platina.uz
Жамият

Энди махсус департамент одил судловга оид муаммоларни таҳлил қилади

Энди махсус департамент одил судловга оид муаммоларни таҳлил қилади
Жорий йил 16 январь куни икки муҳим ҳужжат –  “Одил судловга эришиш имкониятларининг янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ҳамда “Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонлари имзоланди. Аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтиришга қаратилган ушбу 2 та Фармон билан судлар фаолияти самарадорлигини ошириш чоралари белгиланмоқда. Жумладан, 2023-2026 йилларда суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш бўйича СТРАТЕГИЯ ва уни амалга оширишга оид ҲАРАКАТЛАР ДАСТУРИ тасдиқланмоқда. Стратегия доирасида соҳадаги устувор вазифалар белгиланмоқда. Биринчидан, суд тизимини “Инсон қадри учун” ғояси асосида ривожлантириш, судга бўлган ишончни адолатли суд қарорлари орқали мустаҳкамлаш; Иккинчидан, тортишув ва тарафлар тенглиги тамойилларини тўлиқ рўёбга чиқариш, судлар фаолиятини рақамлаштиришни ва суд мажлисларида масофадан туриб иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш; Учинчидан эса судьялар мустақиллиги ва дахлсизлиги кафолатларини кучайтириш, суд қарорларининг қатъий ижросини таъминлаш ва бошқалар. Ҳаракатлар дастурида эса 10 та йўналиш бўйича 28 та чора-тадбирлар аниқ муддати ва масъуллари билан кўрсатилмоқда. Жумладан, одил судлов фаолиятига ташқи ва ички тарафдан АРАЛАШИШ имкониятларини бартараф этиш чоралари кўзда тутилмоқда. Хусусан:
  • СУДГА ҲУРМАТСИЗЛИК қилганлик учун маъмурий жавобгарлик чораларини кучайтириш ва жиноий жавобгарлик белгилаш;
  • судьянинг турар жойи, ёзишмалари, телефон сўзлашувлари билан боғлиқ тезкор-қидирув тадбирлари ФАҚАТ БОШ ПРОКУРОР САНКЦИЯСИ асосида ўтказилишини белгилаш;
  • суд ҳужжатлари ўз вақтида ва тўлиқ ижро этилишини таъминлашга қаратилган ТАЪСИРЧАН МЕХАНИЗМЛАРни жорий этиш.
Шунингдек, Олий суд тузилмаси мавжуд штатлар доирасида такомиллаштирилиб, қуйидагилар ташкил этилмоқда:
  • соҳадаги муаммоларни таҳлил қилиш ва ҳуқуқ ижодкорлигини амалга ошириш, халқаро рейтинглар билан ишлаш ва бошқа вазифаларни бажарадиган Одил судлов соҳасидаги қонунчиликни таҳлил қилиш департаменти;
  • барча судларда ишларни кўриш билан боғлиқ вазиятни онлайн таҳлил қилиш, процессуал тартиб ва муддатларга риоя этилишини мониторинг қилиб борувчи Ахборот коммуникация мониторинги – Вазиятлар маркази.
Фармонда назарда тутилган энг муҳим вазифалардан бири эса суднинг очиқлиги ва жамоатчилик билан мустаҳкам алоқаларни таъминлашдир. Бу борада эса янгича механизмлар белгиланмоқда. Яъни Ўзбекистон Судьялари Ассоциациясининг суд ҳокимияти обрўсини мустаҳкамлаш ишларида масъулияти оширилмоқда. Жумладан, ОАВ ва ижтимоий тармоқларда суд фаолияти бўйича асоссиз эълон қилинган ҳар бир ҳолатга суд фахрийлари томонидан объектив равишда ва тезкор муносабат билдириб бориш назарда тутилмоқда. Яна прокурорларнинг судлардаги иштирокини такомиллаштириш чоралари белгиланмоқда. Яъни одил судловни амалга оширишда айбловни фақат қонунга асосланиб, холис ва сифатли қувватлаш, суд амалиётидан келиб чиққан ҳолда тергов ходимларининг амалий кўникмаларини оширишга кўмаклашувчи ИХТИСОСЛАШГАН ПРОКУРОРЛАР КОРПУСИ фаолияти йўлга қўйилади. Ихтисослашган прокурорлар корпуси фаолиятига бошқа соҳавий прокурорлар АРАЛАШУВИ ТАҚИҚЛАНИБ, корпус ходимларини ротация қилиш учун Бош прокурор ўринбосари розилиги шартлиги кўзда тутилмоқда. Шунингдек, мураккаб тоифадаги ишларни муҳокама қилиш, ёш кадрларни тўғри йўналтириш ва амалий кўникмаларини ривожлантириш ишларига кўмаклашиш мақсадида ҳар бир вилоят прокуратурасида ихтисослашган прокурорлар корпуси ва бошқа йўналишларда узоқ йиллар фаолият кўрсатган тажрибали ходимлардан иборат МАСЛАҲАТ КЕНГАШЛАРИ ташкил этилмоқда. Фармонда белгиланган яна бир янги тартибга кўра, 2023 йил 1 сентябрга қадар “СУДЛАРДА ПРОКУРОР ИШТИРОКИ” автоматлашган ахборот тизими яратилади. Ушбу тизим эса 2024 йил 1 январдан тўлиқ ишга туширилади.
Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid