platina.uz
Таҳлил

Бугун ким зўр?

Бугун ким зўр?

#Митти_фельетон

Болалигимда онам айтиб берган бир эртак эсимдан чиқмайди. Музга тойиб оёғи синган қирғовул бир неча нарсалар ва жониворларни: “Сен недан зўрсан?” дея саволга тутади. Сўралганларнинг бари ўзидан кучли нарсани айтиб, ожизлигини тан олади. Масалан, Азим Суюн шеърга солгандай:

- Ўт ака, ўт ака,

Сен недин зўрсан?

- Ваҳ, мен зўр бўсам,

Қўйга жемиш бўлармидим?

Бу йил шу савол берилса, ҚАҲРАТОН АКА: “Эҳ-о, мен зўрман-да!” дея жавоб берган бўларди.

     - МЕН ЗЎР БЎЛМАСАМ, газлар пасайиб кетиб, одамлар совуққа қотармиди?  Халқ газ ўрнига тезак-чалма ёқармиди?

     - МЕН ЗЎР БЎЛМАСАМ, раҳбарлар бутун айбни об-ҳаво инжиқлигига йўйиб, сувдан қуруқ чиқишга ҳаракат қилармиди?

      - МЕН ЗЎР БЎЛМАСАМ, ёқилғи қуйиш шохобчаларида машиналар навбати 4-5 километрга чўзилиб кетармиди?

 - МЕН ЗЎР БЎЛМАСАМ, йўлкиралар икки бараварга ошиб кетармиди? (Гулистон шаҳар автобусига чиқсам, кира ҳақи 100 фоиз ошганлигига гувоҳ бўлдим. Зеро, улар йўналишни тендерда ютганларида кира ҳақи қатъий белгилаб қўйилади. Нега, улар ўзбошимчалик билан кира ҳақини икки баравар оширишаяпти? Маҳаллий ҳокимлик қаерга қараяпти?)

Қирғовул қараса, ҚАҲРАТОН забтига олаяпти. Савол берганига пушаймон бўлиб, ўша жойнинг ўзида ҚАҲРАТОНГА қараб қичқириб юборибди:

- ЭҲ-О, СЕН ЗЎРСАН-ДА! ЭҲ-О, СЕН ЗЎРСАН-ДА!

Узунқулоқ гапларга қараганда, бу муаммони ҳал қилишга ҳукуматнинг кўзи етмаслигини билган ҚИРҒОВУЛ ҚУЁШ БОБОНИ ИЗЛАБ КЕТГАН ЭМИШ.

  Муҳаммадали АҲМАД           

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid