platina.uz
Таҳлил

Маданият вазирлиги ҳузуридаги палата хусусий телерадиоканаллар даромадидан улуш ундирмоқчи

Маданият вазирлиги ҳузуридаги палата хусусий телерадиоканаллар даромадидан улуш ундирмоқчи
Президентнинг 2020 йил 26 майда “Маданият, санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан Санъаткор, ижодкор ва ижрочиларнинг муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш палатаси ташкил қилинган. Маданият вазирлиги бу палата фаолиятининг дастлабки босқичларида уни қўллаб-қувватлаш учун 1 млрд. сўм ажратган. Палата хонандаларнинг муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиши белгиланган (интеллектуал мулк бўйича Адлия вазирлиги ва қонунчилик яна жим қараб ўтиради). Палата очилишидан асосий мақсад — у ҳамма қўшиқчилар билан шартнома тузиши ва қайси биридан фойдаланса, шунга сумма (фойдадан маълум миқдорда улуш) чиқариб бериши керак. Дейлик, бирор хусусий телеканал эфир вақтининг 11 фоизи мусиқа бўлса, ундан 1 йилда 450 млн. сўм даромад кўрса, шундан 1 фоиз улуш, яъни 4,5 млн. сўм палатага берилиши лозим. Энди телеканалнинг йиллик даромади анча катта маблағ бўлади. Масалан, 20 млрд. сўм дейлик (баъзи каналларда 30 млрд.дан 100 млрд.гача). Унинг бир фоизи 200 млн. сўм бўлади. Хўш, йилига 50 млрд. фойда кўрган телеканалнинг харажатлариям шунга яраша: айтайлик, бир ойда камида 4 млрд. Мисол учун, частота тўловининг ўзи ойига 300 млн. сўм. Пойтахтдаги FM радиоларидан бирида ишлайдиган ходимнинг маълум қилишича, 2 йил олдин кимнингдир ташаббуси билан очиб қўйилган ва шу вақтгача бор-йўқлиги сезилмаган палата хусусий телерадиоканалларни шартнома қилишга ва йиллик даромадининг 1 фоизини ажратишга мажбурлаяпти. Шу ерда бир қатор саволлар пайдо бўлади: палатада хусусий ТВ ва радиолар ишига аралашиш ҳамда улардан йиғим ундириш ваколати борми? Бир пайтлар Савдо-саноат палатаси тадбиркорлардан мажбурий йиғим ундирмоқчи бўлгани эсга тушиб кетди. Палата телерадиоканалларни шартнома тузишга мажбурлаш ва бунда ҳар хил давлат ташкилотлари таъсир кучидан фойдаланиш ниятида экан, унда:
  • нега палата кимлар билан шартнома тузгани рўйхатини тақдим этмаган (балки уларнинг рўйхатидаги санъаткорларнинг мусиқий асарларидан ҳеч қайси телерадиоканал фойдаланмас)?
  • агар пул ундирмоқчи экан, нега умумий даромаднинг эфирдаги мусиқий асарлардан фойдаланиш нисбати олинмаяпти? Дейлик, бир ТВ канал бир йилда 10 млрд. сўм топган, эфирининг 10 фоизи мусиқа, шу 10 фоиз мусиқадан 5 фоизида палата билан шартнома имзолаган муаллифларнинг асаридан фойдаланилган, демак, 1 йиллик тўлов 5 млн. сўм (10 млрд х 10фоиз = 1 млрд х 1фоиз = 10 млн., унинг ярми 5 млн.). Бутун дунёда фойдаланилган хизмат учун тўланади.
  • нега давлат бюджетидан юзлаб миллиард оладиган МТРК каналлари ва ҳар бир тийин учун чумолидай меҳнат қилаётган нодавлат телерадиоканалларга талаб бир хил?
Биз ҳеч кимни ёқлаб, оқламоқчи эмасмиз. Аммо пул ювиш учун очилган ва ҳануз очилаётган жамғармаю палаталарнинг мақсади нима ўзи? Муаллифлик ҳуқуқи бузилса, интеллектуал мулк бўйича қонунчилик бор. 2020 йилгача, яъни палата тузилгунча телеканаллар қўшиқчилар билан шартнома тузиб, келишиб ишлаган. Ҳеч кимнинг ҳуқуқи топталмаган. Майли, палата зўр ишлаган ё ишлаётган бўлса, сўнгги 2 йилликдаги фаолияти очиқлансин. Кўрайлик, кимнинг қанақа ҳуқуқини тиклаган, қанча пул ундирган, олаётган улушлари қаерларга сарфланган? Маданият вазирлиги берган 1 млрд. пул нималарга ишлатилган? Саволлар жуда кўп, жавоб берадиган мард борми? Таҳририятдан: Platina.uz иккинчи томонга ҳам минбар беришга ва муносабат билдирилганда эълон қилишга тайёрлигини маълум қилади.
Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid