platina.uz
Жамият

"Ҳудудгазтаъминот " АЖ истеъмолчиларга мурожаат билан чиқди

"Ҳудудгазтаъминот " АЖ истеъмолчиларга мурожаат билан чиқди
Ушбу қиш кунларида аҳолини табиий ва суюлтирилган газ билан таъминлаш учун барча саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг декабр ойи давомида барча тоифадаги истеъмолчиларга 2 миллиард метр кубдан ортиқ табиий газ етказиб берилди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7 фоизга кўпдир. Шунга қарамасдан, декабрнинг совуқ кунларида 200 мингдан ортиқ хонадон аҳолиси босимнинг пасайишига, 115 мингдан ортиғи табиий газ танқислигига дуч келди, бу эса фуқаролар ўртасида асосли норозилик ва шикоятларни келтириб чиқарди. “Зангори” ёқилғининг танқислиги билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш мақсадида табиий газни саноат корхоналари, автомобилларга газ қуйиш компрессор шохобчалари, бошқа йирик улгуржи истеъмолчилардан, аҳолига ва ижтимоий соҳа объектларига йўналтириш бўйича барча чоралар амалга оширилди. Натижада 16,4 мингдан ортиқ юридик шахсларининг газ етказиб бериш режа жадвалларига вақтинчалик чекловлар ва ўзгартиришлар киритилган. Тежаб қолинган табиий газ, танқислик билан боғлиқ масалаларнинг олдини олиб, 3,5 миллиондан ортиқ истеъмолчилар ва ижтимоий соҳа объектларининг эҳтиёжларига йўналтирилган. Таъкидлаш жоизки, «Ҳудудгазтаъминот» АЖ доимо истеъмолчиларни табиий газдан оқилона фойдаланишга ва уни тежашга чақиради. Шунга қарамасдан мавжуд вазиятга бефарқлик ҳолатлари учрамоқда. Мутахассислар томонидан ўтказилган мониторинг шуни кўрсатдики, битта истеъмолчи томонидан кунига ўртача газ истеъмоли 35 метр кубни ташкил қилади. Бу ҳажм уйни иситиш, овқат тайёрлаш ва сувни қайнатиш учун етарлидир. Шу билан бирга, «Ҳудудгазтаъминот» АЖга онлайн тарзда келиб тушадиган ҳисоблагич кўрсаткичларининг таҳлили шуни кўрсатдики, истеъмол ҳажми кунига 35 метр кубдан 318 метр кубгача бўлган уй хўжаликлари мавжуд. Шундай қилиб, ТГНҲАТ тизими шуни кўрсатдики, совуқ кунларда ўртача 2 663 297 истеъмолчи 35 метр кубгача газдан фойдаланади, бу эса кунига 44,3 миллион метр куб табиий газ ёки умумий ҳажмнинг 67 фоизини ташкил қилади. Шу билан бирга, 443 002 истеъмолчи 35 метр кубдан ортиқ фойдаланади, бу эса кунига 22,1 миллион метр куб газни ташкил қилади. Яъни, истеъмолчиларнинг 14 фоизи мамлакат аҳолисига етказиб бериладиган табиий газ умумий ҳажмининг 33 фоизини истеъмол қилади. Ушбу ҳисоб-китобларга марказий иситиш тизимига эга бўлган хонадонлар истеъмолчилари киритилмаган. «Ўзгидромет» нинг ҳаво ҳарорати пасайиши ҳақидаги маълумотларига кўра, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектлари ўртасида табиий газ истеъмоли кўпайиши кутилмоқда. Соҳа мутахассислари ҳар бир хонадон ва уй хўжаликларига табиий газ етказилиб берилиши, истеъмолчиларнинг “зангори” ёнилғида муаммолари бўлмаслиги ва шинам шароитда бўлиши учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда. Табиий газни истеъмолчиларга тенг ва адолатли тақсимланишида, фуқароларнинг қўллаб-қувватлаши ҳамда бевосита иштироки жуда муҳим саналади. Яъни хонадонлардаги иситиш қозонлари ҳарорати ва терморегулятор тезлигини бироз пасайтирилиши, “зангори” ёқилғидан бирламчи эҳтиёж учун фойдаланилиши, шунингдек, эҳтиёждан ортиқча газ ускуналаридан фойдаланмаслик, газ таъминотида узилишлар кузатилаётган уй хўжаликларидаги муаммоларни олдини олишга ёрдам беради. Шу муносабат билан «Ҳудудгазтаъминот» АЖ ҳурматли истеъмолчиларни мавжуд вазиятни тўғри тушунган ҳолда, табиий газдан имкон даражасида оқилона фойдаланишга чақиради. Газ таъминоти бўйича барча турдаги муаммо, савол ва таклифларни 1104 калл-маркази ёки 104 қисқа рақамларига қолдиришингиз мумкин. Газ таъминоти корхоналари мутахассислари томонидан ҳар бир мурожаат жойига чиққан ҳолда ўрганилиб, табиий газни узлуксиз етказиб бериш учун зарур чоралар кўрилади.
Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid