platina.uz
Жамият

Шавкат Мирзиёев темир йўл соҳасидаги йирик лойиҳалар билан танишди

Шавкат Мирзиёев темир йўл соҳасидаги йирик лойиҳалар билан танишди
Президент Шавкат Мирзиёевга темир йўл соҳасидаги йирик халқаро лойиҳаларнинг амалдаги ҳолати ва келгуси режалар юзасидан ахборот берилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди. Мамлакат учун транспорт йўлакларини диверсификация қилиш, жаҳон бозорларига тез ва эркин чиқиш жуда муҳим. Шу боис давлат раҳбари халқаро анжуманларда бу масалани доим кўтариб, амалий ташаббусларни илгари сурмоқда. Қўшни ва манфаатдор мамлакатлар билан “тил топишиб”, лойиҳалар жадаллаштирилмоқда. Улардан бири 454 километрлик “Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой” темир йўли қурилишидир. Маълумки, жорий йил 14 сентябрда Самарқандда бу лойиҳа бўйича уч томонлама Англашув меморандуми имзоланган эди. Ноябрь ойида Хитойнинг “Биринчи лойиҳа-тадқиқот институти” томонидан дала тадқиқот ишлари олиб борилди. Ҳисобот давомида режадаги ишлар тўғрисида ҳам айтиб ўтилди. Хусусан, Бишкек шаҳрида лойиҳа офиси ташкил этилади. Лойиҳани бошқариш услуби ва тартиби муҳокама қилинади. Халқаро молия ташкилотлари билан музокаралар ўтказилади. Умуман, 1 июнгача лойиҳанинг техник-иқтисодий асосини тайёрлаш режалаштирилган. Соҳадаги яна бир минтақавий лойиҳа “Термиз – Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар” темир йўлидир. Афғонистондаги мураккаб вазиятга қарамай, бу борада ҳам сезиларли силжишлар бор. Хусусан, жорий йил ёзда Афғонистоннинг Мозори-Шариф шаҳридан Покистоннинг Торхам шаҳригача тадқиқот экспедицияси ўтказилди. Қайд этилганидек, лойиҳа доирасида 765 километр темир йўл қурилиши мўлжалланмоқда. Келгуси йили бу бўйича лойиҳа офиси ташкил этиш, халқаро консалтинг компаниясини жалб қилиш, инвесторлар билан музокаралар ўтказиш режалаштирилган. Шулардан келиб чиқиб, лойиҳанинг техник-иқтисодий асоси тайёрланади. Президент Шавкат Мирзиёев бу режаларни маъқуллаб, ҳамкор мамлакатлар билан “йўл хариталари” ишлаб чиқиш бўйича кўрсатмалар берди. Бу икки темир йўлнинг қурилиши Ўзбекистоннинг транспорт коммуникацияларини диверсификация қилиб, логистика имкониятларини каррасига кенгайтиради.
Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid