Сўз эркинлигими ёки ғирром ўйинлар – Сиз қайси томондасиз?

Маълумот учун: “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 6-моддасида журналистнинг мажбуриятларидан бири сифатида шахснинг ҳуқуқлари ва эркинликларини, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиши шартлиги кўрсатилган.Бундай хатти-ҳаракатларни сўз эркинлиги эмас, балки паст стандартли фаолият, нопрофессионал маълумот тарқатиш деб баҳолаш мумкин. Бу нафақат ОАВда, ҳатто фуқаро сифатида шахсий фикрини оммага баён этишда ҳам қабул қилиб бўлмайдиган энг тубан усул ҳисобланади. Мамлакатимизда сўз эркинлиги ва ахборот майдони ўзига хос трансформация жараёнини кечираётган бир даврда бу каби ғайриинсоний мулоқот йўли сўз эркинлигининг самараси ва истиқболдаги тараққиётини катта савол остига қўяди. Бу каби мулоқот нафақат ОАВ обрўсига путур етказиши, балки очиқ мулоқот учун интилаётган бошқа давлат органларига ҳам ёмон ишора юбориб, уларни очиқликдан бездириши ва охир-оқибат умуман жамоатчилик манфаатларига зиён етишига олиб келиши мумкин. Деструктив мулоқот узоқ давом этмайди, катта зарар келтиради, мулоқотнинг самарасини йўққа чиқаради, томонлар бир бирини эшитмай қўйишига олиб келади. Бу каби ҳаракатлар аввало жамиятда фуқаролик жамияти институтларига ишончнинг сўнишига, журналистика ва блогосферанинг обрўсизланишига, алалхусус, шаффофлик ва очиқликни таъминлаш бўйича олиб борилаётган сиёсатга салбий таъсир кўрсатди. Замонавий дунёда энг муросасиз мухолифатчилар ҳам бир стол атрофида маданиятли сўзлар ва ишоралар орқали ўз танқид, эътироз ва ҳатто нафратини айтмоқда. Зеро, инсоннинг ҳайвондан фарқи ҳам унинг маданиятли мулоқот қила олишидадир. Бугун Президентимиз очиқлик сиёсатини энг олдинги ўринга қўйгани ҳеч кимга сир эмас. Сўнгги йилларда олиб борилаётган ислоҳотларнинг флагмани сифатида ҳам айнан сўз эркинлиги борасида амалга оширилган институционал ўзгаришлар тилга олинади. Ҳар қандай муросасиз танқид, фикр, эътироз ҳам бугунги ахборот асрида айтилишга ва эшитилишга ҳақли, айтиляпти ва эшитиляпти ҳам. Бироқ сўз эркинлигидек юксак қадриятни шахсий манфаат йўлида шантаж қуролига айлантириш бу қадриятга хиёнатдир. Қолаверса, биз цензура диктатурасидан қутулдик деганимизда энди “сўз шантажи” диктатураси остига тушишимиз мумкин эмас, бунга ҳар қандай очиқ фикрли, саводли, прогрессив инсонлар рози бўлмаслиги керак. Биз танқид ва фикрлар учун доим очиқ бўлганимиз ҳолда, ҳақорат ва шахс қадр-қимматини пастга урувчи ҳаракатларга жим қараб турмаслигимиз лозим. Шу ўринда журналистлар ҳамжамияти, жамоатчилик фаоллари, савияли ва юқори стандартларга содиқ блогерлар ҳамда фикр етакчилари бу шароитда ўз позицияларини аниқлаб олишлари, ўзаро ҳурмат ҳамда юқори стандартли журналистика, сўз эркинлиги ҳимоясида туришлари жуда муҳим. Ахборот тарқатишда қонунийлик, холислик, одоб-ахлоқ ва инсонийлик принциплари етакчи бўлмоғи керак. Ҳамма соҳада ҳуқуқбузарликка жавобгарлик мавжуд экан, шубҳасиз, ахборот тарқатиш соҳасида ҳам ёлғон, туҳмат ва товламачиликдан иборат ахборот тарқатганлик учун тегишли жавобгарлик мавжудлигини эслатиб ўтамиз. Блогерлар ва журналистлар шахсни обрўсизлантирувчи маълумотлар тарқатишдан олдин уни текшириб олишга масъулият билан ёндашишлари лозим.
