platina.uz
Таҳлил

Тўрт йил ортга сурилган қонун лойиҳаси тақдири: бугуннинг долзарб масаласида қачон бир тўхтамга келинади?

Тўрт йил ортга сурилган қонун лойиҳаси тақдири: бугуннинг долзарб масаласида қачон бир тўхтамга келинади?
Тиббиёт ходимларининг касбий амалиётини бажаришига тўсиқ бўлаётган ва уларнинг ҳаёти ҳамда соғлиғига таъсир қиладиган ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, содир этилган ҳуқуқбузарликлар учун жазо муқаррарлигини таъминлаш мақсадида “Адолат” СДП фракциясининг бир гуруҳ аъзолари томонидан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича қонун лойиҳаси 2019 йилда тайёрланган эди. Негаки тиббиёт тизими ходимлари “Адолат” СДПнинг асосий электорати ҳисобланади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Шуҳрат ЁҚУБОВ тўрт йил аввал илгари сурилган мазкур таклифни беморлар ва уларнинг яқин қариндошлари томонидан тиббиёт ходимларига нисбатан ғайриқонуний равишда тажовуз қилиниши, айрим вазиятларда ҳеч қандай айби бўлмаса-да, беморнинг ўлими ёки соғлиғи ҳолати ёмонлашишида ҳеч бир сабабсиз шифокорни айблаш ва унга тажовуз қилиш ҳолатлари кўпайиб бораётгани билан изоҳлаганди. Масалан, 2019-2022 йилларда 285 дан ортиқ ҳолатда тиббиёт ходимларига нисбатан турли шаклда тажовуз қилинган. Бу рақамлар вазият қандайлигини тасаввур қилиш учун кифоя, бизнингча. Ниҳоят, тўрт йил ўтиб, яъни Қонунчилик палатасининг 2022 йилнинг 13 декабр санасида бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишида депутатлар “Тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик белгиланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқишган. Лойиҳа ташаббускорлари амалдаги қонунчиликда хизмат вазифасини бажариб турган тиббиёт ходимига нисбатан турли шаклда қонунга хилоф равишда таъсир ўтказганлик, тиббий ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун тўғридан-тўғри жавобгарлик белгиланмагани билдиришган. Бу каби омиллар эса амалиётда турли муаммоларни келтириб чиқараётганини урғулашган. Шу аснода қонун лойиҳаси учинчи ўқишда депутатлар томонидан қабул қилинган. Энди ушбу лойиҳа Сенат томонидан маъқулланиб, Президент томонидан имзоланса, амалиётган татбиқ этилади. Аммо таклиф ва қонунчиликка мазкур масала доирасида ўзгартириш киритиш ҳақидаги лойиҳа жуда кўп баҳс-мунозараларга сабаб бўлгани ҳам бор гап: масалан, айрим ҳуқуқшунос экспертларда “бундай қонунни қабул қилиш шартми, тиббиёт ҳодимларига тажовуз қилинса, бошқа моддалар билан жавобгарликка тортса бўлади-ку?! Масалан, хақорат учун жавобгарлик бор, тан жароҳати етказганлик учун ҳам тегишли моддаларда жавобгарлик белгиланган-ку?” қабилида саволлар туғилган. Ёки жамоатчилик орасида “тажовузларга кўп ҳолатларда тиббиёт ходимларининг ўзлари сабабчи”, деган қарашлар йўқ эмас. Бундай муносабатларга жавобан Қонунчилик палатаси депутати Шуҳрат ЁҚУБОВ қуйидагича изоҳ берган:
– Лекин айрим вазиятларда ҳеч қандай айби бўлмаса-да, беморнинг ўлими ёки соғлиғи ҳолати ёмонлашишида ҳеч бир сабабсиз шифокорни айблаш ва унга тажовуз қилиш, унинг натижаси тиббиёт ходимларининг кенг жамоатчилик ўртасидаги обрўси пасайишига, шифокорларнинг меҳнатга муносабати ўзгариб, ўз касбидан безиб кетиш ҳолатлари ҳам учрамоқда. Биз қонун ижодкорлари, айниқса, тиббиёт ходимларининг ўз электорати деб белгиланган сиёсий партия вакиллари бу борада ўз сўзимизни айтишимиз зарур, деб ҳисоблаймиз.
Депутат шунингдек, аксарият шифокор экспертларимиз жавобгарлик чораларининг оғирроқ ва қатъий бўлиши тарафдоридир. Улар “белгиланадиган жазо чоралари енгил бўлса, унинг аҳамияти ҳам бўлмайди”, деган фикрдалигини билдирган. Кеча Сурхондарёда бўлган ҳолат, яъни ижтимоий тармоқларда «Сурхондарё вилояти Бойсун туманида врач аёвсиз калтакланди»! – сарлавҳаси остида тарқалган видеохабар бу лойиҳанинг, яъни қонунчиликка киритилиши кутилаётган ўзгартиришнинг қанчалик муҳимлиги учун яққол исботдир. Сурхондарё вилояти ички ишлар бошқармаси ушбу ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди. Расмий муносабатда келтирилишича, воқеа жорий йилнинг 9 январ куни 14:30 ларда содир бўлган. Сурхондарё вилоятининг Бойсун тумани «Косиблар» маҳалласида жойлашган Бойсун тумани тиббиёт бирлашмасида шифокор вазифасида ишловчи Ф.Ж ни фуқаро Ш.Х уриб тан жароҳати етказиши натижасида тан жароҳати олиб ерга йиқилган. Ушбу ҳолат юзасидан ўтказилган терговга қадар текширув ҳаракатлари вақтида Ш.Х, Ш.Ҳ, Ф.Ж га нисбатан судга оид тиббиёт экспертизаси тайинланади ва экспертиза хулосасига кўра Ф.Ж. (шифокор)нинг олган тан жароҳати «енгил» тан жароҳати деб баҳоланган. Мазкур ҳолат юзасидан 2023 йил 10 январ куни Бойсун туман ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан фуқаро Ш.Ҳ ва Ш.Х ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-модда 2-қисмининг «б» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилаётгани маълум қилинган расмий муносабатда.
Маълумот учун: агар юқорида қайд этилган қонун Сенат томонидан маъқулланиб, Президент томонидан имзоланса, тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки шу мақсадда тиббиёт ходимига турли шаклда қонунга хилоф равишда таъсир ўтказиш учун маъмурий жавобгарлик фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан етти бараваригача, мансабдор шахсларга эса — етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олиш чоралари қўлланилади.
Эслатиб ўтамиз: аввалроқ Фарғона вилояти Риштон туманида тез ёрдам ходими калтакланган эди.
Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid