Навбатдаги рейд пойтахтнинг 3 та йирик бозорида бўлиб ўтди (видео)
Навбатдаги суриштирувимизга муҳрланган ҳолатларни ҳам ортиқча изоҳларсиз эътиборингизга ҳавола қиляпмиз, вазиятга ўзингиз баҳо беринг.
Бу йилги ёз мавсуми давомида Platina.uz жамоаси пойтахт кўчаларида сотилаётган озиқ-овқат маҳсулотларидан тортиб, турли чанқоқбосди ичимликларнинг санитар ҳолат и ва қонуний савдоси борасида тегишли мутасаддилар ҳамроҳлигида назорат тадбирларини олиб бормоқда.
Навбатдаги суриштирувимизга муҳрланган ҳолатларни ҳам ортиқча изоҳларсиз эътиборингизга ҳавола қиляпмиз, вазиятга ўзингиз баҳо беринг. Дастлабки манзил ЧБСК (Чилонзор буюм савдо комплекси) олдида жойлашган ер ости йўли ва унинг ён-атрофи бўлди.
Халқ тили билан айтганда "Ипподром тунели" ва унинг юқори қисми савдогарлар томонидан тўсиб қўйилган. Буни Тошкент шаҳар Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси Чилонзор туман бўлими мутахассиси Абдусалом Сатторов ҳам тасвирга олиш жараёнида айтиб ўтди.
Мутахассис томонидан санитар талабларга риоя қилиш ва қонуний фаолият олиб бориш борасида бир қанча савдо хизмат кўрсатувчиларга тушунча берилди. Гарчи бу фаолият олиб бораётганлар ҳам тадбиркорлик даъвосига эга бўлса-да, аммо санитар ҳолатга умуман жавоб бермасдан, йўл ёқасида пирожки пишириб истеъмолчиларга сотаётган ҳолатларга кўз юмиб бўлмайди. Ахир гап инсон саломатлиги ҳақида кетяпти, бунинг учун эса бирламчи долзарб масала бу озиқ-овқат хавфсизлигидир. Бу масаланинг илк ечими озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмолчига санитария-гигиена талабларига риоя қилган ҳолда таклиф этишдир.
Ҳамкор ташкилотлар билан ўтказилган рейд тадбирларимиз давомида аниқланган камчиликлар борасида берган саволларимизга камера қаршисида жавоб бера олмаган тадбиркор ўша заҳоти бу жараёнга чек қўйди. Рейд жараёнлари бошланганини эшитган баъзи бир сомсапазлар эса тандирда пишган сомсалар бир четда қолиб, чиркин ва ёғ босган сомса солиб сотиладиган тахта саватни хонадон ичкарисига олиб кириб кетди. “Қўрқоқ олдин мушт кўтаради” деганларидек сотувчилардан бири суриштирувимиз чоғида “сомсага келган харидорман” деб ҳатто алдашга ҳам уринди. Аммо танг вазиятга қолгач, ҳақиқатни тан олишдан бошқа чора қолмади. Ёлғони фош бўлди.
Масаланинг энг ачинарли яна бир жиҳати юқоридаги сингари савдо фаолиятини олиб бораётган фуқароларнинг ўзларига юклатилган мажбуриятлардан умуман хабардор эмаслигидир. Ёки хабардор бўлишса ҳам ўзларини бундан бехабардек тутишлари энг оғриқли жиҳат саналади. Аммо биз ижодий гуруҳ ва ҳамкор ташкилотлар билан бу манзилда дастлабки суриштирувни амалга оширганимиз боис сотувчиларнинг аксарига яна бир зарурий тавсиялар бериш билангина кифояландик, холос.
Туман ҳокимлигига савдо фаолиятини олиб бориш мақсадида мурожаат қилиш кераклигини таъкидлар эканмиз, сотувчи аёлларнинг шу ва шу каби бошқа масалаларда ҳам туман ҳокимлигига нисбатан эътирозли акс-садосидан “Чилонзор туман ҳокимлиги масъуллари қаерга қараяпти?” деган савол юзага чиқиши табиий.
Кейинги манзилимиз пойтахт ҳудудига ёндош Тошкент вилоятининг Зангиота туманига қарашли “Бек барака” савдо комплекси атрофида бўлди. Бу ерда ҳам одатий камчиликлар: тиббий кўрикдан ўтганлик ҳақидаги гувоҳнома, махсус уст-бош ва шунга ўхшаш қатор муаммоларга гувоҳ бўлдик.
Узоқ баҳс ва тушунтиришлардан кейин 1 ҳафта муддат ичида бу жараёнлар белгиланган талаблар асосида йўлга қўйилиши борасида масъуллар амалий ёрдамга тайёр эканлигини айтишди.
Шу ўринда масъулларга бир мурожаат: мазкур лойиҳанинг бир эмас, бир нечта сонида истеъмолчиларга тақдим этилди. Ҳамкор ташкилотлар билан ўтказилаётган рейдларда санитария-гигиена талабларига риоя қилинмаган ҳолда таклиф этилаётган егуликлар фош этилаётган бўлса-да, бу ҳолатларга на маҳаллий ҳокимликлар, на бозор маъмуриятлари, на савдони амалга ошираётганларнинг бош бўғинлари ва яна шу каби масъул ташкилотлар эътибор қаратмаяпти. Кўп ҳолларда улар бу тадбиркорлик ва биз бунга аралашолмаймиз дея, ўзини четга олмоқда. Аммо муаммо озиқ-овқат хавфсизлигига дахлдор. Бу борада даромад топишдан кўра, аҳоли саломатлиги биринчи ўринда долзарб бўлиши керак. Вазият шу қадар аянчлики, бизнингча, назорат органларининг тадбиркорлар, айниқса озиқ-овқат маҳсулотлари билан фаолияти олиб бораётганлар устидан назорат олиб борилиши ва ёки улар фаолиятига аралашиш чекловларини қайта кўриб чиқиш керак.
Ахир озиқ-овқат хавфсизлиги нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда сиёсат даражасига кўтарилиб, инсонлар саломатлиги учун барча оёққа турган бир пайтда, бизнинг масъулларнинг “дунёни сув босса ўрдакка не ғам” қабилидаги муносабати тарози палласини тенг босмайди.
Биргина Санэпидем қўмитанинг талаби билан муаммо ечим топадиганга ўхшамайди. Ёки бу борада айнан шу ташкилотнинг ваколатини, керак бўлса, хавфсизлик чоралари кўрилмаган ҳолатда тадбиркорга нисбатан тегишли чора кўриш имкониятларини кенгайтириш лозим. Акс ҳолда озиқ-овқат хавфсизлигига қарши курашиш сиёсатимиз бошқа айрим соҳалардаги каби қоғозларда қолиб кетаверади.
Яна бир гап: тадбиркор, тадбиркор деб барча имтиёз ва шароитлар яратилган бир пайтда фаолиятини рейдимиз давомида камера объективларига муҳрлангани каби нафси учун ташкил этиб, халқ саломатлигига панжа орасидан қарайдиганларнинг бундай ёндашуви тузлиққа тупуришдек гап. Ёинки халққа хиёнатдан бошқа нарса эмас, бизнингча. Сиз нима дейсиз?
Аббос Имомов