Ачиб кетган Қўйлиқ бозори. 1-қисм (видео)
Platina.uz Қўйлиқ савдо мажмуасида бўлиб, қўлбола тайёрланган озиқ-овқатлар, салқин ичимликлар сифати бўйича ҳамкор ташкилотлар билан суриштирув ўтказди.
“Қўйлиқ деҳқон бозори”. Жуда кўпчиликка маълум ушбу савдо мажмуаси асосан озиқ-овқат ва мева-сабзавот маҳсулотлари савдоси учун мўлжалланган. “Бизнинг суриштирув” лойиҳаси бугун айни шу савдо мажмуасида бўлиб, қўлбола тайёрланган озиқ-овқатлар, салқин ичимликлар сифати бўйича ҳамкор ташкилотлар билан суриштирув ўтказди.
Бозорнинг чап тараф дарвозасидан киришингиз биланоқ сотилаётган хасипдан таралаётган “муаттар ифор” димоғингизга урилади. СЭС ходимларининг бир неча бор огоҳлантиришига қарамасдан, яна ушбу маҳсулот савдоси давом этмоқда. Бозор масъулларининг ҳам бунга бепарво эканлиги оғриқли жиҳатлардан биридир.
Ушбу маҳсулот ўша заҳоти савдодан олиниб, ўрнатилган тартибда йўқ қилинди.
Мутахассис фикрига кўра: даврий тиббий кўрик гувоҳномасига эга бўлмаган сотувчини савдога қўйиш умуман мумкин эмас. Бироқ “Қўйлиқ деҳон бозори” ҳудудида бундай сотувчилар бир эмас, юзлаб топилади.
На махсус устбош, на тиббий кўрик гувоҳномасига эга бўлган сотувчилар маҳсулотни бозорнинг серқатнов қисмида пишириб, очиқ ҳолатда истеъмолчиларга сотмоқда. Такрор ва такрор огоҳлантириш берилишига қарамасдан, яна шундай чиркин ҳолатда, белгиланган талабларга риоя қилмасдан фаолият юритаётган қўштирноқ ичидаги тадбиркорларни жарима тортиб, қатъий чора кўрилиши керак аслида.
Тасвирга олиш жараёнида гувоҳ бўлган яна бир ҳолат юзасидан истеъмолчиларга эслатиб ўтмоқчимиз: ёзнинг иссиқ палласида, умуман кун ҳарорати юқори бўлган мавсумда тухум ва тухум маҳсулотлари махсус совутгичларда сақланиши керак. Сабаби белгиланган ҳароратдан юқори иссиқлик бу сингари маҳсулотларнинг тез айниб қолишига сабаб бўлади.
Ундан ташқари, куннинг жазирама пайтида бозорнинг кириш қисмида савдоси йўлга қўйилган колбаса маҳсулотларининг нархи ҳайратланарли даражада арзон. Қизиқ, унинг таркиби нимадан иборат?
Бозорнинг ичкарироқ қисмида сотилаётган мавсумий мева маҳсулотларини назорат қилганимизда бу ерда ҳам бирорта сотувчида махсус устбош кўрганимиз йўқ.
Суриштирувимиз чоғида ўзидаги мавжуд камчиликларни ёпиш учун тирикчиликни рўкач қилганлар ҳам топилди.
"Қўйлиқ деҳқон бозори"даги баъзи бир сотувчи аёлларнинг қўпол муомаласини кўрган ҳар қандай истеъмолчи маҳсулот харид қилишга бироз чўчиб қолади.
Бундан ташқари суриштирувимиз чоғида аниқланган айрон ва бошқа шунга ўхшаш бир қанча маҳсулотлар савдосига ўша жойнинг ўзида чек қўйилди.
Шу ўринда яна бир эслатма: бундай сифатсиз ва қўлбола тайёрланган озиқ-овқат маҳсулотлари савдога чиқарилмаслигига биз истеъмолчилар ҳам масъулмиз. Агар истеъмолчи сифатида озиқ-овқат маҳсулотларининг сифат талаби ҳақида сотувчиларга ҳуқуқимизни билдириб қўйсак, бундай ҳолатлар олди олинади. Акс ҳолда ана шундай сифатсиз ва қўлбола озиқ-овқат маҳсулотлари ортидан ўзимизга ўзимиз турли хасталикларни ҳам қўшиб “сотиб олишимиз” шубҳасиз. Кейин топган пулимизни дори-дармонга сарфлаб ёзғириб юришимизга тўғри келиши ҳеч гапмас.
Аббос Имомов