platina.uz
Таҳлил

Оиладаги зўравонлик, аёллар ўлими, етим қолган болалар...

Оиладаги зўравонлик, аёллар ўлими, етим қолган болалар...
Бундан чамаси 25 йиллар илгари пойтахтга ўқишга бораман, ўзим яхши кўрган соҳа бўйича таҳсил оламан деганимда, бутун маҳаллада эшитган-билган борки, отамга бу масалада турли эътирозлар билдиришган. “Қиз боланинг ўқиш шартми? Қиз бола ўқиб дунё олиб берадими? Яна қиз болани шаҳарга юбориш яхши эмас, ўзгариб кетади...” мазмунидаги саволлар ва фикрлар билан отамни менинг қароримга қарши чиқаришга кўп уринишган. Тўғри, отам оддий техникумни битириб, бор-йўғи ишчи бўлиб фаолият юритган, онам ҳам. Аммо улар ҳар доим фарзандлари олий маълумотли бўлиб, яхши ишларда ишлаши тарафдори бўлиб келишган ва атрофдагиларнинг гап-сўзларига парво қилишмаган. Ҳатто отам ҳам, онам ҳам қиз бола вақти келиб турмуш қуриб бошқа хонадонга борганда ҳам ўзининг илми, билими ва иши бўлиши кераклиги тарафдори... Ўқиган, жамиятда фаол бўлган аёл эртага фарзандлари тарбиясида ҳам юқори самара кўрсата олишига ишонишган. Шу боис ота-онам 25 йиллар аввал жамиятимизнинг айрим жабҳаларидаги эскича қарашларини синдириб, менинг пойтахтда таълим олиб, олий маълумотли бўлишимни қўллаб-қувватлашган ва мен уларнинг ишончини оқладим. Айни пайтда ҳам жамиятнинг фаол вакили сифатида ишлаяпман, ҳам оила, рўзғор ва фарзандлар тарбиясида замон билан ҳамнафас ҳаракат қиляпман. Аммо аксарият тенгдош дугоналаримнинг оиласида ота-оналарда менинг ота-онамники каби қараши бўлганлар жуда ҳам саноқли эди... ва улар ана шу қарашларига муносиб ҳаёт кечиришмоқда. Энди бу тарихни нега келтирганим сабабини бирма-бир тушунтирсам... Мен сизга юқорида келтирган ҳаётий тарих даврида бугунги каби гендер тенглик деган тушунчалар йўқ эди. Ҳар ким ўз қаричи билан ўлчаб, ўз қарашларидан келиб чиқиб қарор қиларди. Бугунги кунда жамиятимизда оммалашган атамалардан бири эса гендер тенгликдир. Гендер тенгликнинг асл моҳияти айнан мен сизга юқорида келтирган ҳаётий тарихнинг қоғоздаги ифодаси. Яъни жамиятда аёллар фақатгина уй бекаси, фарзанд тарбияси билан шуғулланиб уйда ўтириши керак эмас, балки улар ҳам ҳаётда ўз ўрнини топиши учун жамиятда фаол бўлиши, қизиқишларидан, салоҳиятидан келиб чиқиб қайсидир соҳа бўйича илм олиш, билимли бўлишга бошқалар каби тенг ҳуқуқли бўлишига ҳаққи бор ва бу турли қонуний нормалар, халқаро ҳужжатлар билан кафолатлаб қўйилган. Масалан, сўнгги йилларда мамлакатимизда гендер тенглигини таъминлашга қаратилган 25 та меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат, жумладан 2 та қонун, Президентнинг 20 дан ортиқ фармон ва қарорлари, ҳукумат қарорлари қабул қилинди. Бундан ташқари, давлат гендер сиёсатидаги муҳим қадамлардан яна бири бу 2030 йилгача Ўзбекистон Республикасида гендер тенглигига эришиш стратегияси ишлаб чиқилганидир. Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясининг 69-мақсади ҳам хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлашга қаратилгани ҳам шулар жумласидандир. Бундай стратегия ва мақсадларни ишлаб чиқишдан мақсад жамият ривожига ҳали ҳамон соя солиб турган хотин-қизларнинг фаоллигига бармоқ орасидан қарашни йўқотиш, аҳоли орасида, тўғрироғи оилаларда уларнинг қадрини ошириш, керак бўлса, эркаклар билан тенг ҳуқуқда ўз орзуларига эришишига эшикларни очишдир. Маълумотларда келтирилишича, ушбу ислоҳотлар натижасида 2021 йилда айнан аёллар тадбиркорлиги дастурлари доирасида 200 мингдан зиёд лойиҳаларга 2 триллион сўм кредит ва субсидиялар ажратилиб, 320 минг хотин-қиз доимий иш ўрнига эга бўлган бўлса, 190 минг нафар аёл касб-ҳунарга ўқитилгани таҳсинга сазовор. Шунингдек, 4 мингдан зиёд хотин-қизларга уй-жой тўловининг бошланғич бадалига маблағ ажратиб берилган. Жорий йилда 2 минг нафар қиз алоҳида грант асосида олий таълимга қабул қилинган. Натижада, ўтган йили олий ўқув юртларига кирган талабаларнинг 60 фоизини хотин-қизлар ташкил этган. Бир сўз билан айтганда, бу ислоҳотлар билан қоғозда эмас, амалда гендер тенглик, яъни бу эркак ва аёлларнинг фарқлар инобатга олинганда тенг натижага эришишини таъминлашдир. Аммо бугунги кунда ҳали бу натижага амалда тўлақонли эришиш учун яна неча қовун пишиғи бор? Сабаби юртимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва жамиятда гендер тенгликни таъминлашга давлат, ҳукумат қоғозда имкониятлар яратаётган бўлса-да, оилаларнинг ичида амалда бу муаммо ҳамон ечимини кутмоқда.
Саида Мирзиёева: “Жамиятимизнинг аксарият қисми анъаналарни қонунлардан устун қўяди
Яқинда хотин-қизларга нисбатан зўравонлик мавзусидаги халқаро конференцияда Президент администрацияси ижро этувчи аппаратининг коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шўъба мудири Саида Мирзиёева ҳам мазкур масалада оғриқли муаммони очиқ айтди:
Агар мендан “Сўнгги 7 йил ичида жамоангиз билан қайси муаммони энг кўп муҳокама қилгансиз?”, деб сўрашса, ҳеч иккиланмасдан “Тенгсизлик ва зўравонлик муаммолари”, деган бўлар эдим. Нега бу мавзу биз учун жуда муҳим? Нега ушбу вазиятдан чиқиш йўлини тинимсиз, астойдил қидиряпмиз? Халқаро институтларга мурожаат қилиб, улардан кўмак сўраяпмиз ва тажрибаларини ўрганяпмиз? Лойиҳа кетидан лойиҳа муаммоларини ўрганяпмиз? Лекин барча ҳаракатларига қарамай, бу борада ҳали бирор бир арзигулик ўзгариш бўлгани йўқ назаримда. Гендер тенглик ва ресурслардан баробар фойдаланиш ҳар қандай фаровон жамиятнинг асосидир. Ривожланган мамлакатларга қараб уларнинг ютуқларига ҳавас қиламиз. Биз ҳам цивилизациялашган жамиятга ўхшаш ҳаётни истаймиз. Кўп нарсалар худди ғарбдаги каби бўлишини хоҳлаймиз, қанийди мамлакатимизда ҳам тараққиёт шу даражада бўлса деймиз. Бироқ, афсуски жамиятимизнинг аксарият қисми анъаналарни қонунлардан устун қояди. Бизнинг заиф томонимиз ҳам айнан шундадир.
Ҳақ гап! Акс ҳолда бугун кунда кунора оиладаги аёлларга, хотин-қизларга нисбатан зўравонликлар қулоғимизга чалинмасди. Маълумот учун: 2021 йилнинг ўзида ўзида 39 мингдан ошиқ хотин-қиз зўравонликка учраган. Бу йил вазият қандай? Мазкур масалада бу йилги вазият ҳам аввалгиларидан қолишмайди. Ҳали йиллик ҳисоб маълум эмас-у, аммо ўзимиз эшитган, билган воқеалар ҳали бу борада муаммолар талайгина борлигини кўрсатиши аниқ. Масалан, жорий йилнинг май ойида ижтимоий тармоқларда қайнона келинининг кўкрагига пичоқ санчиб ўлдиргани ҳақидаги видео тарқалди. Бош прокуратура мазкур ҳолат тошкент шаҳрида кузатилгани ва қайнона ва 3 нафар фарзанди бўлган келини билан ўзаро оилавий келишмовчилик сабабли жанжаллашганини маълум қилганди. Воқеа тафсилотига кўра, жанжал давомида қайнона ошхона пичоғи билан келинининг чап кўкрак қисмига пичоқ санчгани ва шифокорлар томонидан кўрсатилган зарур тиббий муолажаларга қарамасдан келин шифохонада вафот этган. Самарқандда ўз жонига қасд қилган келин Яна бир ижтимоий тармоқларда эълон қилинган ҳолатда эса Самарқанд шаҳрининг “Боғбонлар” маҳалласида яшовчи келин ўз жонига қасд қилган. Самарқанд вилоят прокуратураси жорий йилнинг июн ойида содир бўлган воқеа ҳақида Самарқанд шаҳри “Боғбонлар” маҳалласи Янгравот кўчасида яшовчи келин “уксус кислотасидан ўткир заҳарланиш” ташхиси билан шифохонага ётқизилиб, тиббий ёрдам кўрсатилганига қарамасдан жонлантириш бўлимида вафот этганини маълум қилинган. Фарғоналик қайнотанинг келинига нисбатан зўравонлигидан ёқа ушлайсан Икки ой аввал Фарғонада қайнота келинини қасддан ўлдирганлиги ҳақидаги хабарни ўқиган борки, вужуди бир титраган бўлса ажабмас. Негаки воқеа тафсилотига кўра, 64 ёшли қайнота келини билан жанжаллашиб қолиб, аввалига уриб ҳушидан кеткизгани камлик қилгандек, ҳатто бошини танасидан жудо қилган. Бош прокуратура эса мазкур ҳолатни тасдиқлаган. Турмуш ўртоғини қасддан ўлдирган эркакка жиноят иши қўзғатилди Узоққа бормайлик, жорий йилнинг 9 декабр санасида Бош прокуратура тасдиқлаган яна бир ҳолат аёлларга нисбатан зўравонликнинг авж нуқтаси дейиш мумкин. Бош прокуратура Андижон виляотининг Асака туманида оилавий келишмовчилик туфайли эркак турмуш ўртоғини қасддан уриб ўлдирганини маълум қилди. Ачинарли воқеа тафсилотига кўра, эркак хотинини темир обдаста билан уриб ўлдирган. Маълумот учун: Жорий йилнинг cўнгги 7 ойида Бош прокуратура томонидан маълум қилинган ва жиноят иши қўзғатилиб, тергов ишлари бошланган 7 ҳолатда хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик қайд этилган. Тегишли қўмита нега жим? Бундай ҳолатларнинг таг замирида айнан қизларнинг эрта турмушга узатилиши, уларнинг фикрлаши, оқ-қорани фарқлаши учун имконият берилмаслиги, ота-оналарда кўпроқ қиз болани тезроқ турмушга бериб, елкасидан “юк”ни ағдаришга бўлган интилиш ётибди. Ҳатто қиз болани эртароқ турмушга бериш учун “тенги чиқса текин бер” мақолини ўз қарашларига мослаштириб олганлари ҳам йўқ эмас. Шу боис Хотин-қизларга нисбатан зўравонлик мавзусидаги халқаро конференцияда жамиятдаги бу иллат оқибатларига бефарқ бўлмаган жамоатчилик фаоли Барногул Санақулова Хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамовани зўравонликка доир тизимли муаммоларга жим қараб турганликда айблади.
“Бугун қонунларни таҳлил қилсак, уларни зўравоннинг ўзи ёки адвокати ёзгандек. Жазога ҳукм қилинган зўравон қамоқдан 1,5 ёки 3 йилда чиқиб келади. Жуда борса, қандайдир жарималар билан қутулиб кетиши ҳам мумкин ва яна зўравонлик қилишда давом этиши ҳам мумкин. Зўравонликка қарши курашиш бўйича қонунларни мониторинг қилдик, киритиладиган ўзгартишлар бўйича ҳужжат тайёрланди, лекин нега ҳалигача қонун қабул қилинмаяпти? Бир ойда 7 та аёлни ўлдиришяпти, лекин сайтингизда уларнинг бирортаси ҳақида маълумот йўқ. Ҳолбуки, оммавий ахборот воситалари бу ҳақида тўхтамай ёзиляпти. Нега бирортасига қўмита раиси сифатида ўз муносабатингизни билдирмаяпсиз? Фақат расмга тушиш, кўргазмалар ўтказиш каби тадбирлардан ортмаяпсиз?” – деди Барногул Санақулова.
Маълумот учун, БМТ маълумотларига кўра, бугунги кунда аёлларнинг ҳар учинчиси гендер зўравонликка учраб келмоқда. Афсуски, охирги 10 йил давомида бу кўрсатгич ўзгармаяпти. Ачинарлиси, ҳар соатта 5 нафардан ортиқ аёл ёки қиз ўз оила аъзолари зўравонлиги оқибатидан ҳаётдан кўз юмишмоқда. Яна бир мулоҳаза Ижтимоий нуқтаи назардан қаралганда, кўпчилик оилаларда аёл ва эркакларнинг роли тақсимланганда кўпинча эркак оила бошлиғи ва асосий боқувчи, аёл эса парвариш ва ғамхўрлик тимсоли сифатида қаралади. Оиладаги қиз болаларнинг ҳатто орзулари ҳам ҳеч кимни қизиқтирмайди. Ўқиш, ўрганиш, бирор малакага эга бўлиб, келажакда қоқилмаслиги учун интилишлари билан оиладаги катталарнинг иши йўқ. Ахир қизлар эртанги келажак тарбиячилари, улар фарзанд тарбияси учун аввало ўзлари ўз қарашларига, фикрларига эга бўлиши жуда муҳим аслида. Яъни сўнгги вақтларда гендер тенглик деганда кўпинча эркак ва аёлларнинг фақатгина оиладаги ўрнидан келиб чиқиб фикрлайдиган тоифалар мавжудки, бу ўз-ўзида жамиятда ушбу жараённинг жадал татбиқ этилишига соя солаяпти, дейиш мумкин. Сўнгги вақтларда оилаларда учраётган низоларнинг асосида айнан хотин-қизларнинг ўз вақтида орзулари поймол бўлгани, дейлик қайсидир ишнинг бошини тутишига ёки бирон бир йўналишда таҳсил олиб ўз имкониятларини намоён қилишга, ўзини ўзи иқтисодий асосини яратишга бўлган тўсиқлар сабаб. Яъни кўп низолар оила эркакларининг менинг отамга эътироз билдирганлар каби “қиз бола ўқиши шарт эмас” ёки “ишлаб дунё олиб берармидинг”, мазмунидаги даккилар билан қизларимизнинг орзуларига қулоқ тутмасдан, биринчи навбатда турмушга узатишни асосий деб қаралиши оқибати билан боғланиши сир эмас. Кўпинча аксарият оилаларнинг эркаклари хотин-қизлар  томонидан илгари сурилган ташаббус ёки таклифларга аёлларга нисбатан “товуқ мия” деган атама ишлатишади. Уларнинг назарида аёл оилада шунчаки ижрочи. Унинг фикрлашга ҳаққи йўқ. Энг ачинарлиси, хотин-қизларга нисбатан бошида эри бўлса, ўқиб ишлаб нима қилади деган хом тушунча ҳам кўп оилаларда ҳамон етакчи. Ҳатто кўп ҳолларда ишлаш истагидаги аёлларга нисбатан эса эрлари томонидан агар оилани ҳам, ишни ҳам бирдек эпласанг, ишла деган шартларнинг қўйилиши эса хотин-қизларга нисбатан тазйиқнинг бир кўриниши, дейиш мумкин. Аммо оиладаги хотин-қиз ҳам инсон, унинг ҳам орзу қилишга, фикрлари, қарашлари билан жамиятнинг фаол иштирокчиси бўлишга ҳақли. Хўш, бу борада ечимлар нимада кўринади? Муаммонинг ечими нимада? Бу борада Хотин-қизларга нисбатан зўравонлик мавзусидаги халқаро конференцияда Саида Мирзиёева аниқ таклифни билдирди: Янги лавозимга келишим биланоқ аввало, хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид қонунчиликни ўргана бошладим. Барча қонунларимиз тенгликка асосланган. Лекин биз зўравонликка нисбатан жуда сабрлимиз. Менимча эндиликда зўравонликнинг ҳар қандай кўринишдаги аёлларгина эмас, биринчи навбатда давлатнинг ўзи қарши эканлигига урғу беришимиз лозим. Оиладаги зўравонлик фақат бир оиланинг ички иши эмас, бу муаммо, бу масуълият бутун жамиятга тегишлидир аёл ўз дарди билан ёлғиз қолиб кетмаслиги керак. Вояга етмаганлар билан жинсий алоқа қилганлик учун жазо чораларини кучайтириш зарур. Бу борада болалар ва ўсмирларни ҳимоя қилишни аниқ ва қатъий механизмларини ишлаб чиқиш лозим. Оиладаги зўравонликни ростмана жиноят деб баҳолаш вақти келди. Тўғри, эркаклар кучли ва жасур бўлишига шубҳа йўқ, аммо... Биринчи навбатда гендер тенглик бу нафақат аёллар, балки жамиятдаги ҳар бир инсоннинг роли, масъулияти, чекловлари ва имкониятлари тенг ҳуқуқларда тақсимланиши эканлигини тушунтириш. Яъни билим олиш, ишлаш, келажак учун иқтисодий имкониятларга ҳисса қўша олиш, фикрлаш, ташаббус кўрсатиш каби... Хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл, жамиятнинг ҳар бир аъзоси ақли салоҳияти устида ишлаши, билим ва кўникмаларини ошириши ва бунинг натижасида фарзандлари келажаги, уларнинг тарбияси учун ҳам намуна бўла олишини тушунтириш айни муддаодир. Негаки эркаклар кучли, жасур ва тажрибали раҳбар бўлишига шубҳа йўқ, аммо аёллар ҳам ўз ўрнида фақат яхши ижрочи, оила учунгина яратилган, у ўқиш, ишлаш ва боз устига карьера қилиши шарт эмас, деган мақомларга муносиб эмас! хотин-қизлар ҳам орзу қилишга ва унинг рўёби учун интилишга ҳақли! Шу ўринда бир ривоятни келтиришни жоиз топдим: ривоят қилинишича, бир киши ҳакимлардан бирининг ҳузурига келиб: “Ҳазрат, менинг бир ўғлим ва бир қизим бор. Улардан ҳар иккисини ўқитишга қурбим етмайди, фақатгина биттасини ўқитишга имконим бор, қайси бирини ўқитай?” деб сўрабди. Шунда ҳаким зот: “Қизингни ўқит, чунки у келажакда фарзанд тарбия қилади. Агар ўғлингни ўқитсанг, бир кишини ўқитган бўласан, аммо қизингни ўқитсанг, бутун бир жамиятни ўқитган бўласан”, деб жавоб берган экан. Демак, хотин-қизларимизни орзуларига йўл беринг, улар бутун миллат давомчиларидир.
Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid