Мирзо Улуғбек туманининг "оғир" ҳудудида қатор ишлар амалга оширилди

Қиш мавсумида аҳолига электроэнергия ва газ таъминотини барқарор етказиш учун 11 км узунликдаги янги электр тармоғи тортилди.

Жамият
5 декабрь 2023 йил
Мирзо Улуғбек туманининг "оғир" ҳудудида қатор ишлар амалга оширилди

Президент топшириғига асосан жойларда “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” мезонларини жорий этиш бўйича кенг кўламли амалий ишларга киришилган.

Жумладан, икки ярим ой аввал Президент Администрацияси, Халқ қабулхоналари, вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликлар вакилларидан тузилган Республика ишчи гуруҳи томонидан ўтказилган ўрганишларда Тошкент шаҳрининг 5 та туманида ижтимоий ҳолати “оғир” маҳаллалар танлаб олиниб, ободонлаштириш ишлари бошлаб юборилганди.

Натижа ўлароқ Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганининг 31 йиллиги байрами арафасида ана шундай маҳаллардан бири Тошкент вилоятининг Қибрай туманидан пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманига қўшилган “Ижодкор” маҳалласида қурилиш-таъмирлаш ишлари ўз якунига етказилди.

Маҳалладаги байрам тадбири эрта тонгдан бошланди. Унда Миллий Гвардия Қўмондонлиги томонидан ташкил этилган кўргазмали ва ҳарбий чиқишлар, ҳарбий оркестр, Миллий гвардия отлиқ ҳарбийлари, “Ватанпарвар” ташкилоти, Фавқулодда вазиятлар бошқармаси махсус техникалари намойиш этилди.

Шу куни “Ижодкор” маҳалласида қатор янги иншоотлар ишга туширилди. Қариялар учун дам олиш маскани, болалар ва катталар учун ворк-аутлар, спорт ва футбол майдончалари шулар жумласидан.

Умуман олганда, ўтган икки ярим ой мобайнида маҳалла инфратузилмасини яхшилаш ва аҳолига муносиб турмуш тарзини яратиш мақсадида ҳудудда ички йўлларнинг 3 км асфальт қилинди, 5 км шағалллаштирилди. Шунингдек, 4,3 км йўлга бетон ётқизилиб, пиёдалар йўлаги барпо этилди.

Қиш мавсумида аҳолига электроэнергия ва газ таъминотини барқарор етказиш учун 11 км узунликдаги янги электр тармоғи тортилди, 2 та янги трансформатор ўрнатилиб, 1 таси таъмирланди, 43 та симёғочлар темир бетон устунларга алмаштирилди ва  30 та кўча  ёритиш мосламалари ўрнатилди. Бундан ташқари, 2 та газ тақсимлаш пункти таъмирланиб, 1 таси янги ўрнатилди, 1 км узунликда янги табиий газ тармоғи тортилди, 4 км газ тармоғи таъмирланди.

Бир неча ой аввал маҳалла аҳолиси ёмғирли ва қорли кунларни эслашса, кўнглига ғулғула тушар эди. Нимага деганда, уйларининг том қисми таъмир талаб аҳволга келиб қолган эди. Энди эса бу муаммолар ҳам ортда қолди. 11 та кўп қаватли уйларнинг том қисми капитал таъмирланди, 14 тасининг фасад қисми, 13 тасининг кириш йўлаклари ва 31 та подъезд ойналари янгиларига алмаштирилди.

Маҳаллада 24 та уй-жойи таъмирга муҳтож, ўта оғир турмуш шароитида яшаётган фуқароларнинг турар жойлари реконтруция қилинди, капитал таъмирлаб берилди. 12 та хонадонга эса кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилди.

Шу билан бирга байрам тадбирлари давомида “Яшил макон” лойиҳаси дориасида меҳмонлар ва маҳалла аҳолиси томонидан уйларнинг ён-атрофига мевали ва манзарали кўчатлар ҳам экилди.

Ана шундай тадбирлар республиканинг барча ҳудудларида давом этмоқда.   

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+