platina.uz
Жамият

Фельдшерни калтаклаган фуқарога жиноят иши қўзғатилди 

Фельдшерни калтаклаган фуқарога жиноят иши қўзғатилди 
Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилоятининг Тошкент туманида чақирув асосида келган «Тез ёрдам» ходимига хонадон эгаси томонидан жароҳат етказилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги  расмий маълумот берди Маълум қилинишича, жорий йилнинг 22 январь куни соат тахминан 16:20 ларда Тошкент тумани тез тиббий ёрдам бўлимига Қорабўриқ маҳалласидан чақириқ келиб тушган. Шундан сўнг соат 16:30ларда ТТЁ бригадасининг эркак ходимлари — шифокор М.М. ва фельдшер У.У. белгиланган манзилга етиб борган. Хонадондаги музламада йиқилиб, чап қўл суяги ёпиқ синиши жароҳатини олган бемор аёлга «103» бригадаси томонидан дарҳол биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган. Шу вақтда унинг 1999 йилда туғилган ўғли Ў.А. хонадонга кириб келиб,  тез тиббий ёрдам хизмати ходимларини ҳақорат қилган. Шунга қарамай, тиббиёт ходимлари  беморни шифохонага олиб борган вақтда аёлнинг ўғли келиб,  фельдшер — 1993 йилда туғилган У.У.ни калтаклаб, унга жиддий тан жароҳати етказган. Оқибатда жабр кўрган «Тез ёрдам» ходими Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасига олиб борилган. Текширувлар натижасида у «Бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, ўнг томон ёноқ соҳаси кўкарган жароҳати, ўнг томонлама ёноқ соҳаси ва периорбитал соҳанинг териости гематомаси» ташхиси билан шошилинч нейрохирургия бўлимига ётқизилган. Ҳозир бемор белгиланган стандартлар асосида тиббий муолажаларни олмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур ҳолатни ўз назоратига олган.  Ҳозирда 24 ёшли фуқаро Ў.А. ички ишлар органлари томонидан процессуал тартибда ушланган, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid