platina.uz
Жамият

Нидерландия билим ва технологиялари Ўзбекистон мевачилик тармоғига кириб келмоқда

Нидерландия билим ва технологиялари Ўзбекистон мевачилик тармоғига кириб келмоқда
Бу ҳақда хабар бермоқда “Дунё” АА. Мамлакатимизнинг Бенилюкс давлатларидаги элчихонаси “Ўзбекистон мевачилик тармоғи учун смарт ечимларни яратиш” лойиҳаси доирасида Нидерландия компанияларининг консорциум тузиш тўғрисидаги битимни имзолаш маросимида иштирок этди. Айтиш жоизки, “Ўзбекистон мевачилик тармоғи учун смарт ечимларни яратиш” лойиҳаси Нидерландия тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш агентлиги (RVO) билан ушбу мамлакатнинг қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритувчи тўққизта компанияси ўртасида илгари сурилган ташаббусдир. Ундан кўзланган мақсад Ўзбекистоннинг маҳаллий ва экспорт бозорларидаги мева етиштириш ва маркетингини амалга оширишда нидерланд ёндашувларини жорий этишга кўмаклашишдан иборат. Видеоконеференалоқа шаклида ўтган тадбирда Нидерландия тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш агентлиги, Нидерландия ташқи ишлар ва қишлоқ хўжалиги вазирликлари, ушбу мамлакатнинг Остона шаҳридаги элчихонаси, лойиҳада иштирок этаётган нидерланд компаниялари вакиллари, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазирлиги ходимлари, Тошкентдаги Халқаро қишлоқ хўжалиги университети раҳбарияти, бошқа ташкилот ва идоралар вакиллари иштирок этди. Тадбир давомида “Ўзбекистон мевачилик тармоғи учун смарт ечимларни яратиш” лойиҳаси Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясида белгиланган мақсад ва вазифаларга тўла мос келиши ва Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган юқори сифатли мева маҳсулотларини дунё бозорида илгари суришга ўз ҳиссасини қўшиши таъкидланди. Нидерландия тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш агентлигининг халқаро бизнес ва ҳамкорлик бўйича менежери Аннемике Брустерхаузен истиқболдаги шериклик Ўзбекистон ва Нидерландия ҳукуматлари, ишбилармон доиралари, таълим муассасалари ҳамда компаниялари ўртасида мевачилик соҳасида барқарор ва узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилганини таъкидлади. “Лойиҳа иштирокчилари Нидерландия мева етиштирувчилари тармоғининг ёрқин вакиллари бўлиб, улар Ўзбекистонда меваларнинг касалликларга чидамли навларини яратиш, сувни тежайдиган замонавий технологияларни жорий этиш, интенсив боғларни лойиҳалаштириш, теримдан аввал, терим пайтидаги ва теримдан кейинги жараёнларни такомиллаштириш, замонавий қадоқлаш технологияларини жорий этиш каби йўналишларда катта тажрибага эга”, - деди   Аннемике Брустерхаузен. Бундан ташқари, лойиҳа доирасида табиий ресурслардан оқилона фойдаланган ҳолда ҳосилдорликни ошириш, боғдорчиликнинг барқарор ва интеграциялашган тармоқларини яратиш ёндашувларининг кўламини кенгайтириш, мева маҳсулотларининг таъминот занжирларини ривожлантириш борасидаги билимлар алмашинувини йўлга қўйиш йўналишларида ҳамкорлик амалга оширилади. Шунингдек, Ўзбекистоннинг учта минтақасида учта синов даласи яратилиб, барча амалий тадбирлар мана шу далаларда амалга оширилади. Ўзбекистон томонидан лойиҳада Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурида Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази, Миллий марказнинг Республика агрохизматлар маркази, Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги, Тошкентдаги Халқаро қишлоқ хўжалиги университети иштирок этмоқда. Консорциум таркибига Нидерландиянинг қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритадиган Evers International, Fleuren Boomkwekerij, Verbeek Boomkwekerijen, FALL CREEK, Puijk Group, Koppert Biological Systems, VGB Watertechniek, Hol Spraying Systems, Geerlofs, Aweta G&P BV каби компаниялари киритилган бўлиб, улар мева етиштириш жараёнининг бошидан охиригача бўлган босқичларини қамраб олган ва ўз тармоқларида етакчилардан саналади. Лойиҳа уч йилга мўлжалланган бўлиб, амалга оширилиши давомида унга янги компаниялар келиб қўшилиши ва қамраб олинадиган соҳалар кўлами янада кенгайиши кутилмоқда.
Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid