platina.uz
Жамият

Озарбайжон—Ўзбекистон Инвестиция жамғармаси ташкил этилади

Озарбайжон—Ўзбекистон Инвестиция жамғармаси ташкил этилади
Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг Озарбайжонга ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев ва Озарбайжон Республикаси иқтисодиёт вазири Микаил Жабборов ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги маълумотига кўра, учрашувда икки давлатнинг асосий вазирлик ва идоралари раҳбарлари ҳам иштирок этди. Мулоқот чоғида савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт ва логистика соҳаларида икки томонлама ҳамкорликнинг кенг кўламли кун тартиби кўриб чиқилди. Ўзаро савдонинг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. 2021 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 42 фоизга, жорий йил бошидан эса яна 52 фоизга ошди. Келгуси даврда товар айирбошлаш ҳажмини бир неча баробар ошириш учун имконият ва ресурслар мавжудлиги таъкидланди. Томонлар талабга эга маҳсулотлар номенклатурасини шакллантириш ва етказиб беришни кўпайтириш, иккала мамлакатларга савдо ва ишбилармонлик миссияларини ташкил қилиш, йирик шаҳарларда миллий маҳсулотлар кўргазмаларини ўтказиш, савдо тармоқларида мева ва сабзавот маҳсулотларини, озиқ-овқат, тўқимачилик, чарм-пойабзал маҳсулотларини ўзаро етказиб бериш бўйича узоқ муддатли савдо шартномаларини тузишга келишиб олдилар. Саноат кооперацияси ва сармоявий шериклик соҳасидаги ҳамкорлик икки томонлама муносабатларнинг устувор йўналишларидан бири сифатида кўриб чиқилди. Ўзбекистон-Озарбайжон Инвестиция жамғармасини ташкил этиш бўйича қўшма ишларни жадаллаштириш, шунингдек, умумий қиймати 700 миллион доллардан ортиқ бўлган 5 та йирик лойиҳанинг молиявий-техникавий жиҳатларини ишлаб чиқишдан ўзаро манфаатдорлик билдирилди. Мазкур йўналишларда саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш бўйича Ишчи гуруҳ тузишга келишилди. Йиғилиш иштирокчилари қўшма корхоналарни, жумладан, автомобиллар ишлаб чиқариш, заргарлик буюмлари ва енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш чора-тадбирларига алоҳида эътибор қаратди. Кун тартибида транспорт-логистика соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокамаси ҳам муҳим ўрин тутди. Икки мамлакат ҳудудлари орқали юкларни, жумладан, кундалик эҳтиёждаги товарларни ташиш ҳажмини бир неча баробар ошириш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирларини муҳокама қилиш мақсадида Халқаро автомобиль транспорти бўйича Аралаш комиссиянинг биринчи йиғилишини ўтказишнинг ташкилий жиҳатлари келишиб олинди. Шу нуқтаи назардан, транспорт инфратузилмасини ривожлантириш истиқболлари ҳам қайд этилди.
Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid