Россиядаги рейдлар – ҳушёр тортишимиз учун қўнғироқ
Ўзбекистонда ишсизлик даражаси 8,9 фоизга тенг. Лекин ўртача 1 миллион ишга лаёқатли ва оилаларининг асосий боқувчилари Ўзбекистонга қайтса, қандай коллапс юз беришини тасаввур қилиб бўлмайди.
Охирги пайтларда ижтимоий тармоқларда Россияда меҳнат қилаётган марказий осиёлик, хусусан, ўзбекистонлик мигрантларга нисбатан полиция ва бошқа ҳокимият вакилларининг муносабати ёмон тарафга ўзгарганини кўрсатувчи маълумотлар кўп учрамоқда. Айниқса полиция вакилларининг қонунга зид ва инсон шаънини таҳқирловчи хатти-ҳаракатлари акс этган видеоматериаллар кўп учрайдиган бўлиб қолди.
Бир видеода бир тўда полициячиларнинг айни жума намози пайтида кир этиклари билан келиб, ҳаммани ерга ётқизиб, рус бўлмаган намозхонларни хўрлаб, ҳақорат қилгани акс этади. Яна бир видеода эса полициячилар бир жойга йиғилган мигрантларни тепкилаб ураётганини кўриш мумкин. Москва вилояти муфтийси, Россия муфтийлар кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Рушан Аббясов ҳам бу қонунсизликларни расман тан олди ва Россия ҳукуматини бу “бошбошдоқлик”ка жиддий эътибор қаратишга чақирди. Аммо Россия ҳукумати ҳамон жим. Бирор расмий муносабат берилмаяпти. Ҳукумат ўзини гўё ҳеч нарса бўлмагандек тутяпти.
Муаммонинг илдизлари
Аслини олганда, миллатчилик ва шовинизм Россиядаги титул халқ учун янгилик эмас. Миллатчилик, ўзга миллатларга нисбатан нафрат русларга хос тарихий “қадрият” ҳисобланади. Токи Пётр биринчи давригача турли босқинчи халқлар ва империялар қўлида ўйинчоқ бўлган русларда ўзга халқларга нисбатан нафрат ирсий даражада, миллий ўзлик, тарихий хотира сифатида сингиб кетган. Аммо қизиғи шундаки, барча қўрқоқларга хос бўлгани каби, руслар бошқадан еган калтагининг аламини бошқа ожиз халқлардан олишни яхши кўрашади. Айтайлик, император фармонлари ёки маҳаллий бой азоб берса, аламини яҳудийлардан олишган. Ароқни бўкиб ичиб олган рус мужиклари бечора яҳудийларнинг жипс яшаш жойларига уюштирган “погром”лари, яъни босқинлари мунтазам характерга эга бўлган. Бундай погромлар вақтида руслар яҳудийларни эрмакка ўлдиришган, ҳатто болалар ва кексаларни ҳам аяб ўтиришмаган, яҳудий қизларни хўрлаб зўрлашган. Яҳудийларнинг мол-мулкларини бемалол олиб чиқиб кетишган.
Бундай миллатчилик асосидаги қирғинларга Россия ҳукумати панжара орасидан қараган. Жиноятчилар жазога тортилмаган. Ҳатто яҳудийларни империя ҳудудидан ҳайдаб юбориш ҳақида фармонлар чиқарилган. Энг биринчи шундай фармон 1727 йилда император хоним Екатерина I томонидан имзолаган. «Украина ва бошқа Россия ҳудудларидаги барча яҳудийлар, эркагию аёллари, Россиядан четга ҳайдаб юборилсин, кейинчалик уларни ҳеч қандай тарзда Россияга киришларига йўл қўйилмасин», — дейилади ушбу фармонда. Қизиғи шундаки, яҳудийлар ҳеч бир тарзда русларга қарши фаолият юритишмаган. Шунчаки рус эмаслиги уларнинг айби бўлган.
Ҳозирда ҳам Россияда иккита – рус ва рус эмас (нерусский) миллат мавжуд. Путин ҳокимияти даврида ҳам унинг ўзи ҳамда амалдор шотирлари ҳам миллатчилик мавзусидан сиёсий “очко” сифатида тез-тез фойдаланиб туришади. Айниқса, сайлов олдидан бирор рус бўлмаган миллат вакилини жиноят устида ушлаб, бутун мамлакатда ҳар куни ОАВда 5 мартадан намойиш қилиш Путин Россияси сиёсий технологияларига хос услуб ҳисобланади.
Россия ҳукумати тепасидаги корчалонларнинг аксарияти бир пайтлар рус миллатчилари, неофашист тўдаларининг аъзоси бўлганини қайд этиш жоиз. Ҳатто демократ Алексей Навальний ҳам шундай миллатчиларга хайрхоҳлигини яширмайди.
Ёки масалан, истеъфодаги рус сиёсатчиси ва давлат арбоби, “Роскосмос” давлат корпорациясининг собиқ бош директори (2018-2022), Россия Федерацияси ҳукумати раисининг собиқ ўринбосари (2011-2018) Дмитрий Рогозин ҳам шундай тўдаларнинг ғояларини қўллаб-қувватлаган. У “Рус жамиятлари конгресси” миллатчилик ташкилотини қайта тиклашга бош-қош бўлган.
Шунингдек, Рогозиннинг 2007 йилда рус фашист-миллатчилари йиғинида “Россия ва Москва русларники” деб, рус эмасларни Москвага киритмасликка тарғиб этиб нутқ сўзлагани, “зиг” билан салом бергани акс этган видео ҳам интернетда мавжуд.
Россиядаги ЛДПР деган партия ва унинг раҳбари Владимир Жириновскийни-ку, билмаган одам бўлмаса керак. Унинг мусулмонлар ва бошқа миллатлар ҳақидаги нафратомуз ва ҳақоратли чиқишлари ҳаммага маълум. Тўғри, шунча гаплардан кейин ҳам у Ўзбекистонга келса иззат-икром билан кутиб олганмиз. Қуллик ирсияти қон-қонимизга сингиб кетган дейишса, хафа бўламиз тағин. Айрим таҳлилчиларнинг фикрича, у Путин ҳукуматининг норасмий рупори бўлган. “Одобли ва дипломат” Путин айта олмаган гаплар Жириновский оғзидан айтилган.
Россия Украинага уруш очганида уни нацистлардан тозалайман деганди. Аммо Россиянинг ўзи амалий равишда энг катта неонацистлар маркази ҳисобланади. Узоққа бормайлик, Россияда яшаб, йирик неофашистлар тармоғини ташкил этган маразлардан бири ўзимизнинг қоракўз – Алишер Муҳитдинов бўлади. Совет дипломати Нуритдин Муҳитдиновнинг набираси Россия ОАВ пропагандаси таъсирида эсидан оғиб, ўзини рус ва славян ҳисоблай бошлайди. Ҳатто исмини Александр Славрос қўйиб олади. Бутун дунёдаги славян ва рус бўлмаган миллатларга қарши глобал уруш эълон қилиб, махсус форум ташкил этиб, издошларини “қоралар ва муслик (мусулмонлар)ни” ўлдиришга тарғиб этади. Унинг издошлари одам ўлдиришни бошлагач ушбу халқаро медиа “оғзига тушганди”. Алишер 2010 йилда Москвада Манежная майдонида мигрантларга қарши уюштирилган намойишда бир қанча ўзбекларнинг жабр кўрганидан хурсанд бўлган, “бу энг яхши воқеа бўлди” деб фикрини қолдирган.
Ёки яна бир мисол. Германиядаги обрўли нашр “Дойче вилле”нинг хабар қилишича, 2012 йилда Россияда давлатга қарашли ДОСААФ ҳарбий ўқув марказлари қошида ташкил этилган "Партизан" тактик ва отиш марказларида Германиядан келувчи неонацист ва неофашист миллатчи немис ёшлари мунтазам равишда ҳарбий тайёргарликдан ўтишган. Бу марказ ҳамон фаолият юритаётгани ҳақида хабарлар бор. Жумладан, Россия Украинага бостириб киргач, ана шундай тайёгарликдан ўтган германиялик неофашист аскарлар рус армияси томонида туриб украин аёллари ва болаларини шафқатсизларча ўлдираётгани маълум қилинмоқда. Таҳлилчи Александр Верховскийнинг тахминича, улар асосан ўзини “ЛНР” деб атавчи Россия ҳарбий тузилмасининг сеператист аскарлари таркибида украинларга қарши уришмоқда.
Юқорида келтирилган фактлардан ҳам кўриш мумкинки, ҳозирги пайтда Россияда рус бўлмаганларга қарши янги зўравонликлар кучайгани тарихий-тадрижий жараённинг давоми ҳамда сиёсий технологиялар режасига яна бир тадбири холос.
Ҳаммаси нимадан бошланган эди?
Бироқ охирги миллатчилик ҳаракатлари бошқачароқ характерга эга. Бу “тўполонлар”нинг биринчиси Комсомолск-Амур шаҳридаги давлат университетида полиция ўтказган рейд билан бошланди. 19 май куни 100 нафар тожик талаба полиция томонидан ҳеч бир сабабсиз қўлга олиниб калтакланди. Ҳеч қандай изоҳ берилмади. Тожикистон ҳукумати бу борада изоҳ сўраб нота киритди. Россиянинг Тожикистондаги элчиси суҳбатга чақирилди. Бироқ фақат куч билан гаплашилса қулоқ соладиган Россия ҳукумати бунга парво қилмади. Тожикларни менсимади. На дипломатик каналлар, на ОАВда бу масала юзасидан реакция кўрсатилди.
Ҳатто давлатга қарам Россия ОАВлари бу рейдларда тожикларнинг ўзини айблаб чиқишди. Эмишки, улар бу баёнотлари билан халқлар ўртасидаги дўстлик ва давлатларо алоқалар ривожига рахна солмоқда. Кейин эса Россиянинг бошқа шаҳарларида ҳам бундай рейдлар ва оммавий депортация қилиш ҳолатлари кўпайди. Айниқса, тожикистонлик мигрантлар ва масжидлар рейдларнинг асосий нишонига айланмоқда.
Сабаблари борми?
Назаримизда, энг биринчи сабаб – “олабўжи ясаш” амалиёти билан боғлиқ. Россия ҳукуматининг ўзини сақлаб қолиш услубларидан яна бири, ижтимоий ва иқтисодиётни расво қилишгани ошкор бўлиб қолишганида, дарров айбни мигрантларга ағдариш ҳисобланади. Яъни халқ учун ташқи душман топиб берилади. Бу гўё рус халқини жипслаштиради. Халқни ҳукуматнинг ўғирлиги, нўноқлиги боис келиб чиққан сиёсий-иқтисодий муаммолардан чалғитади. “Ҳамма муаммоларга мана шу келгиндилар айбдор, улар бўлмаганда иш жойлари кўп бўларди, яхшироқ яшардинглар” деган мужда берилади. Бирорта мигрант кўчани белгиланмаган жойдан кесиб ўтса ҳам, “мана ҳамма жиноятни мигрантлар” қиляпти, деб жар солинади. Ёлғон яшиқдан иборат пропаганда машинаси ишга тушади. Давлат ресурслари жалб этилади. Барча ёмон жиноятлар фақат мигрантлар томонидан амалга ошириляпти, деган фикр сингдирилади. Содда халқ ҳам бу информацион тузоққа лаққа тушади. Аламини келгиндилардан олади. Натижада, кўчаларда хорижликларга ҳужумлар, уларни ҳақорат қилиш, дўкон ва идораларда уларга хизмат кўрсатишни рад этиш ҳолатлари кўпаяди. Ҳукумат шу йўл билан аҳолини асосий ва ўткир муаммолардан чалғитади.
Иккинчи эҳтимолий сабаби эса Россия элитасидаги келишмовчиликлар билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Россиядаги юрист, мигрантлар бўйича эксперт Зарнигор Омониллаеванинг айтишича, ҳақиқатан ҳам ҳозирда мигрантларга муносабат ёмонлашган. Депортация, яъни Россиядан чиқариб юбориш ҳолатлари кўпайган. Айрим ҳолатларда мигрантларнинг ўзи айбдор – ҳақиқатан ҳам ҳужжатларини расмийлаштиришда хатога йўл қўйилган. Экспертнинг тахмин қилишича, бу рейдлар ёки ҳукумат амри билан, ёки ҳукумат обрўсига путур етказиш учун провокация сифатида уюштирилмоқда. Евгений Пригожиннинг якунига етмай қолган ҳарбий юриши ва Путиннинг бундан қўрқиб қочиб кетгани, Суриядаги суннийларни шафқатсиз қиргани боис “генерал Армагеддон” номини олган собиқ қўмондон Сергей Суровикиннинг қамоққа олингани, умуман, Россия сиёсий ва ҳарбий элитасида бўлиниш ва келишмовчиликлар кучайгани инобатга олинса, Омониллаеваниннг бу тахминида жон бор дейиш мумкин.
Учинчи бир тахмин ҳам борки, бу усул Россия ҳукуматининг севимли фокусларидан ҳисобланади. Агар бирор давлат, айниқса Марказий Осиё давлатлари Россия ҳукумати чизиб берган чизиқдан четланса, дарров мигрантларнинг таноби тортиб қўйилади. Шу йўл билан Марказий Осиёдаги давлатлар аҳолисининг мигрантлар жўнатаётган пулга қарамлиги, ишсизликни, яъники сиёсий беқарорликка олиб келиши мумкин бўлган муаммоли “аждаҳо”ни айнан Россия билвосита жиловлаб тургани эслатиб қўйилади. Яъники огоҳлантирилади ёки ўзига хос тарзда ўч олинади, десак ҳам бўлади.
Одатда Россия манфаатига хизмат қилувчи ЕОИИ ташкилотига Ўзбекистон ва Тожикистонни киришга даъват қилишар ва рад жавобини олишгач, мигрантлар сиқувга олинарди. Ҳатто рейдлар бошланганидан 1 ой ўтиб, Россия томони Тожикистонга яна шу таклифни берди. Бироқ талабалар ишидан жаҳлланиб турган Имомали Раҳмон бу таклифга “Тожикистон ЕОИИ га кириш масаласини ҳали кўриб чиқмайди” деб кескин жавоб берди. Эҳтимол аввалига эслатишган бўлса, эндиги рейдлар жазолаш учун ўтказилаётган бўлиши ҳам мумкин.
Қолаверса, Украина масаласида россия Марказий Осиё давлатларидан кўпроқ ҳамкорлик истайди. Бироқ сиёсий майдонда яккамохов бўлиб қолган Россия билан ҳамкорлик ҳозир ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин. Шу боис рус ҳукумати шу йўл билан минтақа давлатларига ўзига хос “сигнал” йўллаётган бўлиши ҳам мумкин.
Тўртинчи, назаримизда ҳақиқатга энг яқин тахминлардан бири – Россия армияси сафларига янги қурбонлар топишга уриниши билан боғлиқ. Қисман ҳарбий сафарбарлик эълон қилингач, бу адолатсиз урушда қатнашишни истамаган 1 миллионга яқин Россия фуқароси хорижга қочиб чиқиб кетди. Кейин эса “Вагнер” ХҲТ қўли билан қамоқхоналардаги маҳбуслар урушга жалб этилди. Уларга урушдан кейин авф этиш ва хорижликларга Россия фуқаролиги ҳам ваъда қилинди.
Бироқ Украинадаги урушда Россия аскарлари пашшадек қирила бошлагач, мигрантлар орасида ҳам урушга тарғибот кучайди.
Ўзбек, қирғиз, тожик тилларидаги эълон ва тарғибот материаллари кўчалар, автобус, метро, аэропорт, миграция бўлимларини эгаллади. Айрим мигрантлар пул учун, айримлар фуқаролик умидида бу тарғибот қурбони бўлгани бор гап. Ҳозиргача 300 га яқин Марказий Осиёлик фуқаролар урушда ҳалок бўлгани ҳақида маълумотлар учрайди. Аммо реал рақамлар бундан 10 баравар кўп бўлиши мумкин.
Энг ёмони, урушнинг моҳиятини тушуниб қолган мигрантларнинг урушга бориб ўлиб кетишга хоҳиши пасайгач, уларни турли туҳматлар билан қаматиш йўлига ўтишди. Яъни турли ўғирлик ёки ўйлаб топилган жиноятларда қалбаки далиллар ёки қийнаш йўли билан олинган иқрорлар воситасида бир амаллаб мигрантни қамоққа тиқишса бас. Наркотик ташлаб қўйиш ҳолатлари ҳам кўпайгани айтилмоқда. Кейин эса қамоқдан озод бўлиш, бироз пул ишлаб олиш ва Россия фуқаролигини олишнинг ягона йўли сифатида Украинадаги урушга бориш таклиф этилади. Қисқа қилиб айтганда, айни пайтда мигрантларга қарши рейдларнинг кўпайганини урушга кўпроқ одам жалб этиш билан ҳам изоҳлаш мумкин.
Ўзимизда нима дейишмоқда?
Ҳозирча Ўзбекистон давлат идоралари ва расмий ОАВ Россиядаги ушбу рейдлар ва камситишларга расман муносабат билдирмади. Шу боис миграция соҳасига мутасадди ташкилотлардан бири – Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг бу масаладаги позицияси билан қизиқдик. Агентлик матбуот котиби Ортиқхўжа Норовнинг маълум қилишича, бундай рейдлар бугун пайдо бўлиб қолмаган ва янгилик эмас. Россияда ноқонуний юрган меҳнат мигрантларини текшириш, уларга қарши маъмурий чоралар кўриш, хусусан, жаримага тортиш ёки мамлакатдан чиқариб юбориш доимий амалга ошириб келинади. Бу ҳолатни қандайдир сиёсий масалаларга боғлаш ноўрин. Ўз ўрнида фуқаролари кўпчиликни ташкил этадиган давлатлар, шу жумладан, Ўзбекистон ҳам ўз фуқароларини Россияда ноқонуний яшаши ёки ишлашига рухсат беришни сўрамайди. Айрим ҳолатларда қандайдир этник, диний ёки бошқа масалаларда низоли вазиятларнинг юз бериши, ўйлашимча, оммавий харакатерга эга эмас, деди матбуот котиби.
Лекин шундай бўлса-да, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россияда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари билан доимий алоқа ўрнатишга, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ҳаракат қилиб келмоқда. Шу мақсадда Россиянинг йирик ва ўзбекистонлик мигрантлар кўпчиликни ташкил этадиган шаҳарларида вакиллар доимий фаолият олиб боради. Вакиллар янги иш берувчилар билан ҳамкорлик ўрнатиш, вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг иш ҳақларини ундириб бериш, қийин аҳволда қолганларни вақтинча ҳостелларга жойлаштириш, бир марталик моддий ёрдам бериш ёки Ватанга қайтариш билан шуғулланади.
Тан олишга мажбурмиз, хорижда вақтинча меҳнат фаолияти юритаётган ватандошларимизнинг Ўзбекистон иқтисодиётига қўшаётган ҳиссаси улкан. Улар 2000 йилларда Ўзбекистонга ҳар йили 6 млрд. доллар атрофида пул жўнатишган бўлса, охирги йилларда бу рақам 9-14 млрд. долларни ташкил этмоқда. Бутун Ўзбекистонни қийратиб, бутун мамлакат аҳолисини ишга солиб, вояга етмаган болаларни ўқишдан қолдириб, мажбурий меҳнат билан етиштирилган пахтадан олинган даромад ҳам ҳеч қачон 900 млн. доллардан ошмаган. Бу пулни мигрантларимиз 1 ойда жўнатишади!
Афсуски, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бу борада ёрдам бера олмаслигини билдирди. Уларнинг айтишича, агентлик фуқароларни Ўзбекистонда иш билан таъминлашга ваколатли эмас. Россиядан депорт бўлиб келган фуқароларимизни бошқа давлатларга ишга жўнатиш борасида агентликдан “нажот” кутиб бўлмайди. Ортиқхўжа Норовнинг айтишича, фуқаролар хорижга фақат иш берувчи талабларидан келиб чиқиб ишга жўнатилади, яъни тил билиш даражаси, малакаси, ёши, соғлиғи каби талабларга қанчалик жавоб бериши инобатга олинади. Хорижий иш берувчилар танловлари очиқ ташкил этилади, уларда хоҳлаган талабгор иштирок этиши мумкин. Россиядан ҳайдалганлик статуси хорижга ишга кетиш учун енгиллик бермайди.
Айни пайтдаги статистик маълумотларга қараганда, Ўзбекистонда ишсизлик даражаси 8,9 фоизга тенг. Лекин ўртача 1 миллион ишга лаёқатли ва оилаларининг асосий боқувчилари Ўзбекистонга қайтса, қандай коллапс юз беришини тасаввур қилиб бўлмайди. Россиядаги рейдлар эса бизни яна бир бор ҳушёр торттириши керак. Ўзбек фақат ўзга юртларда мардикор ва қул эмас, ўз ватани учун қайғурадиган, ўз қобилияти ва кучини ватани учун сарфлайдиган миллатга айланиши лозим.