"Яшил" иқтисодиёт учун қандай кадрлар тайёрланаяпти?

- “Яшил” иқтисодиётга ўтиш табиий ресурслар (шу жумладан сув) дан нооқилона фойдаланиш, ҳавонинг ифлосланиши, ўрмонларнинг қисқариши, ерларнинг деградацияга учраши ва иқлим ўзгариши каби экологик муаммоларни ҳал этишда ёрдам беради.
- Юқори даражадаги IТ кўникмаларига эга бўлган аҳоли улушининг ошиши “яшил” бандликнинг ўсишига бошқа омилларга нисбатан кўпроқ таъсир кўрсатади.
- 2022/2023 ўқув йилида тайёрланадиган кадрларнинг 30% дан ортиғи “яшил” иқтисодиётга мос келади (таққослаш учун, 2019/2020 ўқув йилида 5%).
Республика олий ўқув юртларида (шу жумладан, ҳудудий филиалларда) “яшил” иқтисодиётга ўтиш учун энг зарур мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрлаш, жумладан биотехнологлар, муқобил (қуёш ва шамол) энергетика, шунингдек, сув ва ер ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича муҳандислар, иқлим хавфини баҳолаш, биоиқтисодиёт бўйича мутахассисларни тайёрлаш йўлга қўйилган.
Шу билан бирга энергия тежамкор иншоотлар ва технологияларни, жумладан сунъий интеллектни лойиҳалаш, фойдаланиш ва ишлаб чиқариш бўйича кадрлар тайёрлаш ҳам йўлга қўйилган.
