platina.uz
Жамият

БМТ бўлинмалари ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг ҳозирги даражаси юқори баҳоланди

БМТ бўлинмалари ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг ҳозирги даражаси юқори баҳоланди
20 декабрь куни Ўзбекистоннинг БМТдаги Доимий ваколатхонаси БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Терроризмга қарши кураш қўмитаси Ижроия директори томонидан Марказий Осиё давлатлари миссиялари раҳбарлари, БМТ агентликлари ва бошқа  давлатлар вакиллари иштирокида ташкил этилган очиқ брифингда иштирок этди. Иштирокчилар БМТ бўлинмалари ва Марказий Осиё давлатлари, биринчи навбатда, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг ҳозирги даражасини юқори баҳоладилар. БМТ шафеълигида 2022 йилнинг март ва октябрь ойларида мос равишда Тошкент ва Душанбе шаҳарларида ўтказилган халқаро конференциялар натижалари ижобий баҳоланди. Шунингдек, сентябрь ойида бўлиб ўтган ШҲТнинг Самарқанд саммити ва ноябрь ойи бошида Тошкентда бўлиб ўтган ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси ижроия қўмитаси йиғилиши якунлари эътироф этилди. Брифингда Ўзбекистоннинг БМТдаги Муваққат ишлар вакили Нурилла Абдуллаев 2021-2026 йилларда Ўзбекистоннинг экстремизм ва терроризмга қарши курашиш бўйича Миллий стратегиясини комплекс, инклюзив ва изчил ёндошувга асосланган ҳолда фаол ва ҳуқуқни қўллаш чоралари орқали самарали амалга ошириш бўйича маълумот берди. Шунингдек, самарали профилактика чораси сифатида маданиятлараро ва динлараро мулоқотни кучайтириш, хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш, ёшларни бузғунчи мафкуравий таъсирлардан асрашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Йиғилиш иштирокчиларига жорий йилнинг март ойида бўлиб ўтган Тошкент конференцияси натижалари, унинг давомида Марказий Осиёда терроризмга қарши глобал стратегияни амалга ошириш бўйича Қўшма ҳаракатлар режасининг 4-босқичи бошлангани, шунингдек, 2023 йилда БМТ шафеълигида Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг «Маърифат ва диний бағрикенглик» махсус резолюцияси қабул қилинганининг 5 йиллигига бағишланган юқори даражадаги халқаро конференция ўтказиш режалари ҳақида маълумот берилди. Афғонистондаги вазият ва бу давлат яна халқаро террорчилар марказига айланишининг олдини олиш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қайд этилишича, санкциялар сиёсатининг кескинлашуви ва амалдаги афғон ҳукуматининг янада яккаланиши муқаррар равишда мамлакат ичида радикаллашувнинг кучайишига ва унинг террорчилик ташкилотлари базасига айланишига олиб келади. Шунинг муносабати билан,  Афғонистондаги вазиятни ҳал этишнинг самарали механизми сифатида Ўзбекистон Президентининг БМТ шафеълиги ва кўмагида ушбу мамлакат расмийлари билан босқичма-босқич амалга оширишни мувофиқлаштириш учун мулоқот платформаси сифатида юқори даражадаги халқаро музокаралар гуруҳини ташкил этиш ташаббуси тақдим этилди.
© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid