platina.uz
Жамият

Ички ишлар ходимлари энди халққа яқинлашадими?

Ички ишлар ходимлари энди халққа яқинлашадими?
Сўз эркинлигига бевосита ва билвосита дахл қилувчи орган — ички ишлар ходимлари эндиликда ўзлари ҳам шундай тақиққа учраган ва уларнинг устидан халқ назорати кодекс билан таъминланган. Аввал хабар қилганимиздек , Президент имзолаган «Ички ишлар органларини халқчил профессионал тузилмага айлантириш ва аҳоли билан янада яқин ҳамкорликда ишлашга йўналтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорга кўра, ички ишлар органлари ходимларининг касбий маданият ва хизмат интизоми кодекси тасдиқланган. Кодекс ички ишлар органлари ходимларини «Инсон қадри учун» тамойили асосида тарбиялаш орқали аҳолининг чинакам розилигига эришишга қаратилган. Эндиликда Ички ишлар вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмаларида жамоатчилик асосида доимий фаолият юритувчи маслаҳат-кенгаш органи ҳисобланган, соҳа олимлари, фахрийлари ва журналистлардан иборат жамоатчилик кенгашлари тузилади. Бу ички ишлар органлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати тизимини яратиш мақсадида қилингани айтилган. Шу пайтгача қўлланилган тажрибадан шуни билиш мумкинки, ИИБ ходимлари аксарият ҳолларда журналист ва блогерларга қўлларидан ва оёқларидан келганча қаршилик кўрсатган. Аслида бунга ҳаққи ҳам, ваколати ҳам бўлмаса-да. Масалан, бир қатор автоблогерларни ушлаб, асосий қуроли телефонларини олиб, ичидаги барча контентни ўчириб, кейин ўша телефон орқали блогерга узр сўраттирган ҳам айнан ИИБ ходимларидир. Ёки "Пахтакор" стадионига футбол учрашувини ёритишга борган тележурналистларга аввалига куч ишлатиб, кейин техник қуролларга шикаст етказган, уларни стадионга киритмаган ҳам айнан ички ишлар ходимларидир. Бунақа мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Энг ёмони, бирорта ҳолат бўйича Ички ишлар вазири шахсан баёнот ё изоҳ бермаган, халқ тугул журналистларга кўринмаган. Ҳар пайшанба куни ўтказиладиган (қайта тикланган) матбуот анжуманларида, ОАВ ходимлари бир неча бор талаб қилган бўлса-да, қатнашмаган. Натижада шу матбуот анжуманлари ҳам ҳозир яна йўқ бўлиб кетди. Янги кодексга кўра, энди журналистлар ва блогерлар ишига бирорта ходим тўсқинлик қилмаслиги керак. Замона зайлини қарангки, конституция ва бошқа бир неча қонунларда акс этган бу ҳолат энди биттагина кодекс билан изига тушиб кетишига умид қилса бўладими? Қайтар дунё деганларидек, ички ишлар органлари ходимларига ҳам сўз эркинлигидан фойдаланиш қисман чекланмоқда. Яъни ходимларга ижтимоий тармоқларда давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолиятини муҳокама қилиш, мамлакатда, шу жумладан, ички ишлар органларида амалга оширилаётган ислоҳотларга нисбатан одамларда ишончсизлик кайфиятини келтириши мумкин бўлган нохолис, субъектив материалларни жойлаштириш тақиқланган. ИИБ ходимлари энди ўзлари фуқарога қўллаган усулдан ўзлари жабр чекишлари мумкин. Аммо қонун билан бундай тақиқ қўйишга ҳеч ким ҳақли эмас. Чунки конституция ҳар кимга ахборот, сўз ва фикр эркинлигини кафолатлайди, шу жумладан, фуқаро сифатида ИИО ходимларига ҳам. Журналистлар доим адолат тарафида, улар энг кўп шундан жабр кўрган бўлсалар ҳам. Шунингдек, кодексда ички ишлар органлари ходимларига қуйидаги тақиқлар қўйилган:
  • хизмат мажбуриятларини бажариш ва хизмат вақтида ёҳуд хизмат кийимида спиртли ичимликлар истеъмол қилиш;

  • мансаб ваколатларини сиёсий партиялар, жамоат бирлашмалари ва уларнинг органлари манфаатлари йўлида амалга ошириш;

  • тадбиркорлик фаолияти субъекти сифатида ёки унинг номидан бу соҳада қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириладиган, ўзи таваккал қилиб ва мулкий жавобгарлиги остида даромад олишга қаратилган фаолият билан шуғулланиш;

  • тадбиркорлик фаолияти субъектларини ташкил этишга, уларнинг муассиси бўлишга, тадбиркорлик фаолияти субъектида ташкилий-бошқарув, маъмурий-хўжалик вазифаларини бажариш;

  • хизмат ваколатларини жисмоний ва юридик шахслар манфаатларини кўзлаб бажариш ёки бажармаслик эвазига улардан ҳар қандай совғалар ҳамда ҳар қандай кўринишдаги моддий бойликларни олиш ёхуд уларнинг хизматларидан фойдаланиш;

  • хизмат фаолияти билан боғлиқ маълумотларни оила аъзолари, таниш-билишлари ёки хизматга алоқадор бўлмаган бошқа шахслар билан муҳокама қилиш.

Кодекснинг умумий мазмуни барибир ИИО ходимларининг ахлоқига бориб тақалади. Энди бу қонун амалда ҳам ишлашини кўришимиз, ҳис қилишимиз керак.

ЗАҲИРИДДИН

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid