500 мингга яқин алоҳида ноёб ҳужжатлар қаерда сақланмоқда? (видео)
Халқаро архивлар кенгаши конференциясининг қарори билан архив ходимлари 9 июнь санасини касб байрами сифатида нишонлаб келишади.
Халқаро архивлар кенгаши конференциясининг қарори билан архив ходимлари 9 июнь санасини касб байрами сифатида нишонлаб келишади.
Ўзбекистон Миллий архиви бугунгача бир неча номлар билан аталган. Илк бор 1958 йилнинг 20 ноябрида “ЎзССРда архив ишини ривожлантириш тўғрисида”ги қарорнинг ижроси асосида ягона Марказий давлат архиви ташкил этилган. У Октябр инқилоби Марказий давлат архиви ва тарихий давр Марказий давлат архивининг бирлаштирилиши натижасида пайдо бўлган.
Шундан сўнг Ўзбекистон мустақилликка эришиши натижасида 1991 йилдан Марказий Давлат архиви Ўзбекистон Республикаси Марказий Давлат архиви номи билан юритила бошлади.
Ниҳоят, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 сентябрдаги "Ўзбекистон Республикасида архив иши ва иш юритишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонига асосан Ўзбекистон Республикаси Марказий Давлат архивига "Ўзбекистон Миллий архиви" мақоми берилди.
Ўзбекистон Миллий архиви (ЎзМА) Режалаштириш ва илмий методик ишлар бўлими бошлиғи Мавлуда ШОРАҲБАРОВАнинг маълум қилишича, ушбу манзилда 3 та давр ҳужжатлари сақланади:
- Тарихий давр ҳужжатлари – IX асрдан 1917 йилгача;
- Совет даври ҳужжатлари – 1918-1991 йиллар;
- Мустақиллик даври ҳужжатлари – 1991 йил сентябрдан то ҳозирги кунгача бўлган ҳужжатларни ўз ичида қамраб олади.
“Ҳозирги кунга келиб, сақлов бирлиги 1700 мингдан ортиқ ҳужжатларимиз бор. Шундан 500 мингга яқини алоҳида ноёб ҳужжатлар” дейди Мавлуда Шораҳбарова.
Шунингдек, архив ходимларининг айтишларича, аввал фойдаланувчиларга ЎзМАдаги ҳужжатларнинг асл нусхалари берилган. Бу эса ноёб ҳужжатларнинг сифатига таъсир қилиши шубҳасиз. Ҳозирда ҳужжатлар рақамлаштирилиб, электрон ҳолга келтириш ишлари йўлга қўйилган. Фойдаланувчиларга ҳужжатларнинг электрон кўриниши тақдим этилмоқда.
Ўзбекистон Миллий архиви Давлат ҳисоби ва илмий ахборот аппарати бўлими мудири Азиз ЖЎРАЕВнинг қайд этишича, ҳозирда асосан, тарихий ҳужжатларни рақамлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Бу асл нусхадаги ҳужжатларни тўлақонли сақлаб, кейинги авлодга ҳам етказиб бериш учун сабаб бўлади.
ЎзМАда энг қадимги, “ёши улуғ” ҳужжатлар қаторида Амир Темур вақф қилган ерларининг ҳужжатлари, Хива хони Абдулғозий Муҳаммад Амирхонни мансабга тайинлаш ёрлиқлари ва пайғамбаримиз Муҳаммад(с.а.в)нинг тариқат пирларининг шажаралари каби архив ҳужжатлар ҳам ўрин олган.
Одинахон Деҳқонова