Uzcard раҳбарияти 21 млрд сўм мукофот пули олди
2025 йил январ–сентябр ойларида компания ходимларига жами 155,51 миллиард сўм сарфланган.

Uzcard эълон қилган 2025 йил январ–сентябр ойларига оид аудитланган молиявий ҳисоботига кўра, компания ушбу даврда ходимларга жами 155,51 миллиард сўм сарфлаган. Бу маблағнинг 101,08 миллиард сўми ойлик маошларга, 46,81 миллиард сўми эса мукофот ва бонусларга тўғри келган, дея хабар берди Pinkod нашри.
Асосий бошқарув — бош директор, унинг ўринбосари ва кузатув кенгаши аъзолари (жами 10 киши) учун 21,02 миллиард сўм миқдорида мукофот тўланган. Компаниянинг кузатув кенгашига қуйидаги шахслар киради:
- Акилов Акбар Анварович — Кузатув кенгаши раиси;
- Юсупов Азиз Азаматович — Кузатув кенгаши аъзоси;
- Акбаров Камрон Анварович — Кузатув кенгаши аъзоси;
- Садиков Улуғбек Захирович — Кузатув кенгаши аъзоси;
- Турсунбаэв Жасур Равшанбек ўғли — Кузатув кенгаши аъзоси.
Акилов Акбар Анварович 2024 йилдан бери компанияни бошқариб келаётган UCMG МЧЖда 25 фоизлик улушга эга. Компаниянинг қолган 75 фоиз қисми эса IMC-Capital МЧЖ хорижий компаниясига тегишли. IMC-Capital ўз навбатида бошқа бир хорижий Berill Holding Company Limited компаниясига қарашли бўлиб, ушбу компания директори сифатида Азиз Юсупов кўрсатилган.
2024 йил 31 декабр ҳолатида UZCARD акциядорларининг улуши қуйидагича бўлган:
- IMC-Capital МЧЖ — 75%;
- Камрон Анварович Акбаров — 25%.
Аммо ҳозирда давлат реестрида компания акциядорлари рўйхати ёпиб қўйилган.
2024 йил июл ойидан компаниянинг ижро органи ваколатлари UCMG МЧЖга топширилган. Жорий йилнинг январ–сентябр ойларида бошқарув компаниясига хизматлар учун 42,16 миллиард сўм (ойига ўртача 4,68 миллиард сўм) тўланган. Бу маблағлар профессионал хизматлар ва офис харажатлари сифатида ҳисобга олинган.
Uzcard харажатларининг катта қисми реклама ва мижозларни жалб қилишга йўналтирилган бўлиб, ушбу қисм бўйича сарф-харажат 123,98 миллиард сўмни ташкил этган. Шунингдек, асосий воситаларнинг эскириш харажатлари 55,09 миллиард сўмга етган.
Компания 2019 йил 3 мартдан IT-Park резиденти ҳисобланади. Ушбу мақом доирасида Uzcard солиқ ва божхона имтиёзларидан фойдаланмоқда. Ҳисоботда қайд этилишича, IT-PArk’га ажратмалар 27,08 миллиард сўм, солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар эса 22,12 миллиард сўмни ташкил этган.
Шунингдек, Uzcard боғлиқ шахсларга бозор ставкаларидан пастроқ шартларда қарзлар ажратгани қайд этилган. 2025 йил 30 сентябр ҳолатига кўра, ушбу операциялар бўйича компания 13,41 миллиард сўм миқдорида дастлабки тан олинган зарарларни ҳисобга олган.