Таиландда қиролича вафоти сабаб бир йиллик мотам эълон қилинди
Она қиролича Сирикит 93 ёшида вафот этди. У қирол оиласида катта таъсирга эга шахслардан эди.

Таиландда она қиролича Сирикит 93 ёшида вафот этди. Мамлакатда бир йиллик мотам эълон қилинди.
У 17 октябрдан бери қон инфекциясидан азият чекаётган эди, бироқ тиббий жамоанинг барча саъй-ҳаракатларига қарамай, аҳволи яхшиланмаган.
Қироллик маиший ишлари бюроси маълум қилишича, у Бангкокдаги шифохонада вафот этган.
Сўнгги йилларда соғлиғи ёмонлашгани сабабли у жамоатчилик ҳаётида деярли кўринмаган. Унинг эри — қирол Бҳумибол Адулядеж — 2016 йил октябр ойида вафот этган эди.
Марҳум эри ва ўғлининг соясида қолганига қарамай, Сирикит ўз шахсий обрў-эътиборига эга, халқ томонидан жуда севимли ва таъсирли шахс эди.
Қиролича Сирикитни давлатнинг ижтимоий ёрдамга муҳтож қисмини қўллаб-қувватлаб, анъаналарга амал қилинишида аҳамияти катта эди.
Унинг портретлари бутун Таиланд бўйлаб уйлар, идоралар ва жамоат жойларида осилган, 12 август — унинг туғилган куни эса Таиландда “Оналар куни” сифатида нишонланади. Унинг фаолияти камбағал камбоджалик қочқинларга ёрдам беришдан тортиб, мамлакатнинг ўрмонларини вайрон бўлишдан сақлаб қолишгача бўлган соҳаларни қамраб олган.
Аммо Таиландда сўнгги ўн йилликлардаги сиёсий беқарорлик даврида монархиянинг жамиятдаги роли тобора кўпроқ танқид остига олиниши билан, қироличанинг ўзи ҳам диққат марказида бўлди.
Сирикит Китиякара 1932 йил 12 августда Бангкокда бой, зодагон оилада туғилган. Ўша йили мутлақ монархия ўрнига конституциявий тизим жорий этилган эди. Унинг ота-онасининг ҳар иккаласи ҳам ҳозирги Чакри сулоласининг аввалги қироллари билан қариндош бўлган.
16 ёшида Парижда, мусиқа ва тилларни ўрганаётган пайтида, Таиланднинг яқиндагина тахтга чиққан қиролини учратган.
Улар 1950 йилда турмуш қурди, ва ўша йилги тож кийдириш маросимида иккаласи ҳам “Сиам (Таиланд) халқи манфаат ва бахти учун адолат билан ҳукмронлик қилишга” қасамёд қилишди.
Уларнинг тўрт фарзанди бор: ҳозирги қирол Маҳа Важиралонгкорн ҳамда маликалар Уболратана, Сириндҳорн ва Чулабҳорн.