platina.uz
Таҳлил

Зомбилашган авлод, лотин ёзувига сакраш “сериали”, ўғри амалдорлар...

Зомбилашган авлод, лотин ёзувига сакраш “сериали”, ўғри амалдорлар...
Сохта қарсакбозлик, китобхонлик, тадбирбозлик, мажлисбозлик ва яна шунга ўхшаш бир нимабозликлар бу мавзунинг сийқаси чиқишига олиб келди. Кўр-кўрона яшаш, "юқоридагилар"га яхши кўриниш учун уриниш, эшагим лойдан ўтса бўлди қабилида иш тутиш каби кўзбўямачиликлар бизни камида бир неча авлод муддатига жарликка улоқтирди. Ҳа, балки сезгандирсиз, гап миллий ғоя ва маънавият ҳақида кетяпти. Дарров қўл силташга шошманг, бир неча дақиқа сабр қилинг, эҳтимол сиз олдин дуч келмаган янги гаплар чиқиб қолар. Чунки миллатни юксалтириш, мукаммал жамиятга айлантириш ва юртни ривожлантиришда сув ва ҳаводек, ҳа, айнан сув ва ҳаводек зарур бўлган тизим ҳақида фикрлашамиз бугун. Тажриба майдони Иккинчи жаҳон уруши тугаб, бир неча ой ўтгач, 1945 йил августда Япониянинг Хиросима ва Нагасаки шаҳарларига АҚШ атом бомбаларини ташлаган. Шаҳарлар кулга айланган. Бир неча юз минглаб одамлар қирилиб кетган. Ҳайвоноту наботот оламини айтмаса ҳам бўлади. Япон халқи, миллатининг барча умиди сўнган, келажакка ишончи ўлган, эртага не бўлишини билмай яшаётган бир пайтда атом бомбаси тушган жойдан ўсимлик униб чиққан. Атроф фақат кул, вайрона, ер ўпирилиб кетган, аммо ўт ўсиб чиққан. Буни ҳатто америкалик олимлар ҳам кутмаган эди, японларни-ку қўяверинг. Шу биргина ўсимлик японларга умид ва ишонч берган. Япон иқтисодиёти урушдан кейин қай даражада ривожланиб кетганини ортиқча таърифлаш шартмас. Муҳими, улар ўз олдига мақсад қўйди, режа қилди, япон миллий ғоясини бутун дунёга танитишни истади. Чунки улар энди кимгадир қарам бўлишни, тажриба майдонига айланишни истамади. Умуман олганда эса уруш такрорланмаслиги учун ҳам бор кучини сафарбар этди. Энг аввало ёш авлод таълимини ҳар нарсадан устун қўйдилар. Уларни ўқитган ўқитувчиларни эса бошларига кўтаришди. Боғчаданоқ миллийлик сингдирилди, урра-урра билан эмас, чин хоҳиш, амалий ҳаракатлар билан. Болалар ўзи ўқиб, билимини оширмаса, бу дунёдан йўқ қилиб юборишлари мумкинлигини ўзлари кўришди. Натижа эса маълум: технология ва илм-фан бўйича дунёда улар олдинда. Саводсизлик фитнаси Собиқ иттифоқ пайтида, қарийб ярим асрлик даврда ўзбек зиёлилари авж паллага кирган эди. Қатағондан кейин бундай тикланиш узоқ йиллик дастур ва режа билан бўлган, албатта. Ўша даврни эсланг, буюк ёзувчию шоирлар, буюк киночилар, санъаткорлар, дубляж усталари етишиб чиққан. Масалан, бирорта кино ёзувчиларнинг кўриги ва таҳририсиз оммага намойиш этилмаган. 1990 йиллар келдию СССР парчаланди, биз мустақил бўлдик. Ва гўёки энди ёзувимиз ҳам ўзгариши керакдек кўринди чоғи. Натижада лотин ёзувига сакраш "сериали" бошланди. Мана, орадан 30 йил ўтди ҳамки, на унисидамиз, на бунисида. Ҳозирги авлод шунга яраша: кирилл ва лотинни аралаштириб ёзади, ўқийди ва хатони тўғри, деб билади. Бу даражага тушишимизга 30 йил керак бўлди. Энди уни қайта тиклаш учун ҳам камида шунча вақт кетади. Баъзида ўйланиб қолади одам: бу атай қилинмаяптимикин? Лотин ёзувига тўлиқ ўтиш бўйича бир неча марта уриниш бўлди, аммо натижа йўқ. Халқ аросатда: лотинми ё кирилл? Миллатни йўқотишнинг энг бирламчи усуллари унинг тили ва ёзувини йўқ қилишдир. Миллатимизни саводсизлантиришдан кимдир манфаатдор эмас, деган яхши гумондамиз. Эскини ямагунча эсинг кетади Ҳозир телевизорни асосан ёш болалар ва ёши катталар кўради. ТВда мультфильм ёки сериаллар гуркирайди. Зомбилашган авлод эса ўзини интернетга урган, кимдир вайнер ё блогер, бошқаси шунчаки уларнинг кузатувчиси. Айримлари эса белдан паст ҳазиллари билан уялмай концерт беришади ва бунинг тарбияга таъсири йўқ, деб ўзларини оқлашади. Аммо ўзлари ёшлигида бунақа бемаза, тутуриқсиз ва бачкана ҳангомаларни эшитмай улғайганини унутади. Ўзбек сериалларида мавзу бир хил: келин-куёв, қайнона-келин, бой-камбағал, ҳатто бизнинг ҳаётимизда йўқ қуролли саҳналар ҳам бор. Ҳаётдан олинмаяптими, демак, у сохта. Ўта маишийлашиб кетиляптими, демак, томошабин талаби шунга мос. Томошабин эса ўзимиз, 30 йилда аросатда қолган миллат. Ҳозирги ёшлар фақат бир нарсани ўйлайди ва истайди: пул топиб, бойиб кетиб, яхши яшашни. Ва бунга тўла ҳақли ҳам. Чунки эртанги кунга умиди йўқ, ўзи қоронғи ва совуқ қишлоқда катта бўлди, болаларини-да шундай тақдир кутяпти. Тезроқ бойиб кетса, биринчи мақсади чет элга суриш, чунки Ўзбекистонда энди пулга ҳам яшаш имконсиз бўлиб боряпти. Бунинг сабаби эса юқорида ўтирган ўғри амалдорлар. Кўряпсизми, бу муаммолар бир-бирига узвий боғлиқ, бири бошқасига уланиб, бир-бирини тўлдириб бораверади. Айниқса, бу йилги қишда янги ва эски Ўзбекистоннинг асл башараси кўриниб қолди: барча коммуникация тизими чириган, деярли ҳаммаси биз доим ёмонлаб келган СССР пайтида қурилганларидир. Ишонмайсизми? Масалан, ҳозир бирор жойда чироқ ўчса, сабаби нимада бўлади? Авария: трансформатор ё куйган, ё музлаган, ёниб кетган. Уни нима қилиш керак? Албатта, ямаш, тузатиш керак. Ҳозир қарийб ҳамма энергетик авариялар фақат ямаляпти, яъни вақтинча бартараф этиляпти, холос. У эртага яна портлайди, яна музлайди, яна ёнади. Чунки ҳаммаси эски. Учинчи ренессанс дея бонг урилаётган мамлакат ҳокимлари эса қўл бошқарувидан оёқ бошқарувига ўтиб, авария юз берган жойларни кўряпти, одамлардан ҳол сўраган бўляпти, ишқилиб ўзини кўрсатяпти. Аммо бирортасида аниқ мақсад, режа йўқ. Чунки улар сайланмаган, тайинланган. Исталган пайт курсидан туширилиб, кетига тепилиши мумкин. Буни Тошкентнинг собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев мисолида яна бир марта кўрдик. Шаҳарларимизга бош режа, давлатимизга бош мақсад керак. Ягона ғоя асосида бирлашиб, шунга ҳаракат қилиш пайти етди. Вақтинчалик ротациялар, яма-ямалар билан узоққа боролмаймиз. Агар шуни истасак, албатта. Миллий ғояни ким топади? Ҳозирги ҳолатимизда республика маънавият ва маърифат маркази аслида шунга масъул. Аммо улар тадбирбозлик ва кўр-кўрона ишлашдан нарига ўтмаяпти. Балки уларга бундай имкониятни беришмас, яъни эрки ўзидамасдир. Мабодо немислар, японлардек қатъиятли, аниқ мақсадига эга миллат, еврейлардек мағрур ва фақат ўзини ўйлайдиган қавм бўлишни хоҳласак, ягона миллат ғоясини ишлаб чиқишимиз шарт. Балки уни миллий ғоя деб атамасмиз, эҳтимол мутлақо бошқача тизим тузилар, маънавият маркази ҳам керак эмас бизга. Аммо ягона ғояни белгилаб, шунга қараб интилиш вақти етди. Уни амалга оширишга эса бир неча ўн йиллар зарур бўлади. Ҳозирги йўқотилган, зомбилашган авлодга кўникишга мажбурмиз. Уларни илмли, китоб ўқийдиган қиламан, деб овора бўлманглар, бу фақат кўзбўямачилик ва "пул ювиш" бўлади холос. Чунки билимни ҳар ким ўзи олиши, китобни машина учунмас, ўзи учун ўқиши ва бу тўғри эканини англаши, тушуниши керак. Шундагина нимадир қилишимиз мумкин.

ЗАҲИРИДДИН

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid