platina.uz
Жамият

Тошкентда уй-жой олди-сотдиси сезиларли даражада фаоллашди

Ўзбекистон бўйлаб сентябр ойида 24,2 мингта уй-жой олди-сотди шартномаси расмийлаштирилган бўлиб, бу ўтган йилнинг шу ойига нисбатан 13,7 фоизга кўп. 

Тошкентда уй-жой олди-сотдиси сезиларли даражада фаоллашди

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълумотларига кўра, 2025 йил сентябр ҳолатида Тошкент шаҳрида иккиламчи бозордаги уй нархлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,7 фоизга пасайди. Шунга қарамай, шаҳарда уй-жой олди-сотди фаолияти сезиларли даражада фаоллашган. Бу ҳақда Pinkod хабар берди.

Республика бўйича сентябр ойида 24,2 мингта уй-жой олди-сотди шартномаси расмийлаштирилган бўлиб, бу ўтган йилнинг шу ойига нисбатан 13,7 фоизга кўп. Энг юқори ўсиш Сирдарё (+35,6%), Бухоро (+20,2%) вилоятлари ва Тошкент шаҳрида (+31,2%) қайд этилди.

Йилнинг учинчи чорагида мамлакат миқёсида жами 75,5 мингта кўчмас мулк олди-сотди битими амалга оширилган бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 13,6 фоизга, жорий йилнинг иккинчи чорагига нисбатан эса 11 фоизга кўпдир.

Ҳудудлар кесимида энг катта ўсиш Бухоро вилоятида (+27,3%), Сирдарё вилоятида (+24,9%) ва Тошкент шаҳрида (+19,9%) кузатилди.

Иккиламчи ва бирламчи бозор

Сентябр ойида республика бўйича иккиламчи уй бозори нархлари ўртача 0,6 фоизга ошган, йиллик ҳисобда эса ўтган йилнинг сентябрига нисбатан 4,6 фоизга юқори бўлган. Энг катта нарх ўсиши Сурхондарё (+19%), Сирдарё (+15,8%) ва Жиззах (+14,5%) вилоятларида қайд этилди.

Тошкент шаҳрида эса иккиламчи бозорда сентабр ойида нархлар 0,6 фоизга ошган бўлса-да, ўтган йилга нисбатан 1,7 фоизга камайган. Энг катта пасайиш Яшнобод, Мирзо Улуғбек ва Чилонзор туманларида кузатилиб, ўртача 4,3 фоизни ташкил этди.

Шу билан бирга, бирламчи уй-жой бозорида нархлар ўртача 3 фоизга ошган. Энг юқори ўсиш Миробод, Бектемир ва Яккасарой туманларида қайд этилиб, ўртача 5,8 фоизни ташкил этди.

Ижара бозори

Ижара бозорида эса 2025 йил сентябр ойида Тошкент шаҳрида уй-жой ижарасининг ўртача нархи 1 кв.м учун 8,5 долларни ташкил этган.

Энг юқори ижара нархлари Мирабад, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида қайд этилди. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан пойтахтда ижара нархлари 1,4 фоизга ошган, энг катта ўсиш эса Юнусобод, Олмазор ва Миробод туманларида қайд этилиб, ўртача 4,4 фоизни ташкил этган.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid