platina.uz
Жамият

Ўзбекистон-Қозоғистон минтақавий бизнес форумида 3 миллиард доллардан ортиқ  келишувлар имзоланди

Ўзбекистон-Қозоғистон минтақавий бизнес форумида 3 миллиард доллардан ортиқ  келишувлар имзоланди
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (ИТСВ) маълумотига кўра,  унда икки мамлакат асосий вазирлик ва идоралари, тармоқ бирлашмалари, Савдо-саноат палаталари, холдинг компаниялари раҳбарлари ҳамда ишбилармон доираларининг 400 нафардан ортиқ вакиллари иштирок этди. Анжуманнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев ва Қозоғистон Бош вазири ўринбосари – Савдо ва интеграция вазири Серик Жумангарин нутқлари тингланди. Делегациялар раҳбарлари мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлаш ижобий динамикага эга эканлигини таъкидлашар экан, бу борада ишбилармон доираларнинг фаол ўзаро ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этаётганини қайд қилдилар. Иштирокчилар эътибори ўзаро товар айирбошлашнинг ўсиш динамикасига қаратилди, сўнгги йилларда бу кўрсаткич икки баравар кўпайиб, 5 миллиард долларга яқинлашди. Бу кўрсаткични 10 миллиард долларга етказиш бўйича тизимли чора-тадбирлар кўрилмоқда, бунинг учун яқин келажакда тегишли ташқи савдо инфратузилмаси яратилади. Инвестиция ҳамкорлиги ва саноат кооперацияси соҳасида ҳам динамик ўсиш кузатилмоқда. Охирги 5 йил ичида мамлакатимизда Қозоғистон капитали иштирокидаги корхоналар сони 5 баробарга кўпайди ва бугунги кунда деярли 1200 тани ташкил этмоқда. Бундан ташқари, айни пайтда умумий қиймати 3 миллиард доллардан ортиқ бўлган 30 дан ортиқ қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ишга солинмаган захира ва имкониятлардан кенг фойдаланиш асосида савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида бир қатор йўналишларда бевосита ҳудудлараро алоқаларни кенгайтириш, иккала мамлакат ҳудудида Ўзбекистон ва Қозоғистон вилоятларининг саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркаларини ўтказиш, автомобилсозлик, электроника ва электротехника, энергетика, фармацевтика, кимё ва тўқимачилик саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш каби соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди. -Халқаро бозорларга маҳсулотларимизни олиб чиқиш мақсадида қиёсий устунликларимиз асосида юқори технологияли корхоналарни ташкил этиш ҳамда саноат кооперациясини ривожлантириш ва юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича саъй-ҳаракатларимизни бирлаштириш алоҳида аҳамият касб этади, – деди Жамшид Ходжаев. -Биз ўзаро манфаатли қўшма лойиҳалар сонини кўпайтириш учун улкан салоҳиятга эгамиз. Мамлакатларимизда бунинг учун зарур бўлган саноат, технологик, меҳнат ресурслари ва табиий бойликлар мавжуд. Ишончим комилки, ўзаро келишиб, ғайрат билан ҳамкорликда иш олиб бориб, биз Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқа оламиз. -Ўзбекистон биз учун Марказий Осиёдаги асосий, ишончли ва истиқболли ҳамкордир, - деди Серик Жумангарин. - Мамлакатлар ўртасида тобора ривожланиб бораётган савдо алоқалари дўстона муносабатларимизнинг ҳаракатлантирувчи кучига айланди. Қозоғистон Марказий Осиё минтақасида ҳамкорликни ривожлантиришга катта аҳамият беради. Форумнинг ўтказилиши минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш ва жаҳон бозорида Марказий Осиё брендларини яратиш муҳимлигининг яна бир исботидир. Форум давомида вазирлик, идоралар, тармоқ бирлашмалари ва вилоят ҳокимликлари раҳбарлари, шунингдек, икки давлат ишбилармон доиралари вакиллари тақдимот ўтказдилар. Уларда ҳамкорлик салоҳияти атрофлича очиб берилди ва ҳамкорликда амалга оширишга мўлжалланган тайёр истиқболли лойиҳалар таклиф этилди. Шунингдек, тадбир давомида бўлиб отган «B2B» ва «G2B» музокаралари чоғида ўзаро ҳамкорликнинг молиявий-техник жиҳатлари ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишда давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмлари муҳокама қилинди. Тадбирлар якунида делегациялар раҳбарлари Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни янада кучайтириш, мустаҳкам ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш, қўшма лойиҳа ва ташаббусларни амалга оширишда тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга содиқликларини билдирдилар. Форум якунлари бўйича Самарқанд ва Туркистон шаҳарлари ўртасида савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисида Битим, қишлоқ хўжалиги соҳасига доир инвестиция лойиҳалари ва савдо шартномаларини мужассам этган алоҳида «Йўл харитаси», шунингдек, Ўзбекистон ва Қозоғистон ишбилармон доиралари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган умумий қиймати 3 миллиард доллардан ортиқ бўлган келишувлар имзоланди.
Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid