Ногиронликни белгилашда янги тартиблар жорий этилади

1 октябрдан ихтисослаштирилган (психиатрия, фтизиатрия ва пульмонология, педиатрия) тиббий-ижтимоий экспертиза комиссияси томонидан ногиронликни белгилаш бекор қилинади. 

Жамият
17 июль, 10:07
Ногиронликни белгилашда янги тартиблар жорий этилади

Ўзбекистонда ногиронликни белгилаш тартибига ўзгартиришлар киритилмоқда. 

“Ногиронликни белгилаш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Қарори (ПҚ-257-сон, 16.07.2024 й.) қабул қилинди.

Қарорга кўра, Ногиронликни белгилашнинг қуйидаги тартиби жорий этилади:

2024 йил 1 сентябрдан Тошкент шаҳри ва Навоий вилоятининг туман (шаҳар)ларида босқичма-босқич эксперимент тариқасида, 2025 йил 1 сентябргача республиканинг қолган ҳудудларида:

-фуқароларга ногиронликни белгилаш бўйича ЯИДХП (my.gov.uz), “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ёки ижтимоий ходимлар орқали оилавий шифокорларга мурожаат қилиш имконияти яратилади;

-тиббий-ижтимоий экспертиза комиссияси (ТИЭК) кўриги учун фуқароларнинг тиббий ҳужжатларини йўллаш оилавий шифокорлар томонидан электрон тарзда амалга оширилади;

- “Инсон” марказлари ходимлари томонидан 18 ёш ва ундан катта шахсларнинг функционаллигини баҳолаш тартиби жорий этилади. Бунда баҳолаш натижалари 2025 йил 1 сентябргача ногиронликни белгилаш учун асос ҳисобланмайди;

- шахс соғлиғининг ҳолатига кўра “Инсон” марказларига бориш имконига эга бўлмаганда соғлиғининг ҳолати ва функционалликни баҳолаш шахснинг уйида ёки даволанишда бўлган стационарда ўтказилади;

-2024 йил 1 октябрдан ихтисослаштирилган (психиатрия, фтизиатрия ва пульмонология, педиатрия) ТИЭКлар томонидан ногиронликни белгилаш тартиби бекор қилиниб, ногиронлик туманлараро ва туман (шаҳар) ТИЭКлар томонидан белгиланади.

2025 йил 1 апрелдан:

-фуқароларни ТИЭК кўригига йўллаш учун лозим бўлган амалдаги даволаниш муддатлари бўйича талаб бекор қилинади ҳамда ҳар бир касалликнинг кечиши ва туридан келиб чиқиб алоҳида белгиланади;

-ТИЭК томонидан касбга, спортга ва таълимга тавсия бериш тартиби бекор қилинади;

-ТИЭКнинг вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасининг муддатини узайтириш ҳамда махсус жиҳозланган транспорт воситасини бошқариш лаёқатини белгилашга оид функциялари давлат тиббиёт муассасаларига ўтказилиши орқали тугатилади;

-18 ёшдан катта шахсларга ногиронликни белгилашда ногиронликнинг муддати, сабаби, тиббий реабилитация тадбирлари, шунингдек, протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситаларига муҳтожлигига оид маълумотлар “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизимида шакллантирилади.

2025 йил 1 сентябрдан туманлараро ва туман (шаҳар) ТИЭКлар томонидан фақат тиббий ҳужжатларга асосан ногиронликни белгилаш тартиби бекор қилиниб, ногиронликни шахс соғлиғининг ҳолати ва функционалликни баҳолаш натижаларидан келиб чиқиб электрон тарзда белгилаш тартиби йўлга қўйилади. 

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+