Маъмурий ислоҳотлар ҳақида айрим мулоҳазалар

ИИВ сайтидаги хабарга кўра (кейинчалик ўчирилган), 1973 йил 12 декабрда туғилган Мусаев Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «А» банди, 175-моддаси 2-қисми «А» банди, 178-моддаси 3-қисми, 179-моддаси, 184-моддаси 3-қисми, 205-моддаси 2-қисми «А» банди билан айбланиб, қидирувга берилган.
У айбланган моддаларда ўзганинг мулкини ўзлаштириш, растрата қилиш, валютани қасддан яшириш, сохта тадбиркорлик, даромад ва солиқлардан бўйин товлаш каби айбловлар жой олган. Балки булар биринчи президент Ислом Каримов билан боғлиқдир, ҳозирча буниси қоронғу.
Шу тариқа эски Ўзбекистондан қочгани айтилган Беҳзод Мусаев 2018 йилда янги Ўзбекистонда пайдо бўлиб қолган. Ўзбекистондаги очиқ манбалар ва сайтлардан расмий маълумот топиш имконсиз. Жиноят кодексининг юқорида келтирилган моддаларида зарарларни қисман, тўлиқ ёки ортиғи билан қайтарган бўлса, қамалмайди, деб ёзилган.
Ва энг муҳими, нима учун иқтисодчи одам тиббиётга бош этиб тайинланган? Тўғри, Ўзбекистонда бундай вазирлару амалдорлар кўплаб топилади. Қолаверса, 1-2 йилда алмашиб ҳам кетади, бирор иш қилишга улгурмай. Бу албатта, Мусаевнинг ўзига боғлиқ эмас.
Лекин соҳани ривожлантириш ниятимиз бўлса, аниқроғи, давлат ва ҳукумат раҳбарлари соғлиқни сақлашда инқилобий ўзгариш, ислоҳотлар амалга оширишни ростакам исташса, соҳани чуқур билган, бой тажрибага эга мутахассис кадрни топишлари керак эди. Бу йилги маъмурий ислоҳотларда соҳага бош қилиб қўйилган Амрилло Иноятов шундай танланди, деб умид қиламиз. Мусаев эса ўз йўналишида етарлича яхши ўзгариш қила оладиган кадр эканини солиқ қўмитасида ишлаган пайтида кўрдик.
Ҳа, дарвоқе, аввалги ана шундай бошқарувдаги ўзгаришларнинг бирида тошлоқликларни "ҳароми" деб ҳақоратлаган Шуҳрат Ғаниевнинг эса Фарғона вилояти ҳокимлигидан кетганида кўпчилик хурсандлигини яширолмаганди. Чунки Ғаниевнинг қилиқлари ва гап-сўзлари одамларга ёқмаётган эди.
Шунингдек, у бир блогерни ўлдириш билан ҳам таҳдид қилган. Газ ва чироқ йўқлигини айтиб чиққан блогернинг жанозасини ўқиш кераклигини Қува ҳокимига маслаҳат берганди.
Бундан ташқари, Қирғизистон билан чегарадош бўлган эксклав ҳудуд Сўх туманидаги Лимбур қишлоғини харитадан ўчириб ташлаш билан қўрқитган.
Шундай норозиликлар кўпайгач, Ғаниев ҳокимликдан ишдан олинган ва бош вазир ўринбосари лавозимига кўтарилган. Шу билан у кўздан йироқлашган, эътиборга ҳам тушмай қўйган.
Жорий йил бошидаги маъмурий ислоҳотлар фонида эса Шуҳрат Ғаниевнинг қаерга ўтгани кечроқ эълон қилинди. Чунки бош вазир ўринбосарлари лавозими 4 тага қисқартирилган эди. Кейинроқ Ғаниев президент маслаҳатчиси этиб тайинлангани маълум бўлди.
Қиссадан ҳисса шуки, Ўзбекистонга келгандан бери тайинли бир лавозимда ишламаган Беҳзод Мусаев янги ишида ҳам бирор нимани қойиллатишига шубҳа бордек. Шуҳрат Ғаниев эса ҳозирча кўтарилишда давом этяпти, муҳими, одамларга зарари тегмаса бўлди. Балки янги Ўзбекистонда бу иккиси ҳам яхши томонга ўзгариб, чинакамига халқ дардига шерик бўлар. Кутамиз, кузатамиз.
ЗАҲИРИДДИН
