platina.uz
Жамият

Жанубий Корея компаниялари Фарғонадаги лойиҳага 2 млн доллар инвестиция киритади

Жанубий Корея компаниялари Фарғонадаги лойиҳага 2 млн доллар инвестиция киритади
Жанубий Корея - Ўзбекистон ишбилармонлар ассоциацияси ташаббуси билан Корея Республикаси ишбилармон доиралари вакилларидан иборат делегациянинг жорий йил 15-18 декабрь кунлари Фарғона вилоятига ташрифи бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда "Дунё" ахборот агентлиги хабар берди. Ташриф давомида Жанубий Кореянинг етакчи компаниялари вакиллари билан истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича қатор келишувларга эришилди. Хусусан, Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Жанубий Корея-Ўзбекистон ишбилармонлар ассоциацияси раҳбари Эдвард Ким ҳамда «Edulink Global» компанияси президенти Чунгрим Ханни қабул қилди. Учрашувда «Edulink Global» компанияси томонидан Фарғона шаҳрида барпо этишга киришилаётган, инновацион таълим тизимига асосланган ва юқори даражада инглиз тили ўргатишга ихтисослашган замонавий мактабгача таълим муассасаси лойиҳасини амалга ошириш жараёнлари билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди. Муассасани барпо этиш ишлари 2023 йил бошида бошланиши, қурилиш ишлари билан бирга жиҳозлар келтиришга ҳамда мутахассисларни тайёрлашга ҳам киришилиши маълум қилинди. Дастлабки босқичда 400 ўринли бўлиши режалаштирилган ушбу мактабгача таълим ташкилоти келгуси йил октябрь ойига қадар фойдаланишга топширилади. Мазкур лойиҳа «Edulink Global» компанияси томонидан ажратиладиган 2 миллион доллар миқдоридаги инвестицияси ҳисобига амалга оширилади. Шунингдек, Фарғона вилояти ҳокими Хайрулла Бозоровнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва экспортга тайёрлашга ихтисослашган «Uz-Segang» МЧЖ Ўзбекистон-Корея қўшма корхонаси раҳбари Х.Норматов ҳамда корхонанинг кореялик инвесторлари Сан Вон Юн ва Ги Пхён Лим билан учрашуви бўлиб ўтди. Мулоқот чоғида «Uz-Segang» корхонаси фаолиятини янада ривожлантириш, қўшимча хорижий инвестициялар йўналтириш, Фарғона мева-сабзавотларининг жаҳон бозорларига экспорти географиясини ва ҳажмини янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Кореялик инвесторлар ҳамкорлик кўламини янада кенгайтириш йўлида тегишли ишларни олиб боришга тайёрлигини билдирди.
Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid