platina.uz
Жамият

Чет элда ишламоқчи бўлган фуқароларга хориждан бўш иш ўринлари таклиф этилмоқда

Чет элда ишламоқчи бўлган фуқароларга хориждан бўш иш ўринлари таклиф этилмоқда
АОКАда ўтказилган брифингда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ахборот хизмати раҳбари Ортиқхўжа Норов фуқароларни хорижий давлатларга ишга жалб қилиш, уларнинг хорижда ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги ишлар юзасидан маълумот берди.

Хорижнинг ваколатли ташкилотлари ва салоҳиятли иш берувчилари билан олиб борилган музокаралар натижасида Буюк Британия, Болгария, Латвия, Польша, Германия, Сербия, Финляндия, Россия, Қозоғистон каби давлатлардан 112 та ташкилот билан ҳамкорлик келишувлари имзоланиб, уларда 15 мингга яқин бўш иш ўринлари аниқланган.

2022 йилда Россия, Корея, Қозоғистон, Германия, Сербия, Япония, Англия, Туркия каби давлатларда 36 мингга яқин юртдошимиз манзилли ишларга жойлаштирилди.

Алоҳида таъкидлаш жоиз, хорижий ташкилотлар билан олиб борилган музокаралар натижасида, Корея Республикасига 4901 нафар, Англияга 78 нафар, Германияга эса 63 нафар юртдошимизни ишга жўнатишга эришилди.

Агентлик фаолиятининг муҳим йўналишларидан яна бири ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, моддий ёрдам кўрсатиш ҳисобланади. Ушбу йўналишдаги рақамларга тўхталадиган бўлсак, жами 308 мингдан ортиқ фуқарога хизматлар кўрсатилган. Шундан, 270 мингдан ортиғига маслаҳат хизмати, 14 мингга яқинига ҳуқуқий, 20 мингдан ортиғига ижтимоий, 4 мингга яқинига моддий ёрдам, шундан, 1 минг 424 нафарига БҲМнинг икки бараваридан, жами 72 минг АҚШ доллари миқдорида бир марталик моддий ёрдам кўрсатилган.

Шунингдек, 285 нафар фуқаро вақтинчалик хостелларга жойлаштирилган, оғир вазиятларга тушиб қолган 963 нафар фуқаро эса Ўзбекистонга олиб келинган.

Агентликнинг хориждаги ваколатхоналари аралашуви билан юртдошларимиз иш берувчиларидан 1 млн 200 минг АҚШ доллари миқдоридаги иш ҳақлари ундириб берилган.

Ўзбекистон фуқароларини ташкиллаштирилган ҳолда ишга жалб қилиш бўйича Англия, Япония, Германия, Польша, Исроил ва Жанубий Корея иш берувчилари билан эришилган келишувлар келгусида кўплаб фуқароларимизни ушбу давлатларга юқори маошли ишларга жалб қилиш имконини беради.

Бугунги кунда чет элда ишлаш истагида бўлган юртдошларимиз учун Германия, Руминия, Венгрия, Англия каби давлатларда тиббиёт, ҳайдовчилик, қурилиш ҳамда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишнинг турли соҳаларида бўш иш ўринлари таклиф этилмоқда.

Юқоридаги иш ўринлари ҳақида батафсил маълумот олиш учун Агентликка 1282 қисқа рақами ёки 71 коди билан 202-33-55 ва 200-00-61 рақамлари орқали мурожаат қилиш мумкин.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid