platina.uz
Таҳлил

Бир қадам олдинга, икки қадам орқага

Бир қадам олдинга, икки қадам орқага
Ёхуд ҳатто пойтахтликларни ҳам “оёққа турғазган” “свет”, газ машмашаси Пойтахтда яшаш ҳам қийин бўлиб қолибди. Ўзи яқиндагина жануб томонлардан шу ерга, ватанимизнинг энг цвилизацияси гуллаган жойига хотину бола-чақа билан бирга кўчиб келдим. Шаҳарнинг қоқ марказидан икки хонали уйни ижарага олдим-да, “ана энди қишни роҳат-фароғатда ўтказаман” деб ўйладим. Аммо ният ўхшамади. Пешана экан. Барибир қишнинг совуғидан қочиб қутулолмадим. Биз тараққиёт деганда беками-кўст шароитни тушунардик. Лекин мана шу тараққиётда ҳам “бир қадам олдинга, икки қадам орқага” шиори бўлиши ҳе-е-еч ақлга сиғмаган экан. Чилла дегани ёмон келди. Уй эса тобора Сибирга айланиб бораверди. Охири бўлмади, “ота-бобомнинг қўли” дедим-да, шартта квартирага сандал ўрнатиб олдим. Бай-бай-бай. Уйнинг ичи муз бўлсаям, оёқни сандалга тоблаб ётсанг, баҳорда яшаётгандек бўласан. Қоп-қоронғи хонада, кўзинг очиқми-йўқми, билмайдиган паллада хаёлга нималар келмайди-я. Шу энди қурилаётган уйларни, масалан, меҳмонхонасигами сандал ўрнатиб қуришса, жуда-а соз иш бўларди. Бу электр токи дегани омонат нарса экан. Ҳали қишга кириб келмасдан тежаш бошланди. Қишлоқда газ-свет йўқлигига одам кўниккани учунми, аламинг ҳам келмайди. Шунчаки унутасан, тамом, вассалом. Бу ерда-чи? Бу ерда биринчидан асаб касали бўласан, иккинчидан қўлингдан ҳеч нарса келмайди. Учинчидан эса, соялаб юрган ёзни бутун қиш мобайнида эслайсан, хотирлайсан, соғинасан. Қизиқ, ҳалигача бошим қотади. Нимага қишнинг тараддусини қишда кўришар экан-а? Нима, айб қишдамикин? Нимага энди бош ёрилгандан кейин уни авайлаш керак? Тўғри, тежавация жуда ривожланган бизда. Лекин у фақат халққа келганда ишга тушади. Бошқа тарафдан қаралса, халқдан нима фойда? Солиқ тўламаяпти деб ўчириб-ёқаверсаям ин-н-ндамайди. Ахир биз доим ўзимизга керак бўлган нарсани бошқаларга сахийларча узатган халқмиз… Масалан-да, эшакни ўлдирадиган бундай совуқда телевизор ишлаб чиқаришга бало борми? Қанақадир тарақа-туруқни баҳорда ҳам қилса бўлади-ку. Эй, бундай заводлар тиқилиб ётибди. Халқ бир ойда ёқиб тугатолмайдиган электр энергиясини бир кунда ишлатадиган заводу фабрикалар баҳоргача дамини олиб турса, осмон узилиб тушмас. Ёки узилиб тушадими? Вей, халқ дегани ашқол-дашқолдан муҳимдир. Эй, ана, чироқ бир ёниб ўчди. Агар бу қишлоқда бўлганида, “ухлайверинглар, барибир ёнмайман” деган сигнални берарди. Бу ерда эса унинг маъноси бошқача экан. “Тежангизлар!” Яъни, “ёниқ қолган жойларни ўчиринг, эртага бемаҳалда ёнамиз” дегани. “Вақтида ёқсак печка қўшиб уйини иситиб қўймасин” дейишса керак-да бу тежашга масъул шахслар. Эртага шаҳар ҳокимлигига бормоқчиман. Чироқ-газ муаммосини кўтармайман, бундан уларнинг ҳам боши ғовлаб кетгани аниқ. Мен уларга бир таклиф бераман. Йўқ, заводларни тўхтатиб туришни айтмайман. Бари бир бунинг иложи йўқ. Буни қилишганда аллақачон қилишарди. Мен катта-катта пулни санаган, ер олган, тендердан ютган, ким ўзарга 10-15 қаватлаб уй қураётган тадбиркорларга бир квартирага камида битта сандал қўндиришни таклиф қиламан.

Ғояни пуллаш дейсизми, ҳа йўға. Менга сариқ чақаси ҳам керакмас, ғоя улардан айлансин. Шунчаки боқиманда деган ном олишни хоҳламайман. Энг муҳими, одамлар эсон-омон қишдан чиқиб олишсин.

Оламгир АБДИЕВ

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid