Жиззахда 37 нафар боғча тарбияланувчиси заҳарланди
Улар биокефир, пишлоқ ва сариёғ каби маҳсулотлар истеъмол қилишганлиги аниқланган.

Жиззахнинг Фориш туманида ўнлаб болалар заҳарланди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги хабар берди.
2025 йил 9 октябр куни соат 9-00 лардан 16-00 га қадар бўлган вақт давомида Фориш тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлимига қарашли 1, 3, 5 ва 7-сонли давлат мактабгача таълим муассасаларининг 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган 37 нафар тарбияланувчилари иситма кўтарилиши, кўнгил айниши, қорин оғриғи, ич кетиш ва ҳолсизлик каби шикоятлар билан туман тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилишган.
Шифокорлар томонидан ўтказилган эпидемиологик суриштирув давомида мурожаат қилиб келган болалар 2025 йил 8 октябр куни мактабгача таълим муассасаларида биокефир, пишлоқ ва сариёғ каби маҳсулотлар истеъмол қилишганлиги аниқланиб, уларга анамнез ва биринчи текширувлар асосида “ўткир диарея” ташхиси қўйилиб, стационар равишда тиббий ёрдам кўрсатилган.
Аниқланишича, Жиззах вилояти санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармасининг дастлабки хулосасига асосан Фориш тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлимига қарашли 1, 3, 5 ва 7-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотларида оммавий заҳарланиш юзага келишида озиқ-овқат маҳсулотларини ташиш, сақлаш, ишлов бериш жараёнларидаги санитария қоида ва нормаларининг бузилиши ҳолатлари мавжудлиги сабабли инсон организмида ошқозон ичак ҳазм қилиш тизимининг бузилишига олиб келиши мумкинлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Фориш туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 205-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввал Тошкент вилоятида ҳам қарийб 2 минг нафар бола кефирдан заҳарланганди.