platina.uz
Таҳлил

Педагогларни мажбурий меҳнатга жалб қилганлик учун жавобгарлик янада кучайтирилиши кутиляпти

Педагогларни мажбурий меҳнатга жалб қилганлик учун жавобгарлик янада кучайтирилиши кутиляпти
Бугун бўлиб ўтаётган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида жуда кўп баҳс-мунозараларга сабаб бўлган ҳолатлардан бири – педагогларни мажбурий меҳнатга жалб қилганлик учун жавобгарликни янада кучайтириш масаласи кўриб чиқилиши кутиляпти... Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, Конституциявий комиссия матбуот котиби Одилжон Тожиевнинг маълум қилишича, Қонунчилик палатасида бугун бўлиб ўтадиган ялпи мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилади. Мазкур қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда Жиноят кодексларига таълим муассасасининг педагог ходимларини мажбурий меҳнатга жалб қилиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни янада кучайтириш таклиф этилмоқда.
Хусусан: Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга педагогларни меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш, — базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан бир юз эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши; Таълим муассасаси педагог ходимининг касбий фаолиятига таълим олувчилар билимини тўғри ва холис баҳолашига таъсир кўрсатиш билан ифодаланган тарзда қонунга хилоф равишда аралашиш ёки таълим муассасаси педагог ходимининг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш, — фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг етти бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса – ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши;
(Амалдаги қонунчиликда ушбу ҳуқуқбузарликка нисбатан белгиланган жарималар миқдори фуқароларга БҲМнинг 5 бараваридан 7 бараваригача, мансабдор шахсларга эса – 7 бараваридан 10 бараваригача миқдорни ташкил этади)
Худди шундай ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, — фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса – ўн беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлишини назарда тутувчи нормани киритиш назарда тутилмоқда.
(Амалдаги қонунчиликка кўра, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 7 бараваридан 10 бараваригача, мансабдор шахсларга эса — 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Маъмурий қамоққа олиш билан боғлиқ жазо чораси мавжуд эмас) Шунингдек, Жиноят Кодесига ҳам таълим муассасасининг педагог ходимига нисбатан меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этган тақдирда ҳуқуқбузар базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланишини мустаҳкамловчи янги норма қўшиш таклиф этилмоқда. Журналист-ҳуқуқшунос Зафарбек Солижонов бу таклифни жуда тўғри ва муҳим қадамлигини маълум қилган. “Эндиликда депутатларимиз ижро ҳокимиятидан ҳужжат ижросини вақти-вақти билан талаб қилиб турса етади” деб муносабат билдирган журналист-ҳуқуқшунос. Эслатиб ўтамиз: Президент Администрацияси Ижро этувчи аппаратининг Коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шўъба мудири Саида Мирзиёева ҳам сал аввалроқ ўқитувчиларни худди йигирма йил олдинги каби яна хонадонларни айланиб чиқишга ва ўқувчилар рўйхатини тузишга мажбур қилишаётгани ҳақида эшитиб, жуда хафа бўлганини маълум қилган ва ўқитувчиларга бўлган муносабатни қайта кўриб чиқиш ўта зарурлиги, мутасаддилардан эса уларнинг зиммасига кераксиз ва ноқонуний вазифалар юклашни бас қилишларини сўраганди.
Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid