яшашга замоннинг ўзи йўл қўймайди”, деган фикрни илгари сурди, шунингдек, қадамба-қадам республикамизни ривожлантириш бўйича чуқур ўйланган ўз дастурини татбиқ этишга киришди. Қисқа муддатларда тубдан кўрилган бошқа чоралар билан бирга 1989 йил августидаёқ тарихий қарор қабул қилинди – 400 минг гектарга яқин суғориладиган ерлар қарийб 2,5 миллион оилага томорқа сифатида ажратиб берилди. Бу, шубҳасиз, долзарб ижтимоий муаммоларни ҳал қилишда мамлакатимизда тинчлик ва барқарорликни сақлашга хизмат қилди. Агар битта тарихий фактни ҳисобга оладиган бўлсак, ушбу биринчи навбатдаги ўзгаришнинг бутун миқёсини англаш қийин эмас: совет ҳокимиятининг 72 йили мобайнида Ўзбекистон қишлоқ аҳолисига атиги 300 минг гектар ер ажратилган эди, холос. Мустақилликни қўлга киритиш йўлида биринчи ғалаба 1989 йил октябрида жуда узоқ вақт мобайнида иккинчи даражали ўринларда бўлган ўзбек тилига давлат тили мақомини берган “Давлат тили тўғрисида”ги қонун қабул қилингани Ислом Каримовнинг дадил сиёсий қадами бўлди. Бу ўзбек халқининг миллий онги юксалиши учун муҳим аҳамиятга эга бўлиб, мустақилликни қўлга киритиш йўлида биринчи ғалаба эди. 1990 йил март ойида М.С.Горбачев ва унинг атрофидагиларни ҳайрон қолдириб, Ўзбекистон иттифоқдош республикалардан биринчи бўлиб Республика Президенти лавозимини жорий қилди. 1990 йил 24 март куни Олий Советнинг сессиясида И.А.Каримов Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти этиб сайланди. 1991 йил 31 августда 12 чақириқ Ўзбекистон ССР Олий Советининг навбатдан ташқари олтинчи сессиясида И.А.Каримов Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигини эълон қилди. Ўша куннинг ўзида “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мустақиллиги асослари тўғрисида”ги Қонунга имзо чекди. Сайлов 1991 йил 29 декабрда умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилди. Мутлақ кўпчилик овоз билан ушбу юксак лавозимга Ислом Каримов сайланди. Унга сайловчиларнинг 86 фоизи овоз берди. Президент сайлови билан бир вақтда Ўзбекистон мустақиллиги масаласи бўйича референдум ўтказилди. Овоз беришга келган деярли барча фуқаролар мустақил суверен Ўзбекистон учун фикр билдирдилар. У Ўзбекитсонни 25 йил бошқарди. Ислом Каримов 2016 йил 2 сентябрь куни соат 20.55 да Тошкентда мия қон айланишининг ўткир бузилиши (инсульт) оқибатида вафот этди. Бажо келтирилган васият Ислом Абдуғаниевич ўзини она Самарқанд заминида дафн этилишини хоҳлаган эди. Ва унинг васияти бажо келтирилди. 2016 йил 3 сентябрь куни Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти ўзининг кичик ватани – Самарқанд шаҳрининг қадимий Ҳазрати Ҳизр масжидида дафн этилди.

ЗАҲИРИДДИН

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid